Ҳиндистон Россиянинг хавфли қуролларини сотиб олиши мумкин – ОАВ
Олам
−
01 Декабрь 4325 2 дақиқа
Нью-Деҳли Россия Президенти Владимир Путиннинг Ҳиндистонга ташрифи пайтида Су-57 қирувчи самолётлари ва С-500 ракетага қарши мудофаа тизимларини сотиб олиш бўйича музокаралар бўлиб ўтишига умид қилмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нашрга кўра, Путиннинг Ҳиндистонга ташрифи жорий ҳафта, 4–5 декабрь кунлари бўлиб ўтади. Манбалар маълумотига кўра, музокараларда Су-57 қирувчи самолётлари ва С-500 ракетага қарши мудофаа тизимининг такомиллаштирилган версияси муҳокама қилинади.
Вазиятдан хабардор манбаларнинг таъкидлашича, Ҳиндистон ҳарбийлари қирувчи самолётлар етишмаслигини айтган ва ҳукуматдан Россияда ишлаб чиқарилган замонавий самолётларни кўпроқ харид қилишни сўраган. Айни пайтда Ҳиндистон Ҳаво кучлари таркибида 200 дан ортиқ Россия қирувчилари мавжуд. Москва эса Ҳиндистоннинг ҳарбий техника бўйича энг йирик етказиб берувчиси бўлиб қолмоқда.
Манбаларга кўра, ҳарбийлар томонидан берилган сўров Ҳиндистон Ҳаво кучлари экипажлари янги авлод Россия самолётларига осон мослаша олишини, шунингдек, Hindustan Aeronautics Limited давлат компанияси Россияда ишлаб чиқарилган самолётлар паркларини хизмат кўрсатиш ва иш ҳолатида сақлаб туришга қодир эканини кўрсатади.
Бироқ уларнинг айтишича, янги Россия ҳарбий техникасини харид қилиш бўйича музокаралар Путин ташрифи давомида якунланиш эҳтимоли жуда паст.
С-500 – узоқ масофага мўлжалланган ва юқори баландликда уришга қодир универсал комплекс бўлиб, баллистик ва қанотли ракеталарни, шунингдек, аэродинамик ҳавфларни йўқ қила олади. С-500ʼнинг уруш радиуси тахминан 600 километрни ташкил этади.
Су-57 – Россиянинг бешинчи авлод кўпфункционал қирувчи самолёти бўлиб, паст радиолокацион кўринувчанлик ва юқори манёврчанликка эга. Самолёт ҳаво, ер ва денгиз мақсадларига зарба беришга қодир, оғир об-ҳаво шароитида ҳам ишлай олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Россиянинг Су-35 қирувчи самолётлари партиясини сотиб олганди.
Live
Барчаси