Ҳукмрон тандем ўзини оқламади – Аркадий Дубнов
Олам
−
13:23 9067 3 дақиқа
Қамчибек Ташиевнинг истеъфоси, унинг ўринбосарлари лавозимидан четлатилиши ва Чегара хизматининг МХДҚ таркибидан чиқарилиши Ташиев ва Садир Жапаровнинг ҳукмрон тандеми ўзини оқламагани ва энди барқарорликни таъминлай олмаслиги аён бўлганини кўрсатади. Бу ҳақда сиёсатшунос, Марказий Осиё бўйича мутахассис Аркадий Дубнов ўзининг Facebook саҳифасида ёзди.
“Бошқа томондан, у абадий бўлиши мумкин эмаслиги аниқ ва бугун менга Бишкекдаги ҳозирги ҳокимият воқеаларидан хабардор бир киши таъкидлаганидек, тандемнинг умуман беш йил давом этгани мўъжиза. МХДҚ раҳбарининг ҳаддан ташқари ҳокимиятпарастлиги уни Қирғизистондаги айрим ватандошлар назарида “биринчи рақамли шахс”га айлантирганини ҳисобга олсак, бу фикрга қўшилмаслик қийин. Унинг хизматлари катта: у Тожикистон билан чегара можаросини муваффақиятли ҳал қилди, бутун МДҲ миқёсидаги асосий “қонуний ўғри” Қамчибек Қўлбоевни отиб ташлашга фармойиш берди, туғилган шаҳри Жалолободни қирғиз эпосининг афсонавий қаҳрамони шарафига Манас деб ўзгартирди ва шу шаҳардаги мэрнинг юзига нотўғри қарорлари учун тарсаки тортди”, деб ёзди Аркадий Дубнов.
У қуйидаги саволларни ўртага ташлади:
Қирғизистондаги собиқ иккинчи шахс уни ҳокимиятдан четлатиш қарорига қандай жавоб беради? У Германиядан уйга қайтадими? 2027 йил 24 январга режалаштирилган навбатдаги президентлик сайловларида иштирок этишни хоҳлайдими? Қайтиб келгач, ҳокимият уни таъқиб қиладими?
“Айтишларича, собиқ чекистлар бўлмайди ва бундай ҳолатда ҳар нарса бўлиши мумкин. Маълумки, қирғизлар, айниқса жанубийлар, тез қўзғалишга моил, озгина нарсадан отланиб "Оқ уй"га ўзларининг ҳимоясига юриш қилишади. Аммо қирғиз сиёсатининг оқсоқоли Феликс Кулов бугун “Вести” нашрига берган интервьюсида Ташиевнинг кейинги тақдири фақат унинг ўз қарорларига боғлиқлигини ва агар у ҳокимият билан қарама-қаршиликка бормаса, уни ҳибсга олиш ёки таъқиб қилиш ҳақидаги гаплар асоссиз эканлигини айтди. Фақат шуни қўшимча қилмоқчиманки, Қирғизистоннинг бешта президентидан бирортаси, фақат вақтинчалик президент Роза Отунбаевадан ташқари, ўз хоҳиши билан ва белгиланган муддатда ўз курсисини тарк этмаган. Бироқ, тенденция... У муваффақиятли енгиб ўтиладими, бу очиқ савол”, дея хулоса қилди Аркадий Дубнов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев истеъфога чиқарилгани, унинг ўрнини эса ўринбосари Жумгалбек Шабданбеков эгаллагани ҳақида хабар берилган эди.
Садир Жапаровнинг матбуот котиби Аскат Алагозов мазкур ўзгаришлар юзасидан баёнот берган. Унинг айтишича, Садир Жапаровнинг ушбу қарори давлат манфаатлари йўлида, жамиятда, жумладан, давлат тузилмалари ўртасида бўлинишнинг олдини олиш ва аксинча, бирликни мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинган. Шунингдек, Ташиевнинг яна уч нафар ўринбосари ҳам лавозимидан озод қилинган.
Қайд этиш жоиз, сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак президентлик сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси