Жиззахда ўқитувчи “Шуҳрат” медали билан тақдирланганини пахта даласида эшитди
Жамият
−
20 Сентябрь 28375 2 дақиқа
Жиззах шаҳридаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Гулбаҳор Самадованинг 11 сентябрь куни қабул қилинган “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Президент фармони билан давлат мукофотига – “Шуҳрат” медалига лойиқ кўрилгани, шубҳасиз, қувонарли воқеа. Аммо унинг бу хабарни ўқувчилар, оиласи даврасида эмас, ўқитувчиларнинг пешонасига тамға бўлиб битилган пахта даласининг ўртасида эшитгани ижтимоий ҳаётимизда ҳали ҳам ўқитувчилар ихтиёрий-мажбурий тарзда ўтган йиллар сарқити билан ўралашиб юрганини кўрсатиб қўйди.
Ижтимоий тармоқларда ўқитувчининг ўзи томонидан эълон қилинган видеода Гулбаҳор Самадова “Шуҳрат” медали билан мукофотлангани, шу боис ҳокимликка зудлик билан етиб боришини эшитиб шошиб қолгани ҳақида айтади. Видеода ўқитувчи теримга ўз хоҳиши билан борганини таъкидлаган, бироқ ўзини болаларга билим беришга бағишлаган муаллиманинг пахта даласида теримчи сифатида кўриниши жамиятимизда ўқитувчининг ҳақиқий қадри қаерда экани ҳақида савол туғдиради. Чунки йиллар давомида ўқитувчиларимиз дарс беришдан кўра далаларда пахта теришга, йўлакларни супуришга, ариқларни тозалашга жалб қилинганини унутганимиз йўқ. Ҳатто бугунга келиб давлат миқёсида бу нотўғри сиёсат тан олинди, бу ҳолатга қарши кураш бошланди.
Давлат мукофотлари ўқитувчиларнинг фидокорона меҳнатини эътироф этишга хизмат қилиши шубҳасиз. Аммо бу каби рамзий қадрлаш билан бир қаторда, ўқитувчи шахсини даладан синфхонага, жисмоний меҳнатдан интеллектуал меҳнатга қайтариш, уларнинг ҳақиқий вазифасини жамият кўз ўнгида тиклаш ҳам зарур. Акс ҳолда, “Шуҳрат” медали билан тақдирланган ўқитувчилар унвон олгани ҳақидаги хабарни ҳам пахта даласида эшитаверади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-мактаб ўқитувчилари таъмирлаш ишларига мажбурий жалб қилингани ва мактаб жамоаси билан суҳбатда улар томонидан ушбу ҳашар ихтиёрий равишда амалга оширилгани таъкидлансада, устозларни ўз лавозим мажбуриятидан ташқари ишларни бажариш ҳолатини назоратга олмагани сабабли мактаб директори эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди. Мактаб директорига меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлагашни назарда тутувчи нормага асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари, яъни 41 млн 200 минг сўм миқдорида жарима қўлланган. Бундан ҳеч қанча ўтмай, бу каби ҳолат Самарқанд шаҳридаги 24-умумтаълим мактабида кузатилди. Унда ҳам устозлар мактабни “ремонт” қилишга мажбурланган.
Live
Барчаси