Ўзбекистонда “антиквар” автомобиллар учун алоҳида рақам берилади
Жамият
−
03 Октябрь 6615 2 дақиқа
Ўзбекистонда “антиквар” автомобиллар учун алоҳида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига йўл ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қарор лойиҳасида сўз боради.
Унга кўра, йўлларда ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигини ишончли таъминлаш ҳамда ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсад қилинган.
Қарор лойиҳасига мувофиқ 2026 йил 1 январдан бошлаб:
- очиқ конларда (карьерларда) ишловчи ўзи ағдарувчи юк автомобиллари давлат рўйхатидан ўтказилади;
- умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ бўлган “N3” ва “O4” тоифадаги юк ташувчи ва махсус транспорт воситалари ҳамда очиқ конларда (карьер) ишловчи ўзи ағдарувчи юк автомобиллари, шунингдек, “антиквар” автомобиллар учун алоҳида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади;
- ишлаб чиқарилганлигига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш, уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади ҳамда улар давлат рўйхатидан чиқарилади (“антиквар” автомототранспорт воситалари бундан мустасно).
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспорт вазирлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда ҳар йили март ойида “Энг намунали йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланган ҳудуд” кўрик-танловини ўтказиши белгиланмоқда.
Ушбу қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси жорий йилнинг 26 сентябрь куни бошланган ва 11 октябргача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу қарор лойиҳаси асосида 2026 йилнинг 1 январидан бошлаб ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси