Вэнс бола-чақаси билан Озарбайжон ва Арманистонга борди. Муддао не? (видео)

Олам

image

Қўшма Штатлар яна Жанубий Кавказга қайтмоқда ва бу сафар оддий дипломатик имо-ишора билан эмас, балки вице-президент даражасида. АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс рафиқаси Уша Вэнс ва 3 боласи билан Жанубий Кавказга, хусусан Арманистон ва Озарбайжонга сафарини амалга оширмоқда. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида доимий равишда хабар улашиб боряпти.

Арманистонга ташриф буюрган биринчи амалдаги АҚШ вице-президентига айланган Вэнснинг пойтахт Ереванга ташрифи 9 ва 10 февраль кунларини қамраб олган. У ташрифнинг биринчи куни кечқурун Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашув ўтказган. 

Музокараларда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо секторидаги вазиятни тартибга солиш бўйича “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи йиғилишида иштирок этиш таклифини қабул қилган.

“Мен Арманистоннинг АҚШ маъмуриятининг тинчлик ташаббусларини, жумладан, “Тинчлик кенгаши” фаолиятини қўллаб-қувватлаш ниятини яна бир бор тасдиқладим. Шуни таъкидлашни истардимки, мен 19 февраль куни “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун Президент Трампдан таклифнома олдим ва уни мамнуният билан қабул қилдим”, деган Пашинян матбуотга берган баёнотида.

Вице-президент эса Арманистонга 11 миллион доллар (9,2 миллион евро) қийматидаги Америка дрон технологиясини сотишини эълон қилган. Унга кўра, “АҚШ нафақат Арманистонга тинчлик олиб келмоқда, балки биргаликда Арманистон ва Қўшма Штатлар учун ҳақиқий фаровонлик яратмоқда”.

Шунингдек, томонлар ўртасида “Арманистон Республикаси ҳукумати ва Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ўртасида ядро энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш бўйича ҳамкорлик шартномаси бўйича музокараларнинг якунланиши тўғрисида қўшма баёнот” имзоланган. Пашиняннинг сўзларига кўра, “Арманистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги чуқурлашиб бораётган энергетика ҳамкорлигида янги боб очади”.

Пашинян бу ташрифни “чинакам тарихий” деб атаб, Дональд Трампнинг Арманистон-Озарбайжон тинчлик жараёнида воситачилик қилгани учун Нобель тинчлик мукофотига “ҳақли равишда” эга бўлишига “катта умид” билдирганини айтган.

Вэнс Озарбайжонни Нахчиван анклави билан боғлайдиган жанубий Арманистон орқали ўтадиган 43 километрлик йўлак – Халқаро тинчлик ва фаровонлик учун Трамп йўналиши лойиҳасини илгари сурмоқда.

Йўналиш Марказий Осиё ва Каспий ҳавзасини Россия ва Эронни четлаб ўтиб, Европа билан боғлаш ва АҚШнинг минтақадаги тижорат манфаатларини мустаҳкамлаш учун мўлжалланган. Янги савдо йўлаги лойиҳаси Америка инвестицияларини рағбатлантириш ва АҚШ бозорига “муҳим минераллар ва ноёб ер элементлари” киришини таъминлашга қаратилган.

Вашингтон бу лойиҳани Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўнлаб йиллар давом этган можаронинг тинч йўл билан якунланганидан кейин ишончни мустаҳкамлаш чораси сифатида кўради.

Кейин АҚШ вице-президенти Еревандан Бакуга йўл олган. Унинг Озарбайжонга ташрифи 10-11 февраль кунлари бўлиб ўтади. Бугун, 10 февраль куни тушдан сўнг Озарбайжонда Вэнсни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтган. Республика Президенти Илҳом Алиев Қўшма Штатлари вице-президенти Жеймс Девид Вэнс билан тор доирада ўтказган учрашувдан сўнг “Озарбайжон Республикаси ҳукумати ва Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ўртасида Стратегик шериклик хартияси”ни имзолаш маросими бўлиб ўтган.

“Биз Трамп-Вэнс маъмуриятига Озарбайжонга нисбатан жуда ижобий муносабати учун миннатдормиз. Бугунги Стратегик шериклик хартиясини имзолаш маросими самимий меҳнат натижасидир”, деган Байден администрацияси билан кўп зиддиятга борган Алиев.

Қолаверса, Озарбайжон раҳбари АҚШни – “дунёдаги энг қудратли давлат”, дея эътироф этиб, Қўшма Штатлар билан стратегик шериклик Озарбайжон учун катта шараф эканини билдирган.

“Дунёдаги энг қудратли давлат – Америка Қўшма Штатлари билан стратегик шериклигимизни қуриш биз учун катта шарафдир. Олти ой олдин Вашингтонда Президент Трамп билан бўлиб ўтган тарихий учрашув ва ушбу хартияни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳнинг ташкил этилиши икки томонлама ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратди”, деган у.

Вэнс ҳам ўз навбатида Қўшма Штатлар ва Озарбайжон узоқ вақтдан бери муҳим стратегик шерикликка эга эканини урғулаган ва Озарбайжон АҚШни дастаклаган ҳолда Афғонистондан чиқиб кетган охирги давлатлардан бири эканлигини айтган.

“Балки кўп одамлар билмаслиги мумкин, аммо Озарбайжон Афғонистондан чиқиб кетган охирги давлатлардан бири эди. Биз қийин шароитларда операцияларни амалга оширдик ва ўша пайтда обрўйимизни сақлаб қолишга муваффақ бўлдик”, деган у.

Сўнгра, Озарбайжон Республикаси ҳукумати ва Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги хартия матни эълон қилинган.

Ҳужжат томонларнинг ўзаро суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитликка содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди ҳамда сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.

Хартияда минтақавий боғлиқликни ривожлантириш, хусусан, Трансхазар транспорт йўлаги (Ўрта йўлак) доирасида энергетика, савдо ва транзит инфратузилмасини кучайтириш устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Томонлар Озарбайжоннинг асосий ҳудуди билан Нахчиван ўртасида узлуксиз алоқани таъминлашга хизмат қилувчи “Халқаро тинчлик ва фаровонлик учун Трамп маршрути” лойиҳасининг аҳамиятини эътироф этган.

Ҳужжатда АҚШ Озарбайжоннинг глобал иқтисодиётга интеграциясини кучайтириш ва Каспий минтақасида энергетика, савдо, маълумотлар ва логистика маркази сифатидаги ролини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирган.

Шунингдек, томонлар энергетика хавфсизлиги, нефть-газ ва электр энергетикаси, фуқаровий ядро ҳамкорлиги, муҳим минераллар транзити бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ниятида эканини маълум қилган. Томонлар камида йилига бир марта учрашиб, келишувлар ижросини муҳокама қилиб бориш бўйича якдил фикрга келган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Озарбайжон Илҳом Алиев Баку Никол Пашинян Арманистон Каспий Жанубий Кавказ Жей Ди Вэнс 11 миллион доллар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг