Ҳибсдаги ҳоким номидан пул ажратиш бўйича 5 та қарор чиқарилгани аниқланди

3-саҳифа

image

Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев 8 июль куни ҳибсга олинган эди. У ҳибсда бўлишига қарамасдан ҳоким номидан қарорлар чиқарилгани аниқланди. e-qaror платформасида шундай қарорлардан 5 таси жойлаштирилган.

Жумладан, халқ депутатлари туман кенгашининг 2025 йил 8 июлдаги қарори билан туман Ободонлаштириш бошқармасига 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирини юқори савияда ташкил этиш мақсадида туман марказий кўчасини тартибга келтириш ва байроқлар сотиб олишга 42 млн сўм, тумандаги кўп қаватли уй-жойларнинг таъмирталаб ҳолатга келиб қолган том қисмини таъмирлаш учун шифер сотиб олишга 70 млн сўм ажратиш белгиланган. Ўша кунги яна бир қарор билан эса туман ҳокимлиги моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида, девонхона молларини харид қилиш жараёнида вужудга келган қарздорликларни қоплаш, орг-техника воситаларини таъмирлаш ҳамда хўжалик моллари харид қилишга 150 млн сўм ажратилган.

Шунингдек, 9 июлдаги қарорлар билан туманда ташкил қилинган оила ва хотин-қизлар бўлимлари моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 100 млн сўм, Тоқчилиқ маҳалласи Отчопар массивида сунъий қопламали мини футбол майдонини қуриш учун 200 млн сўм ва Қулписар маҳалласидаги маданият бўлимига қарашли бинони жорий таъмирлаш учун 400 млн сўм, туман ҳокимлиги моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида девонхона молларини харид қилиш жараёнида вужудга келган қарздорликларни қоплаш, орг-техника воситаларини таъмирлаш ҳамда хўжалик моллари харид қилишга 255 млн сўм ажратиш белгиланган.

Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси расмий муносабат билдириб, Шароф Рашидов тумани прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бораётганини маълум қилди. Тўпланган ҳужжатлар бўйича қонуний қарор қабул қилиниши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Маълумот учун, Маҳмуд Холбўтаев бундан аввал – биринчи маъмурият даврида ҳам – 2012 йилда айнан порахўрлик айблови билан жиноий жавобгарликка тортилган. У 2004 йилда Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани ҳокими бўлган. Ўша йилда у Ўзбекистон Олий Мажлисининг сенатори этиб президент томонидан тайинланган. 

2019 йил октябрдан Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланган Холбўтаев, мамлакат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Дўстлик” ордени билан ҳам тақдирланган эди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Шароф Рашидов Жиззах Маҳмуд Холбўтаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг