Ҳарбий тўнтаришдан сўнг полковник Мадагаскар президенти бўлди

Олам

image

Ҳарбий тўнтаришдан бир неча кун ўтиб, 51 ёшли полковник Майкл Рандрианирина Мадагаскарнинг янги президенти этиб тайинланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Кеча, 17 октябрь куни мамлакат Конституциявий суди Рандрианиринанинг қасамёдини қабул қилиб, уни “республикани қайта тиклаш учун ўтиш даври президенти” сифатида лавозимга тасдиқлаган.

Рандрианирина суднинг 60 кун ичида сайлов ўтказиш ҳақидаги талабини рад этиб, сайловларни бир ярим ёки икки йил ичида ўтказишга ваъда берган. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда фуқаролик бошқарувига қайтишдан аввал кенг қамровли ислоҳотлар зарур.

Инаугурация нутқида оддий кийимда сўзлаган Майкл Рандрианирина содир бўлаётган воқеаларни “тарихий бурилиш” деб атаган ва ёшларнинг ижтимоий ҳамда иқтисодий муаммоларга ечим топиш ҳақидаги талабларини инобатга олишга ваъда берган. Тантанада юқори лавозимли ҳарбийлар, сиёсатчилар, ёшлар ташкилотлари вакиллари ҳамда Германия, Франция, АҚШ, Хитой ва Россия дипломатлари иштирок этган.

Ағдарилган президент Андри Радзуэлина оммавий норозиликлардан сўнг мамлакатни тарк этиб, парламент томонидан ҳокимиятдан четлатилган. ОАВ хабарига кўра, у ҳозир Дубайда. Унинг тарафдорлари Радзуэлинани ҳануз қонуний давлат раҳбари деб ҳисоблашмоқда. У 2009-йилги ҳарбий тўнтариш орқали ҳокимият тепасига келган ва 2019 йилдан бери Мадагаскарга раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Маълумот учун, Африканинг жануби-шарқий қирғоғида жойлашган Мадагаскар майдони бўйича Италиядан икки баравар катта, аммо аҳолиси қарийб 30 миллион киши, яъни Италия аҳолисидан икки баравар кам. Мамлакат дунёдаги энг йирик ваниль экспортчиси ҳисобланади, бироқ Жаҳон банки маълумотига кўра, аҳолининг 80 фоизи қашшоқлик чегарасида яшайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь охиридан бошлаб минглаб ёшлар кўчаларга чиқиб, президент истеъфосини талаб қилаётганди. Айрим жойларда зўравонликларга айланиб кетган намойишлар электр ва сув таъминотидаги узилишлар, таълим тизимидаги инқироз, ишсизлик ва чуқур қашшоқлик туфайли бошланган. Майкл Рандрианирина бошчилигидаги исёнчи CAPSAT махсус бўлинмаси 14 октябрь куни ҳокимиятни эгаллаганини эълон қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Мадагаскар ҳарбий тўнтариш Майкл Рандрианирина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг