ЖЧ мухлислари ва спортчиларига виза чекловлари қўлланилмайди – ОАВ
Спорт
−
17 Январь 1114 2 дақиқа
АҚШ Давлат департаменти вакилининг маълум қилишича, виза бўйича жорий этилган чекловлар 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган мамлакатлар мухлислари ва спортчиларига таъсир кўрсатмайди. Бу ҳақда “Daily Mail” нашри хабар берди.
Манбага кўра, ушбу чекловлар фақат иммиграцион визаларга тааллуқли бўлиб, Жаҳон чемпионатига ташриф буюришни режалаштираётган мухлислар, спортчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун бериладиган иммиграцион бўлмаган визаларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.
Хабарларга кўра, консуллик ходимларидан иммиграцион виза аризаларини кўриб чиқишда қатъийроқ ёндашув талаб қилинган. Хусусан, келажакда давлат нафақаларига қарам бўлиб қолиши мумкин бўлган ариза берувчиларга виза беришни рад этиш топширилган. Шунингдек, ходимларга ариза берувчиларнинг соғлиғи, ёши ҳамда инглиз тилини билиш даражаси каби омилларни синчковлик билан баҳолаш вазифаси юклатилган. Ҳукумат мазкур чекловлар қанча муддат амал қилиши ҳақида аниқ маълумот бермаган.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этади. Улар Португалия, Колумбия ва Ямайка/Конго/Янги Коледония ўтиш ўйини ғолиби билан бирга “K” гуруҳидан жой олган. Мундиал жорий йилнинг 11 июнидан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонларида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гаити, Эрон, Кот-д’Ивуар ва Сенегал терма жамоаларининг мухлислари АҚШга кириш тақиқи сабабли 2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионати ўйинларига боролмаслиги мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси