Ҳиротда Эрондан қочқинларни олиб келаётган автобус одамлари билан бирга ёниб кетди (видео)

Олам

image

Кеча, 19 август куни Афғонистон ғарбидаги Ҳирот вилоятида Эрон ҳудудидан депортация қилинган қочқинларни олиб кетаётган йўловчи автобус юк машинаси ва мотоцикл билан тўқнашиб, ёниб кетиши оқибатида камида 71 киши, жумладан 17 нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакатдаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг вакили Аҳмадулло Муттақи маълум қилди.

Вилоят полициясига кўра, ҳалокатга автобуснинг “ҳаддан ташқари тез ҳаракатлангани ва ҳайдовчининг бепарволиги” сабаб бўлган. Маълум бўлишича, ҳалок бўлганлар охирги ойларда Эрон ҳудудидан депортация қилинган ёки мажбуран чиқариб юборилган афғонистонликларнинг катта тўлқини таркибига киради.

Мазкур ҳодиса Эрон Ички ишлар вазири Искандар Момений кейинги йилнинг март ойигача яна 800 минг кишини мамлакатни тарк этишга мажбур қилишини эълон қилганидан бир кун ўтиб юз берган. Ҳирот вилояти расмийси Муҳаммад Юсиф Саидийнинг маълум қилишича, автобус Эрон билан чегарадош Ислом Қалъа назорат-ўтказиш пунктидан чиққан ва пойтахт Қобулга йўл олган.

“Толибон” муваққат ҳукумати вакили Забиҳулло Мужоҳид ҳам қурбонлар Эрон ҳудудидан депортация қилинганини тасдиқлаган, бироқ қўшимча маълумотлар ҳозирча йўқлигини билдирган. 

Ҳалокат Ҳирот шаҳри яқинидаги Гузора туманида содир бўлгани, тўқнашувда мотоцикл ҳам қатнашгани айтилмоқда. Қурбонларнинг аксари автобусдаги йўловчилар бўлса-да, юк машинасида бўлган икки киши ҳамда мотоциклдаги яна икки киши ҳам ҳалок бўлган.

Маълумот учун, Афғонистонда йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир бўлади. Бунга ўнлаб йиллик урушдан кейин йўлларнинг ёмон аҳволда экани, магистралларда хавфли ҳайдаш одати ва назоратнинг сустлиги сабаб қилиб кўрсатилади. Жумладан, ўтган йилнинг декабрь ойида марказий Афғонистонда ёнилғи ташувчи танкер ва юк машинаси билан боғлиқ икки автобус ҳалокатида камида 52 киши ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Шимолий Мармара автомобиль йўлида йўловчи автобуси ағдарилиб кетиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлганди, яна 26 киши жароҳат олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон автоҳалокат Ҳирот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг