Японияда парламентнинг қуйи палатаси тарқатиб юборилди

Олам

image

Бугун, 19 январь куни Япония Бош вазири Санаэ Такаичи парламентнинг қуйи палатасини муддатидан олдин тарқатиб юборди. Сиёсатчи бу қарорини сайловлар ўтказиш зарурати билан изоҳлаган. Бу ҳақда NHK хабар берди.

“Бугун мен Бош вазир сифатида парламентнинг қуйи палатасини тарқатиш тўғрисида қарор қабул қилдим”, дейди Такаичи.

Такаичи бу қадамни Япония халқи мамлакат бошқарувини унга ишониб топшириш мумкинми ёки йўқлигини мустақил равишда ҳал қилиши керак, деган фикр билан изоҳлаган.

“Мен халқ бевосита Санаэ Такаичига мамлакатни бошқаришни ишониб топшириш мумкинми, деган саволга жавоб беришини истайман. Японияда фуқаролар Бош вазирни тўғридан тўғри сайлай олмайди. Бироқ парламент қуйи палатасига сайловлар ҳукуматни белгиловчи сайловлар деб аталади. Агар Либерал-демократик партия ва Японияни янгилаш партияси ўринларнинг кўпчилигини қўлга киритса, Бош вазир Такаичи бўлади”, дейди Бош вазир.

Сиёсатчи ҳозирги вақтда Либерал-демократик партия парламентнинг бирорта палатасида ҳам кўпчилик ўринга эга эмаслигини, шунга қарамай унинг етакчиси Бош вазир лавозимини эгаллаб турганини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг октябрь ойида Япония парламенти Санаэ Такаичини мамлакатнинг янги Бош вазири сифатида тасдиқлаганди. Сиёсий фаолияти давомида Такаичи турли давлат лавозимларида ишлаган ва ЛДПнинг энг тажрибали арбобларидан бири ҳисобланади. У 1961 йилда Нара шаҳрида туғилган, Кобе университетининг иқтисод факультети ҳамда Матсушита давлат бошқаруви ва менежмент институти битирувчиси. Талабалик йилларида рок-мусиқа йўналишларига қизиққани, шунингдек, ёшлигида мотоцикл ҳайдагани билан ҳам танилган.

Такаичи 1993 йилда илк бор вакиллар палатасига сайланган, 2006 йилда эса бир нечта вазирлик лавозимларини эгаллаган. 2014 йилда у Ички ишлар ва коммуникациялар вазири бўлган. Унинг фаолияти давомида айрим сиёсий баҳс-мунозаралар юзага келганига қарамай, у партиянинг консерватив қанотидаги етакчи шахс сифатида танилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония парламент Санаэ Такаичи қуйи палата

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг