Ўзбекистон “Тинчлик кенгаши”нинг таъсисчиларидан бирига айланди
Жамият
−
22 Январь 4483 2 дақиқа
Бугун, 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Швейцариянинг Давос шаҳрида “Тинчлик кенгаши” низомини имзолаш маросимида иштирок этди ва бу орқали Ўзбекистон уни таъсис этган давлатлардан бирига айланди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп раислигида ўтган тадбирда Аргентина, Арманистон, Баҳрайн, Болгария, Индонезия, Иордания, Марокаш, Мўғулистон, Озарбайжон, Парагвай, Покистон, Қатар, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Туркия, Венгрия ва бошқа давлатлар раҳбарлари, Бош вазирлари ва Ташқи ишлар вазирлари ҳам қатнашган.

“Тинчлик кенгашининг ташкил этилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг тинчликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари ва кўп қиррали ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифаларига мосдир. Янги тузилма БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан қўллаб-қувватланган Ғазо секторидаги можарони тугатиш бўйича комплекс режани амалга ошириш доирасида шакллантирилмоқда”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, “Тинчлик кенгаши” можаронинг кескинлашув хавфини камайтириш, Ғазо секторида иқтисодий ва ижтимоий тикланиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган. Бу фаровон иқтисодиёт ва тинч-осойишта ҳаётга эга Янги Ғазони барпо этиш, истиқболда Фаластин давлатини тузиш имкониятини вужудга келтирмоқда.

Кенгаш таркибидан жаҳоннинг турли мамлакатларидан нуфузли ва таъсирга эга етакчилар ўрин олган. Кенгаш низомини имзолаб, Ўзбекистон уни таъсис этган давлатлардан бирига айланди.

“Бу мамлакатимизнинг кенгаш фаолиятида изчил иштирок этишга ҳамда барча таъсисчи давлатлар ва халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда унинг ваколатларини ҳаётга татбиқ этишда амалий ҳисса қўшишга тайёрлигини англатади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп ўз ташаббуси билан тузилган “Тинчлик кенгаши” низомини имзолагани ҳақида хабар берилган эди.