Ҳиндистонлик мухлислар Месси ташрифи пайтида тартибсизлик уюштирди (видео)
Спорт
−
13 Декабрь 5977 1 дақиқа
Ҳиндистонлик мухлислар Лионель Мессининг Калкуттадаги “Солт-Лейк” стадионига ташрифи қисқа муддатда тугагани сабаб тартибсизликлар келтириб чиқарди. Бу ҳақда “Times of India” нашри хабар берди.
Месси “Солт-Лейк” стадионига чиққан, томошабинларга қўл силкитган ва бир неча дақиқа ўйнаганидан сўнг дарҳол стадионни тарк этган. Бу эса ғазабланган мухлислар орасида тартибсизликларни келтириб чиқарган ва улар стадион раҳбариятини ёмон ташкилотчиликда айблашган. Сабаби кўплаб мухлислар чипталар учун 100 доллардан ортиқ пул тўлаган, баъзилари учун бу Ҳиндистонда бир ойлик маошга тенг бўлган.
“Месси атиги 10 дақиқага келди. Барча VIP меҳмонлар ва вазирлар уни ўраб олишди. Биз ҳеч нарса кўрмадик. Шунча пул, ҳис-туйғу ва вақт беҳуда кетди”, дея изоҳ берган мухлислардан бири.
Маълумот учун, Месси “Интер Майами”даги жамоадошлари Луис Суарес ва Родриго Де Пауль билан бирга Ҳайдаробод, Мумбай, Деҳли ва Калькутта шаҳарларига уч кунлик ташриф билан келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Месси Калкутта шаҳридаги Cри Бҳуми спорт клубида ўзининг 21 метр баландликдаги ҳайкалини виртуал тарзда очилиш маросимида Ҳиндистоннинг машҳур актёри Шоҳруххон билан учрашган эди.