Янги Тошкентда 60 дан ортиқ давлат идоралари учун маъмурий бинолар қурилади

Жамият

image

Бугун, 30 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекциясига ташриф буюриб, ҳудудда амалга оширилаётган ва истиқболдаги йирик қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Тақдимот давомида ҳудудда 60 дан ортиқ давлат идоралари учун маъмурий бинолар қурилиши айтилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, мазкур шаҳар қурилишига 2023 йилда тамал тоши қўйилган. Лойиҳа учун Юқори ва Ўрта Чирчиқ туманларидан жами 19 минг 700 гектар ер майдони ажратилган. Концепция Британиянинг “Cross Works” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Айни пайтда бу ерда 100 дан зиёд катта-кичик лойиҳалар жадал олиб борилмоқда. Ҳар бир ташаббус халқаро меъёрлар ва замонавий шаҳарсозлик тенденцияларига асосланади.

Ҳозирга келиб, дастлабки иншоотлар маҳобати кўрина бошлаган. Якунига етаётган 2025 йилда янги шаҳарда олиб борилаётган қурилиш майдонлари 3 миллион квадрат метрга етган.

Бир қанча уй-жой массивлари қурилиши якуний босқичга кирган. Инфратузилма объектларида ишлар жадал бормоқда. Биринчи босқичда 6 минг гектар ҳудудда қурилиш ишлари бажарилади. Натижада 600 минг аҳоли учун замонавий инфратузилма барпо этилиши белгиланган. Лойиҳа тўлиқ якунланганда эса Янги Тошкент 2 миллион нафар одам яшайдиган улкан мегаполисга айланади.

Бундай кўламдаги қурилиш узоқ муддатли ва барқарор инфратузилмани талаб қилади. Ҳозирги пайтда ҳудудда йирик ер ости муҳандислик тармоқлари қурилмоқда. Бир ва икки секцияли коллекторлар ётқизилиб, иссиқлик, сув, электр энергияси ва телекоммуникация каби барча тармоқларнинг ер остидан ўтказилиши таъминланмоқда.

Транспорт қатновини енгиллаштириш мақсадида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Туннель ва ер ости автотураргоҳларининг барпо этилиши шаҳарнинг келажакдаги ҳаракатланиш тизими учун муҳим экани қайд этилган.

Ҳудудда ўн километрлик соҳил боғи ташкил этилган. Бир миллион туп бута ва кўчатлар экилган.

Давлат раҳбари томонидан шаҳарсозликда “яшил” тамойиллар муҳим ўрин тутиши лозимлиги айтилган. Бунда метро ва электробуслар ҳаракатини мувофиқлаштириш, пиёда ва велосипедчилар учун хавфсиз, тўсиқсиз йўлаклар барпо этилиши бўйича масъулларга қўшимча топшириқлар берилган.

Ҳудудда 60 дан ортиқ давлат идоралари учун замонавий маъмурий бинолар қурилади. Айни вақтда қатор вазирлик ва идоралар вақтинча мажмуаларда фаолият бошлаган.

Инвесторларнинг фаоллиги ҳам юқори. Аукцион орқали сотилган 24 та тижорий лот бўйича 2 миллиард долларлик инвестиция шартномалари имзоланган. Бу маблағлар ҳисобидан меҳмонхоналар, ресторанлар, сервис марказлари ва ўзига хос архитектурага эга замонавий бинолар барпо этилади.

Айни пайтдаги қурилиш жараёнининг ўзида 10 минг нафар инсоннинг бандлиги таъминланган. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан кейин эса инновацион технологияларга асосланган, юқори даромадли юз минглаб доимий иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Президентга Янги Тошкентда барпо этилаётган туризм объектлари, хизмат кўрсатиш ва дам олиш мажмуалари, шунингдек, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида амалга оширилиши режалаштирилаётган йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари тўғрисида маълумот берилди.

Давлат раҳбари ҳар бир ташаббусда илм-фан ютуқларига таяниш, лойиҳаларда маҳаллий руҳни акс эттириш, энг асосийси, улар халқ манфаатига хизмат қилиши лозимлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” университети ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси биноларининг қурилишини кўздан кечирганди. Шунингдек, Янги Тошкент ҳудудида қурилаётган энергетика объектлари, ерости автотураргоҳи ва пиёдалар ўтиш йўлаги билан танишган эди. Ҳудудда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишув давомида Президент Чирчиқ дарёси устидан янги кўприк ҳамда метро бекати билан бирлаштирилган автотураргоҳ барпо этиш ишларини кўздан кечирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент маъмурий бино

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг