Ҳиндистонда 111 киши бўрон қурбонига айланди (видео)
Олам
−
15 Май 2086 1 дақиқа
Жорий йилнинг 13 май куни Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида содир бўлган кучли бўрон ва ёмғир оқибатида 111 киши ҳалок бўлди, 72 киши эса жароҳат олди. Бу ҳақда “Indian Express” газетаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, табиий офат Праяграж, Пратапгарх, Бҳадохи, Фатеҳпур, Уннао, Канпур Деҳат, Чандаули, Сонбҳадра ва Бадаун туманларида кенг кўламли вайронагарчиликларга сабаб бўлган.
Кучли шамол ва ёмғир оқибатида дарахтлар илдизи билан қулаган, электр узатиш линиялари узилган, кўплаб уйлар зарар кўрган.
13-май куни кечқурун штатнинг бир неча ҳудудларида чанг бўрони, ёмғир ва момақалдироқ кузатилган. Ҳалок бўлганларнинг бир қисми қулаган дарахтлар, бошқалари эса бузилган иншоотлар ва чақмоқ уриши оқибатида вафот этган. Табиий офат оқибатида 114 бош чорва моллари ҳам нобуд бўлгани хабар қилинган.
Расмийлар қутқарув ва тозалаш ишларига жалб этилган бўлиб, вайроналарни бартараф этиш учун оғир техника ва ускуналар ишлатилмоқда. Шунингдек, ҳукумат жабрланган оилаларга 24 соат ичида тиббий ва молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берган.
Ҳиндистон Метеорология департаменти маълумотига кўра, бундай бўронлар мавсумда учраб туради, бироқ бу сафар шамол тезлиги айрим ҳудудларда соатига 100 км дан ошган.
Мутахассислар ушбу кучли об-ҳаво турли атмосферавий омиллар – сиклоник айланиш ва шамол оқимлари ўзаро таъсири натижасида юзага келганини билдирган.
Зарнигор Худойбердиева
Live
Барчаси