Ангрендаги қурбонлари яширилаётган ЙТҲ, қотил она, жинсий алоқага ўч мансабдор – Ҳафта ҳайратлари

Таҳлил

Тошкентда бундан уч йил аввал қизини ҳайвонот боғидаги айиқ қафасига қасддан улоқтирган аёл энди уни пичоқлаб ўлдирди ва бу воқеа шубҳасиз нафақат тугаётган ҳафтанинг, балки бутун инсоният тарихининг мудҳиш, муҳим воқеликларидан бирига айланди, десак муболаға бўлмайди. 

34 ёшли она томонидан ўлдирилган қиз 7 ёшда бўлган ва куни кеча мактаб остонасига қадам қўйганди. 

Мазкур ҳолат бўйича жорий йилнинг 8 сентябрь куни Сергели туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи аёл Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган.

Қайд этилишича, аёл 2022 йилдан буён Психоневрология диспансерида рўйхатда турган ва шу ерда даволаниб келган. 2 август куни унга уйда даволаниш учун рухсат берилган. Аёлнинг ўғли ҳам бўлган.

Аёл 2022 йилнинг 28 январь куни Тошкент ҳайвонот боғида қизини айиқ қафасига ташлаб юборганди. Ўшанда айиқ қизалоққа зарар етказмаган, ҳайвонот боғи ходимлари айиқни ички хонага олиб киришга муваффақ бўлган. Аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Она бу воқеа содир бўлган вақтда ҳам руҳий асаб касалликлари диспансерида рўйхатда бўлган. Ўша йилнинг апрель ойида аёл Жиноят кодексининг оғирлаштирувчи ҳолатларида қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилишни назарда тутувчи моддаси бўйича айбдор деб топилиб, руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий даволанишга юборилган эди.

Қизнинг ўлими ортидан ижтимоий тармоқлар жумбушга келди. Фаоллар долзарб мавзулардан чекиниб, қизнинг ўлими ва уни келтириб чиқарган сабаблар, жамиятнинг бефарқлиги, ўз вақтида кўрилмаган чораларни муҳокама қилди. Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари ҳамон овоза бўлаётган ҳолатларга нисбатан ишлаётгани, ижтимоий ҳаётда, оилада бола ҳуқуқлари мавжуд эмаслиги, ушбу масалага фақат ҳисобот мақсадида ёндашилиши эътирозларни келтириб чиқармоқда. 

Ангрендаги даҳшатли ЙТҲ бўйича ҳукумат комиссияси тузилди

7 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ҳудудидан ўтган А-373 “Тошкент-Ўш” халқаро автомобиль йўлида бир нечта транспорт воситалари иштирокида даҳшатли йўл- транспорт ҳодисаси содир бўлди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан берилган маълумотларга ишонадиган бўлсак, унда етти киши қурбон бўлган. Аммо қурбонлар 10 дан ортиқлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. QALAMPIR.UZ’га етиб келган рақамларга кўра, қурбонлар 11 нафар. Бироқ, Ички ишлар вазирлиги ёки Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бу иддаоларни йўққа чиқарадиган ишончли маълумот бергани йўқ. 

Маълум қилинишича, 1981 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги цемент ташувчи Shacman русумли юк автотранспорти бошқарувини йўқотиб, ҳаракат йўналишидаги темирйўл кесишмасида тўхтаб турган иккита юк автомашинаси ҳамда бешта енгил автотранспорт воситалари билан тўқнашиб йўл-транспорт ҳодисасини содир этган. Тўқнашув вақтида келиб чиққан ёнғин, воқеа жойига етиб келган махсус куч ва воситалари ёрдамида тезкорлик билан ўчирилган.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг 9 сентябрда имзолаган фармойишида ЙТҲ қурбонлари 11 нафарлиги, жароҳатланиб, шифохонага ётқизилганлар эса 6 нафарни ташкил этиши айтилган.

Фармойишда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ва тегишли ташкилотлар ЙТҲ оқибатида вафот этганларнинг шахсига аниқлик киритиши, уларнинг оила аъзоларига ҳамда жабрланганларга тиббий, моддий, психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиши белгиланган. Ҳалок бўлганларнинг дафн маросимлари билан боғлиқ комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши қайд этилган. Жароҳат олганларга Ангрен шаҳар тиббиёт бирлашмасида зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётгани билдирилган.

ЙТҲнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилган ҳолда келгусида шу каби ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида йўл-транспорт инфратузилмасини хатловдан ўтказиш ҳамда илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда уларни такомиллаштириш, шунингдек, юк ташиш қоидаларини қайта кўриб чиқиш бўйича асосланган таклифлар тайёрлаш топширилган. Хўш, кимга ишониш керак: Ички ишлар вазирлиги хабаригами ё Бозоровнинг фармойишига?

Вазиятни тўлиқ ўрганиш мақсадида Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида тегишли давлат органларининг мутахассисларидан иборат ҳукумат комиссияси тузилди. 

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари бошланган.

Ҳукумат комиссиясига келадиган бўлсак, бундан аввал содир бўлган турли бахтсиз ҳодисалар, фавқулодда ҳолатлар ва одамлар ўлимига олиб келган фожиалар ортидан ҳам Ҳукумат комиссияси тузилган бўлиб, уларга ҳам Очилбой Раматов бошчилик қилганди. Масалан, жорий йилнинг 31 март куни Андижоннинг “Мирзо Улуғбек” МФЙ ҳудудида жойлашган “Аҳмадали ҳожи” масжиди таҳоратхонасида содир бўлган портлашни эслайлик. Унда 3 киши қурбон бўлгани ва 10 киши жароҳатлангани айтилди. Андижон вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205 -(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 259 - (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Бироқ орадан 5 ойдан ортиқ вақт ўтса-да на Ҳукумат комиссияси ҳисоботидан, на жиноят ишининг бориши, ёки ишга оид материалларнинг судга юборилганидан дарак бор. Ёпиқ қозон ёпиқлигича қолмоқда. 

Ҳарбий полигонда портлаш бўлди

10 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикасидаги Нукус ҳарбий дала-ўқув майдонида портлаш содир бўлди.

Нукус дала-ўқув майдонида ўқув амалий машғулот ташкиллаштирилган. Машғулот учун мўлжалланган портловчи махсус воситанинг детонация шнури чақнаши оқибатида кичик портлаш юзага келиб, машғулот иштирокчиларидан 10 га яқин ҳарбий хизматчи турли даражада тан жароҳати олган. Уларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Миллий гвардиянинг маълум қилишича, ҳозирда кўрилган зарур чоралар оқибатида ҳарбий хизматчиларнинг соғлиғи тикланмоқда. Ҳолат юзасидан эса хизмат суриштируви тайинланган, ҳозирда мутасадди раҳбарлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Мактаб таълими 12 йиллик бўлади

Ўзбекистонда мактаб таълимини 12 йиллик тизимга ўтказилиши кутилмоқда. Ушбу ташаббус 8 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот билан танишганидан сўнг давлат раҳбари томонидан маъқулланган. 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари бўлган Сардор Ражабов ушбу маълумот ҳақидаги интервьюни берган вақтидан икки кун ўтиб Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. 

Ражабовнинг айтганларида жон бор: бугун Ўзбекистонда халқаро мактаблар анчайин ортган. IB халқаро таълим дастури бўйича фаолият юритувчи мактабларда болалар 6 ёшдан қабул қилинади. Давлат умумий ўрта таълим мактабларида эса 7 ёшдан. Айтайлик, агар сизда IB дастури бўйича 3-синфда ўқиётган болангизни кун келиб давлат мактабига олиш фикри туғилиб қолса, давлат мактабида у 2-синфга қабул қилинади. Боланинг бир йиллик умри, таълими йўққа чиқди ҳисоб. Таълимнинг 12 йиллик тизимга ўтиши аввалги маъмурият давридагидек 9 йил мактаб, 3 йил касб-ҳунар коллежи ёки лицей таълимини олишни англатмайди, аксинча, мактаб қабулини бир йил эрта бошлаш дегани. Яъни, энди мактабга тайёрлов, оддий айтганда, “нулевой” таълим қонуний бўляпти. 

Яна бир муҳим янгиликлардан бири шуки, энди вилоятларда ахборот технологияларига ихтисослашган Ал-Хоразмий, муҳандислик бўйича Мирзо Улуғбек, табиий фанлар йўналишида Ибн Сино мактаблари филиаллари ташкил этилади. Уларнинг барчаси ҳудудлардаги техника олийгоҳларига номма-ном бириктирилади. Яхши натижага эришган битирувчилар ушбу олий ўқув юртларининг 2-курсига қабул қилинади.
Шунингдек, Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ўтказиш тартибини ўзгартириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бугунги кунда мактаб битирувчилари аввал давлат битирув имтиҳонларини, кейин эса ОТМларга кириш учун алоҳида тест синовларини топширади. Энди ушбу икки имтиҳон бирлаштирилиб, сунъий интеллект элементларидан фойдаланган ҳолда ягона имтиҳон жорий этилиши кутилмоқда. Имтиҳон онлайн тарзда ўтказилиши ва ундаги баҳолар бир вақтнинг ўзида ҳам мактаб якуни, ҳам ОТМга кириш учун асос бўлиб хизмат қилиши режалаштирилган.

Қайд этиш жоиз, бу янги тизим Россиянинг Ягона давлат имтиҳони тизимига ўхшаб кетади ва бундай тизимни жорий этиш Ўзбекистонда биринчи марта муҳокама қилинаётгани йўқ.

Вазирлик ходими “ҳол қўйди”

Мактаб таълими борасида шунча яхши янгиликлар бўлиб турган бир вақтда вазирлик ходими “ҳол қўйиб турибди”, денг. 

Ижтимоий тармоқларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъул ходимининг аёлларга менеджерлик сертификатини олиш ва мактаб директори сифатида ишга жойлашишда ёрдам бериш эвазига у билан жинсий алоқа қилишни таклиф қилгани таъкидланган аудио тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби Дилфуза Собирова ҳолат юзасидан муносабат билдириб, аудиохабардаги овоз ростдан ҳам вазирлик ходимига тегишли эканини тасдиқлади.

Маълум қилинишича, ушбу вазият иштирокчиси бўлган вазирлик ходими лавозимидан озод этилган. Биз унинг шахсини, вазирликда қайси лавозимда ишлагани, аввал нима иш қилганини аниқладик, ўзи ҳам бир вақтлар директор бўлгани ҳақидаги фактлар мавжуд, ҳатто, суратини ҳам топдик. Оила аъзолари, яқинлари билан боғландик, собиқ турмуш ўртоғининг эри ҳақидаги гапларига кўзимиз тушди. Фақат шахсга доир маълумотларнинг сир тутилиши, шундоқ ҳам жамоаси олдида обрўсизланган кишини яна обрўсизлантирмаслик, уни сазойи қилмаслик мақсадида кимлигини очиқламасликка қарор қилдик. Шоядки, бу воқеадан у ҳам, бошқалар ҳам тўғри хулоса чиқарса. 

Аслида хулоса чиқарганда, шу йилнинг июль ойида Самарқанд вилоятида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасининг мансабдори Zoom платформасида ўтказилган мажлисда камерасини ёниқ қолдириб, ҳамкасб аёлни қучоғига олиб, оёғига ўтказиб олгани видеоси тарқалганидан хулоса чиқарган бўларди. 

Ўзбекистонликларга иш ташлаш ҳуқуқи берилмоқда

Ўзбекистонда ходимларга оммавий иш ташлаш ҳуқуқи берилмоқда. Бу ҳақда 9 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан муҳокама қилинган, Сенатнинг “Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунчилик таклифида сўз боради.

У иш ташлаш ҳуқуқини қонуний тартибга солишни назарда тутади. Меҳнат кодексида иш ташлашнинг аниқ таърифи ва тушунчалари, уни ўтказиш тартиб-таомиллари, ходимларга иш ташлаш жараёнида бериладиган кафолатлар белгиланмоқда.
Шунингдек, иш ташлашнинг бошланишини кечиктириш, тўхтатиб туриш, тиклаш ва тугатиш тартиблари ҳамда иш ташлашга оид чекловлар аниқлаштирилмоқда.

Ўзбекистоннинг амалдаги Меҳнат кодекси бўйича ходимлар иш ташлаш ҳуқуқига эга эмас. Умуман, Ўзбекистонда меҳнатга оид қоидалар бот-бот бузилса-да, айниқса, одамлар мажбурий меҳнатга жалб қилинса ҳам, муттасил белгиланган соатлардан ортиқ ишлатилса ва бунга қўшимча ҳақ тўланмаса, ёки маошлар доимий кечиктириб тўланса ҳам, меҳнат хавфсизлиги муҳофазаси танг аҳволда бўлса ҳам, миқ этмай ишлаб келинган,  ишлаб келинмоқда. Касаба уюшмалари эса концерт ва тадбирлар ташкилотчилиги билан банд. 
Хўш, сиз меҳнат қилаётган ташкилотда меҳнатга доир ҳуқуқларнинг бузилиши борасида қандай фактлар бор. Буларни бизга ёзиб юборинг.

ТИВ “Толибон”га вертолётлар берилишини рад этди

Афғонистонни эгаллаган “Толибон” муваққат Ҳукумати расмий Тошкентдан Ашраф Ғани маъмурияти тугаганида Ўзбекистонга ўтган вертолётларни қайтаришни сўрамоқда. 10 сентябрь куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид маҳаллий оммавий ахборот воситаларига айтишича, Ўзбекистон 2021 йилнинг августида Афғонистондан олиб чиқиб кетилган ҳарбий вертолётларни қайтаришга рози бўлган.

Мужоҳиднинг айтишича, вертолётларнинг тақдири Қобул ва Тошкент ўртасида олиб борилган доимий муҳокамалар мавзусида бўлиб, “Толибон” доимий равишда миллий активларни қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатлар доирасида ҳарбий учоқларни сўраб келган.
“Толибон” расмийси 57 ҳарбий вертолётнинг топширилиши яқин орада амалга ошиши кутилаётганини маълум қилганди. 

Бироқ “Толибон” муваққат ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг ОАВга берган баёноти Тошкент билан келишилмай амалга оширилгани аён бўлди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вертолётларнинг “Толибон” қўлига топширилишини рад этди. ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг айтишича, бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Тошкентнинг расмий раддиясидан сўнг, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий яна аввалги ҳукумат ағдарилганидан сўнг Афғонистондан Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтилган вертолётларни қайтаришга чақирди. 

“Биз тўрт йил олдинги сиёсий ўзгаришлардан кейин бизнинг айрим вертолётларимизни олиб, қўшни давлатларга топширган мамлакатлардан уларни афғон халқига қайтаришларини сўраймиз, улар инсонпарварлик операцияларида ишлатилади”, дейди у.

АҚШ Мудофаа вазирлиги 2021 йилнинг августида Афғонистонда Ҳукумат “Толибон” қўлига ўтгач, 46 та самолёт ва вертолёт Ўзбекистонга, яна 18 таси Тожикистонга олиб борилганини тасдиқлаган. “Толибон” бир неча бор иккала давлатдан ҳам уларни топширишни талаб қилган, бироқ Тошкент ва Душанбедаги расмийлар бу талабларга очиқ изоҳ бермаган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси олдинроқ берган баёнотида янги келишувга кўра, Ўзбекистонга қўнган 46 та учоқ ушбу мамлакат назоратида қолишини айтган. АҚШнинг штаб квартираси Доҳада жойлашган Афғонистон бўйича миссияси эса Тожикистонга собиқ афғон ҳарбий самолётларини “Толибон”га топширмагани учун миннатдорлик билдирган.

Афғонистон собиқ хавфсизлик қўмондонининг айтишича, “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритишидан аввал АҚШ мамлакат ҳаво кучларини жами 229 та вертолёт – жанговар ва транспорт воситалари билан таъминлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Тошкент мактаб Нукус Толибон Ангрен Ҳарбий полигон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг