Ҳокимларнинг шўрига шўрва. Энди экология ходимлари ҳокимларга бўйсунмайди
Жамият
−
19 Ноябрь 16413 2 дақиқа
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бугун, 19 ноябрь куни қабул қилинган “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилмоқда. Қўмита ўз фаолиятида бевосита Президентга ҳисобдор бўлади. Шунингдек, ташкилотнинг ҳудудий бўлимлари ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирмайди ҳамда ўз фаолиятини мустақил амалга оширади Бу ҳақда Президентнинг навбатдаги “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.
Қарорда айтилишича, Экология қўмитаси ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда унинг фаолиятига ушбу мансабдор шахсларнинг аралашуви тақиқланади.
Эндиликда қонуности ҳужжатларида белгиланган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари, уларга тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар, бевосита Экология қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Экология қўмитаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Қўмита фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси раҳбарлик қилади.
Қўмитаси раисининг 4 нафар ўринбосари Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий хизмат ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича тегишли равишда Президент маслаҳатчиси ўринбосарларига тенглаштирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси, вилоятлар ва Тoшкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармалари раҳбарлари Қўмита раиси томонидан Президент Администрацияси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Ҳудудий бўлинмалар ва туман (шаҳар) бўлимлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирмайди ҳамда ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва Экология қўмитаси олдида ҳисобдор бўлади.
Давлат органлари ва ташкилотлари экологик дипломатия бўлимлари ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш масалаларини мажбурий тартибда Экология қўмитаси билан олдиндан келишади.
Экология қўмитасига муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва давлат ўрмон хўжаликлари тузилмаларини (намунавий тузилмаларини) тасдиқлаш ваколати берилади.
Live
Барчаси