Путин очган урушнинг ўзбек қурбонлари
Таҳлил
−
22 Январь 7078 10 дақиқа
Россияда яна бир ўзбекистонлик ҳибсга олинди. Украина томонидан ёлланиб, Россия генералини ўлдирганликда гумонланган ўзбекистонлик Аҳмад Қурбонов умрбодга қамалди. Россия мигрантларни турли баҳона ёки шантажлар билан урушига олиб кетаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Бугунги кунга қадар Россияда 2000 дан зиёд Ўзбекистонликлар урушда қатнашиш учун шартнома тузди. Яқин дақиқалар ичида шу мавзуда батафсил маълумот берамиз.
Кўплаб ўзбекистонликлар Россияга пул топаман, оила боқаман деб бориб, Россия – Украина урушига аралашиб қолмоқда. Тасдиқланмаган манбаларга кўра Россияда 3 млнга яқин ўзбекистонликлар бор, миграция агентлиги эса бу кўрсатгични 1 миллинондан сал зиёд деб қайд этади. Баъзи манбаларга кўра, Россияда ишлаб келаётган марказий осиёликлар сони 10 миллиондан ошади.
Афсуски улар орасида қоидабузарлар ва ҳуқуқлари поймол бўлганлар ҳам бор. 22 январь куни ОАВда тарқалган хабарларга кўра, Ўзбекистонлик фуқаро қўлга олинган. У ноқонуний миграцияни ташкил этишда айбланмоқда. Айбловга кўра, у ва унинг шериклари интернет орқали камида 270 нафар хорижликка сохта шартномалар сотган. Бу ҳақда вилоятнинг умумий юрисдикция судлари матбуот хизмати хабар берган.
“Новосибирскнинг Карасукск туман суди томонидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 322.1-моддаси 2-қисми “а” ва “д” бандларида (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган ноқонуний миграцияни ташкил этиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Хидиров Масъудалига нисбатан терговчининг илтимосномаси кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.
Тергов маълумотларига кўра, Хидиров гуруҳ таркибида олдиндан тил бириктириб ҳаракат қилган. Улар камида 270 нафар хорижий давлат фуқароларига, шу жумладан Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлардан келганларга ҳам сохта фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тайёрлаб, интернет орқали сотган.
Суд айбланувчига нисбатан 2026 йил 28 февралга қадар қамоқ эҳтиёт чорасини танлади. Агар унинг айби исботланса, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Афсуски, бу каби кўнгилни хира қилувчи ҳолатларнинг аввали ҳам, охири ҳам эмас. Бу рўйхат жуда узун. Улар орасида Россия генералини ўлдирганлар ҳам бор. Ёдингизда бўлса 2024 йил 17 декабрь куни Ўзбекистон фуқароси Қурбонов Аҳмад Украина Хавфсизлик хизмати топшириғига биноан Россия генералини ўлдирганликда гумонланиб қўлга олинганди. Унга оид суд жараёни 2026 йил январь ойида бўлиб ўтди ва Қурбонов умрбод қамоқ жазосига хукм қилинди. Воқеа ўзи қандай бўлганди? Тергов версиясига кўра, 2024 йил 17 декабрь куни Ўзбекистон фуқароси Қурбонов Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) топшириғига биноан генерал Кириллов яшаган уйнинг кириш қисмида рулида масофадан бошқариладиган бомба ўрнатилган электро-самокатни қолдирган. Шундан сўнг теракт ижрочиси ижарага олинган автомобилга ўтириб, бўлаётган воқеаларни Украинага жонли эфирда узатган. Генерал Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси майор Илья Поликарпов уйидан чиққан пайтда портлаш содир бўлиб, икки зобит ҳам ҳалок бўлган. Россия Тергов қўмитаси маълумотига кўра, ҳарбий хизматчиларни портлатиб ўлдиргани учун Қурбоновга 100 минг АҚШ доллари, янги ҳужжатлар ва Европа Иттифоқи давлатларидан бирида яшаш учун рухсатнома ваъда қилинган. Бироқ у бу мукофотни олмаган, чунки портлашдан бир неча соат ўтиб қўлга олинган. Шундан сўнг Владимир шаҳрида Сафарян ҳам қўлга олинган. Тергов иддаосига кўра, у Польшадан олиб келинган бомбани Қурбоновга топширган. Дастлаб унга фақат портловчи моддаларни ноқонуний айлантириш айби қўйилган, бироқ Москвага олиб келингач, терактда иштирок этганлик бўйича ҳам айблов қўйилган.
Кейинроқ, 2025 йил январида Батуҳан Точиев ва Рамазон Падиев ҳам ҳибсга олинган. Иш материалларига кўра, улар Қурбоновни портлашдан кейин яшириниши учун квартира билан таъминлаган. Россия тергови маълумотларига кўра, УХХ теракт тайёргарлигини USDT стейблкоинлари (муайян валюта курсига баҳоланган криптоактивлар) орқали молиялаштирган. Дастлабки босқичда Қурбонов 5 минг АҚШ доллари олган. 2024 йилда бу 404,8 минг рублга тенг бўлган. Терговнинг аниқлашича, рус тилини деярли билмайдиган Ўзбекистон фуқароси аввал Тошкентдан Баку шаҳрига, кейин Остона орқали Москвага йўл олган. Пойтахтда у криптовалюта орқали яна 431 минг рубль олган. Умуман олганда, Тергов қўмитаси ҳисоб-китобига кўра, терактни ташкил этишга тахминан 842 минг рубль сарфланган. 27 та квартира ва 13 та автомобиль эгаларига етказилган моддий зарар 3,3 млн рублга баҳоланган. Қурбонов айбини тан олиб, тергов билан фаол ҳамкорлик қилган. Бошқа айбланувчилар эса Қурбоновнинг террорчилик фаолиятига алоқадорлигини билмаганини маълум қилган.
Точиев ва Падиев судда фақат квартирани ижарага бериш билан шуғулланганини айтган, Сафарян эса у етказган почтада нима борлигидан бехабар бўлганини билдирган. Портловчи моддани етказиб берган Озарбайжон фуқароси Роберт Сафарян 25 йилга қатъий тартибли колонияга ҳукм қилинган, шундан дастлабки 9 йилини қамоқхонада ўтайди. Қурбоновга тураржой ижарага берган Ингушетия фуқаролари Батуҳан Точиев ва Рамазон Падиевга мос равишда 22 йил (дастлабки 8 йили қамоқхонада) ва 18 йил (дастлабки 6 йили қамоқхонада) озодликдан маҳрум қилиш жазоси, шунингдек 200 минг рубль миқдорида жарима тайинланган.
Бундан ташқари, QALAMPIR.UZ таҳририятига бир-нечта фуқаролар, фарзанди Россияга ишлаш мақсадида кетиб, Россия-Украина урушига аралашиб қолганини айтиб мурожаат қилди. Наманганлик отахоннинг айтишича, ўғли оиласи билан ажрашгандан сўнг Россияга кетади ва у ерда урушда қатнашиш учун шартнома тузади. У отасига мунтазам равишда телефон қилиб, урушда унвони ошгани ва шартномани якунлагач Россия фуқаролигини олишини билдиради. Отанинг сўзларига кўра, ўзга юртни орзу қилган фарзанди мана ярим йилдирки, дом-дараксиз кетган. У энди фарзандининг ўлик ёки тириклигини билишни хоҳлаяпти, холос...
Яна бир ҳолатда Ўзбекистон фуқароси Россияда ўзига нисбатан наркотик савдоси билан боғлиқ туҳмат қўйилганини ва таҳдидлар орқали Украинага қарши урушга юборилганини маълум қилди. Украиналик блогер Дмитро Карпенко ўзбекистонлик билан суҳбатини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жойлаштирди.
Ўзини Ўзбекистон фуқароси деб таништирган эркакнинг айтишича, у 6 кун давомида ҳибсда сақланган ва бу вақт ичида қаттиқ қийноққа солинган. Судда унга икки вариант таклиф қилинган: бир йил урушда қатнашиш ёки камида 12,5 йилга қамоқ жазоси. Видеода бу гапларни эшитиб турган блогер атиги 6 кунда суд жараёни бўлиб ўтганидан ҳайратланди:
“Мен бундай ҳолатни ҳали эшитмаган эдим. 6 кунда ҳукм. Бундай ҳолат фақат Ўзбекистон фуқаролари билан шундай тез бўладиганга ўхшайди”, дейди блогер.
Мазкур интервьюни ўзини Россия армиясининг чиркин тарафларини очиб берувчи блогер сифатида таништираётган шахс олган. Ҳозирча ушбу ҳолат юзасидан Россия расмийлари ёки Ўзбекистоннинг тегишли идоралари томонидан муносабат билдирилмаган.Россиядаги ўзбекистонликларнинг шу каби тузоққа тушаётгани ҳақида олдин ҳам бир неча маротаба хабар берилган. Бироқ эндиликда нафақат ўзбекистонликлар ёки марказий осиёликлар, балки ҳиндлар ва африкаликлар ҳам шунга ўхшаш усулларда Украинадаги урушга жалб қилинаётгани аён.
2025 йил 29 октябрь куни Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳаси Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 2000 дан зиёд Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифини эълон қилди. Урушга бориб осон ва тез пул топиб кейин қайтаман деб хом ўйлаганлар, россиянинг пулига ҳам қарамай урушдан қочиб келяпти. Улар бу қилмишлари учун Ўзбекистонда қамалишга ҳам бажонидил рози. Урушнинг даҳшатидан, россиянинг граждани бўлишдан кўра ватанида ўз жазосини олиш учун энди улар ҳамма нарсага тайёр. QALAMPIR.UZ урушда қатнашган фуқароларнинг суд хужжатлари билан танишиб чиқди. 1993 йилда туғилган, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида яшовчи эркак 2025 йил 16 январь куни Россия Федерациясига пул ишлаб топиш мақсадида борган. У ерда россиялик таниши орқали 2025 йил 7 апрель куни Россия-Украина урушида иштирок этиш учун ҳарбий қисми билан шартнома тузган. Шартнома тузгандан сўнг, 2025 йил 5-10 май кунлари унинг номига очилган банк картасига 1 млн 600 минг рубль миқдоридаги пул маблағи ташлаб берилган. Судланувчи 15 кун давомида дастлабки ҳарбий тайёргарликдан ўтган. У бошқа аскарлар билан биргаликда Луганск Халқ Республикасининг Марков шаҳридан 15 км узоқликдаги дала майдонига бориб, жойлашган ва икки ой давомида ҳарбий тайёргарлик жараёнларида қатнашган. Орадан бироз вақт ўтгач, эркак урушда қатнашиш ҳаёти учун хавфли экани ва қилган иши нотўғрилигини тушуниб етиб, жанговар ҳудуддан қочиб кетган. Шундан сўнг, 2025 йил 21 сентябрь куни Москва шаҳрида жойлашган Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилган. Элчихона кўмаги билан 26 сентябрь куни Тошкентга қайтиб келган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган. Суд ҳукмига кўра, эркак Жиноят кодексининг 154-1-моддаси (чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) 1-қисми билан айбли деб топилган. Унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Шундан қамоқда сақланган 103 куни ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштирилиб, узил-кесил ўташ учун 2 йил 1 ой 26 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилган.
Яна бир ҳолатда эса, ўзбекистонлик фуқаро урушдан қочиб Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлганида Россия чегарачилари томонидан қўлга олинган ва ҳарбий судда унга нисбатан ҳукм ўқилган. Украинадаги урушдан қочишга уринган Ўзбекистон фуқаросига Россияда 7 йил 9 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Мазкур ўзбекистонлик эркак аввалроқ, 2023 йил апрель ойида Россиянинг Челябинск вилоятида гиёҳванд моддалар савдосига уринишда айбдор деб топилиб, 11 йил 8 ойга қаттиқ тартибли колонияда жазога ҳукм қилинган. У қамоқда бўлган вақтида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, Украинадаги жанговар ҳаракатлар ҳудудига юборилган. Шартнома шартларига кўра, урушдан қайтгач, у озод этилиши лозим бўлган, бироқ жанглар вақтида яраланган. Шундан сўнг ўзбекистонлик эркак Новосибирскдаги ҳарбий шифохонага ётқизилган. Даволаниш якунлангач, 2025 йил 23 май куни кечқурун у Новосибирск вилояти ва Қозоғистон чегараси яқинидаги ўрмон ҳудудига бориб, ўзининг йўлбошчисини кутган. Аммо йўлбошчи келмаган. Орадан бир кун ўтиб ушбу эркак Федерал хавфсизлик хизматининг чегара хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган. 2025 йил сентябрь ойида ҳарбий суд уни давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринганликда айбдор деб топиб, 6 ой қамоқ жазосини тайинлаган. Бироқ аввалги суд ҳукми бўйича ўталмаган жазо муддатини инобатга олиб, якунда 7 йил 9 ой муддатга қаттиқ тартибли колонияда жазо ўташ белгиланган.
Бошқа бир ҳолатда эса Россия томонидан Украинадаги урушда қатнашган андижонлик эркакка 2 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Суд ҳужжатида келтирилишича, эркак 2022 йилнинг декабрь ойида ишлаш мақсадида Россия Федерациясининг Москва шаҳрига борган. У Москва ва Челябинск шаҳарларида етказиб бериш хизматида ишлаган. 2023 йилнинг 15 августида Челябинск шаҳар суди унга гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан шуғуллангани учун Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 228-моддаси 4-қисми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган. Шундан сўнг, унга Россия томонидан Украинадаги урушда қатнашиш таклифи берилган. Эркак 2024 йилининг август ойида Россия Қуролли кучларига ёлланган ва шартнома тузиб, ҳарбий гувоҳномани олган ҳамда оддий аскар ҳарбий унвони билан ҳарбий хизматга кирган. 2024 йилнинг август-сентябрь ойларида Россиянинг қуролли кучлари номидан Украина Республикасининг Донецк шаҳрини эгаллаш учун олиб борилган қуролли тўқнашув ва ҳарбий ҳаракатларда ўзига бириктирилган АК-74 ўқотар қурол билан иштирок этган. Бироқ снаряд портлаши оқибатида чап қўли ва чап оёғидан жароҳат олган. Шу сабабли Россияга қарашли ҳарбий шифохоналарда даволаниб, 2025 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонга қайтган. Мазкур иш 2025 йилнинг 12 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман судида кўриб чиқилган. У Судда айбига тўлиқ иқрор бўлган. Унинг айтишича, эркак 2024 йилнинг август ойида Россия томонидан уришга бориш учун мажбурланган. Шундан сўнг, Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузган ва Луганск шаҳрида 14 кунлик ҳарбий тайёргарликдан ўтган. Тайёргарликдан сўнг Донецк шаҳридаги ҳарбий қароргоҳга 3 дона йўловчи ташувчи автомашинада кетаётганида, Украина аскарлари томонидан ўққа тутилган. Оқибатда 66 нафар ҳарбийдан 12 нафари тирик қолган. Отишмада снаряд осколкалари танасининг турли жойларига келиб теккани учун оғир тан жароҳати олган ва шундан сўнг у ҳарбий госпиталга юборилган. У 2025 йилнинг сентябрь ойига қадар даволанган ва урушга боргани учун берилган пулларни соғлиғини тиклаш учун сарфлаган. Орадан кўп ўтмай, Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномасини олиб, 17 сентябрь куни Ўзбекистонга қайтиб келган.
Суд томонидан эркак Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ Жиноят кодексининг 72-моддасига (шартли ҳукм қилиш) асосан мазкур жазо шартлига алмаштирилиб, унга 2 йиллик синов муддати – озодликни чеклаш (уй қамоғи) жазоси белгиланган.
Ким томондан урушга қатнашиш аҳамиятсиз. Инсон ҳуқуқлари тамойилларида уруш қораланган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам бошқа мамлакатлар сафида жанг қилиш Жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши келтирилган. Хусусан, Жиноят Кодексининг 154-моддасига кўра, ёлланиш, 5 йилдан 10 йилгача жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеорепортажни томоша қилинг.
Live
Барчаси