Ҳиндистонда машҳур актёр ўтказган митингда кўплаб одамлар ҳалок бўлди
Олам
−
28 Сентябрь 26098 2 дақиқа
Ҳиндистон жанубидаги Тамилнад штатида сиёсий митингда юз берган тиқилинчда камида 39 киши, жумладан, болалар ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC штат расмийларига таяниб хабар берди.
27 сентябрь куни Карур туманидаги актёр ва сиёсатчи Вижайнинг сайловолди ташвиқоти тадбирига ўн минглаб одамлар йиғилди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, тадбир бир неча соатга кечиктирилган. Телеканалларда одамлар оломон орасида ҳушидан кетаётгани акс этган.
Маҳаллий шифохона олдида журналистлар билан суҳбатда сиёсатчи Сентил Балажи қурбонлар сонини тасдиқлади ва 50 дан ортиқ одам жароҳатланганини айтди.
Штат Соғлиқни сақлаш вазири Ма Субраманиан маҳаллий ОАВга ҳалок бўлганлар орасида камида 16 аёл, тўққиз эркак ва олти бола борлигини айтди.
Тамилнад штати ҳукумати раҳбари Мутхувел Карунанидхи тиқилинчда ҳушини йўқотган баъзи одамлар шифохонага ётқизилганини айтди ва ҳукумат қўшни туманлар шифокорларидан ёрдам сўраганини қўшимча қилди.
Шунингдек, у қурбонларнинг оилаларига бир миллион рупий (11 минг 300 доллар) миқдорида товон пули тўланишини ва воқеа юзасидан тергов олиб борилишини айтди.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди воқеага муносабат билдирди.
“Тамилнад штатининг Карур туманида бўлиб ўтган сиёсий митингда юз берган бахтсиз ҳодисадан чуқур афсусдамиз. Мен ўз яқинларини йўқотган оилалар билан доимо биргаман. Уларга мана шу оғир дамларда сабр тилайман. Барча жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайман”, деб ёзади у саҳифасида.
Актёр Вижайнинг ўзи ҳам ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистонда ҳар йили ўтказиладиган кўп минглик кортеж пайтида юз берган тиқилинч оқибатида камида 6 киши ҳалок бўлганди ва 50 дан ортиқ киши жароҳат олганди ҳамда зиёратчилар орасида тўсатдан ваҳима бошланганди.
Live
Барчаси