Ҳаво ифлослиги сабаб пойтахтдаги мактаб ва университетлар ёпилди. Эронда!
Олам
−
26 Ноябрь 37133 2 дақиқа
Эрон пойтахти саналмиш Теҳрон шаҳрида ҳавонинг жуда ифлосланиши сабабли 25-26 ноябрь кунлари мактаб ва университетлар ёпилди ҳамда пойтахтда масофадан ишлаш режими жорий қилинди. Бу ҳақда “The Muniche Eye” хабар берди.
Ички ишлар вазирлигига қарашли ҳаво ифлосланиши бўйича фавқулодда вазиятларни мувофиқлаштириш ишчи гуруҳи 24 ноябрь куни ушбу қарорни қабул қилиб, Фирузкуҳ туманидан ташқари Теҳроннинг барча таълим муассасаларини масофавий ўқувга ўтказиш ҳақида маълумот берган. Давлат ва хусусий муассасалар ходимларига, фавқулодда, тиббий, оператив, ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидан ташқари, уйда ишлашга рухсат берилган.
ОАВ хабарига кўра, банк филиаллари ҳам чекланган миқдорда ишлашни бошлаган.
Транспорт ҳаракати 06:30 дан 20:30 гача чекланган. Шахсий автомобиллар шаҳар аҳолисининг тахминан 9 миллион киши яшайдиган айрим ҳудудларига кириш тақиқланган.
Юк ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракати ҳам тақиқланган, фақат тез бузилувчи маҳсулот ёки ёқилғи ташувчи транспортлар бундан мустасно. Қум ва шағал конлари ҳамда цемент заводларига ишни тўхтатиш бўйича буйруқ берилган.
24 ноябрь куни Теҳрон шаҳрида ҳавонинг сифат индекси 170 дан ошган, бу эса барча инсонлар учун зарарли деб ҳисобланади.
Теҳрон шаҳрида ҳавонинг сифати одатда совуқ ойлар давомида ёмонлашади, айниқса шамол ёки ёмғир кам бўлган пайтларда. Ифлосланишнинг асосий сабаби – температуравий инверсия бўлиб, эски автомобиллар ва баъзи заводлар чиқиндилари бу жараённи кучайтирадиган асосий омиллар ҳисобланади.
Қайд этиш жоиз, мамлакатда кузатилаётган ифлос ҳаво билан бир вақтда Теҳронни сувсизлик ҳам қийнамоқда. Эронда ёмғир сўраб, жамоат намозлари ҳам ўқилди. Ёмғир бир пайтнинг ўзида сувсизлик масаласига ҳам, ҳаво ифлосланиши муаммосига ҳам барҳам бериши мумкин.
Ҳаво кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри ҳам ҳавас қилса арзигулик даражада эмас ва ҳаттоки, Теҳрондан ҳам ёмон аҳволда. IQAir порталининг бугун, 26 ноябрь кунги маълумотига кўра, Тошкент ҳаво ифлослиги бўйича дунёда 7-ўринни эгалламоқда. Теҳрон эса 9-поғонада турипти.
Эслатиб ўтамиз, 28 ноябрь куни жума намозидан кейин Ўзбекистондаги масжидларда ҳам ёмғир сўраб, жамоат билан икки ракат истисқо намози ўқилиши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси