Жапаров Раҳмон билан жанжалга Мирзиёев якун ясаганини айтди (видео)

Олам

image

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп йиллик чегара муаммоси, ҳатто, қон тўкилишига олиб келган жанжалнинг ҳал этилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳиссаси катта. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров президентлик фаолиятининг 5 йиллиги муносабати билан тайёрланган 4 қисмдан иборат “Президент” ҳужжатли фильмида айтиб ўтди. 

“Унинг (Имомали Раҳмоннинг) кўнгли юмшаганида Шавкат Миронович Мирзиёевнинг ҳам хизмати борлигини, албатта, айтиб ўтишим керак, бу хизмат жуда катта.

У ўша кишига (Раҳмонга): “Ана, энди бу масалани ечадиган одам келиб ўтирибди (Садир Жапаров назарда тутиляпти), энди буни ҳал қилиб олинглар. Кейин яна нима бўлади, қандай бўлади, ким билади?! Энди ён беришга (ён босишга) боринг”, деб унинг кўнглини юмшатиб, рози қилиб, шу тарзда бу масалани ҳал қилиб олдик”, дейди Садир Жапаров.

Маълумки, Қирғизистонни бугунгача Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Отунбоева (муваққат президент), Алмазбек Атамбоев, Сооранбой Жээнбеков бошқарди ва улар на  халқи ва на қўшни мамлакатлар билан муросага борди. Айниқса, Атамбоев ва Жээнбеков даврида чегара, сув билан боғлиқ муаммолар авжига чиқди. 

“Президент” дастурида айнан қўшничилик ҳақида сўз бораркан, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубоев ҳам Президент Мирзиёевнинг қўшнилар билан муносабати ва аввало “қўшнинг тинч – сен тинч” нақлига кўра иш тутганига тўхталган. 

“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўзи шундай, жуда фаол ва Марказий Осиёни яқинлаштирайлик деган лидерлардан бири. Шунинг учун у доим айтиб юрарди: “Эй, қирғизлар билан тожиклар, сизлар келишинглар. Чегарадаги бундай низоларни тўхтатинглар. Агар сизларда низолар давом этаверса, бизга ҳеч қандай инвестор келмайди, ҳеч қандай турист келмайди. Чунки “...стон” деган сўз ҳаммамизга тегишли. Улар (хорижликлар) Қирғизистонми, Тожикистонми, Ўзбекистонми ёки Қозоғистонми — фарқига бормайди. “...стон” деган номни эшитишганидан кейин бизга ҳеч ким келмайди. Шунинг учун сизлар яқин бўлинглар, гаплашинглар”, деб ташаббус кўрсатган”, дейди вазир. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 март куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хўжанддаги учрашувда Давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолаганди. Чегаралар туташган жой Фарғона водийсида жойлашган бўлиб, Сўғд (Тожикистон), Фарғона (Ўзбекистон) ва Боткен вилоятларини (Қирғизистон) боғлайди. Кейинчалик, ушбу шартнома Садир Жапаров томонидан ратификация қилинди.

Маълумот учун, 2025 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофоти билан тақдирланди


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон Садир Жапаров Абадий дўстлик Хўжанд декларацияси Жээнбек Кулубоев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг