Ўзбекистоннинг ЖЧдаги эҳтимолий рақиби ўзгармайдиган бўлди
Спорт
−
15:19 3225 2 дақиқа
Нигерия футбол федерациясининг (НФФ) Конго терма жамоаси устидан берган шикояти FIFA Интизом қўмитаси томонидан рад этилди. Бу ҳақда ESPN хабар берди.
Манбага кўра, FIFA Нигериянинг 2025 йил ноябрь ойида ўтказилган Африка минтақаси Жаҳон чемпионати плей-офф баҳсларида Конго Демократик Республикаси томонидан майдонга туширилган айрим футболчиларнинг ҳуқуқий мақоми юзасидан билдирган эътирозини рад этган.
“Биз FIFA Интизом қўмитасининг қарорини олдик, бироқ ундан қониқмадик. НФФ дарҳол ушбу қарор устидан шикоят қилиш жараёнини бошлади”, дейди федерация бош котиби Муҳаммад Сануси.
Энди мазкур иш Лозаннадаги Спорт арбитраж судига (CAS) юборилиши кутилмоқда. Бироқ апелляция жорий йилнинг 26 март куни бошланадиган қитъалараро плей-офф босқичига қадар кўриб чиқиладими ёки йўқ, ҳозирча номаълум.
2025 йилнинг 16 ноябрь куни Работда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати плей-офф учрашувда Конго Нигерияни пенальтилар сериясида 4:3 ҳисобида мағлуб этганди. Асосий ва қўшимча вақтда ҳисоб 1:1 бўлиб қолган. Ушбу натижа эвазига Конго қитъалараро плей-офф босқичига йўл олган.
Шунингдек, Нигерия Камерун билан бирга, Конго сафида ўйнаган бир қатор футболчилар халқаро мақомини нотўғри ўзгартирганини даъво қилган. Уларнинг фикрича, бу футболчилар Конго қонунчилигига зид равишда иккинчи фуқароликдан воз кечмаган.
Бироқ FIFA қоидаларига кўра, футболчи ўзи ҳимоя қилаётган давлатнинг амалдаги паспортига эга бўлса, унинг ўйнашига рухсат берилади. Шу асосда баҳсли футболчиларга аввалдан рухсат берилган.
Шунга қарамай, НФФ FIFA қарорида хатолик бор деб ҳисобламоқда ва масалани CAS орқали ҳал қилишга уринмоқда.
Маълумот учун, Конго Демократик Республикаси қитъалараро плей-офф босқичида Янги Каледония ва Ямайка жамоалари ўртасидаги баҳс ғолибига қарши майдонга тушади. Ушбу учрашув ғолиби 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бирга “К” гуруҳидан жой олади.