Яланғоч расмлар, пичоқланган аёллар, қамалган “Тайсон” - Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
01 Февраль 8923 16 дақиқа
19 ёшли қиз яланғоч расмлари тарқатилиши билан қўрқитилди. Ундан катта пул талаб қилинган. Тошкентда ўзбекистонлик эркак Корея фуқаросига нос чектирмоқчи бўлди. Андижонда ўқитувчи аёл мактабда пичоқлаб ўлдирилди. Самарқандда ходим бошлиғини ўлдириш учун “киллер” ёллади. Туркиядаги ваҳшийлик: боши узиб ташланган ўзбекистонлик аёлнинг жасади ватанига олиб келинди. Ички ишларда тозалаш. Кўпчиликка чиқиш эшиги кўрсатилди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида номаълум шахс чет эл фуқаросига носвой чекишни таклиф қилаётгани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 25 январь куни Чилонзор туманида жойлашган истироҳат боғларининг бирида 2006 йилда туғилган М.К. чет эл фуқаросига носвой чекишни таклиф қилган ва уятли сўзлар билан сўкиниб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган.
Бу ўзидан мачо-мучачо “ясаб олган” шахснинг эс-ҳуши жойида, ҳеч қандай руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда турмайди. Бироз ғалати туюлса-да, халқ орасида бирор инсон улғайганини англатишда кўп ишлатиладиган изоҳ билан айтганда “ҳўкиздай” кап-катта бу йигит 20 ёшда. У Корея фуқаросига нос чектиришга уриниб, уни ҳақорат қилиб, босим қилгани акс этган видеони ўзи олдирган ва ҳуддики қойилмақом ишни уддалагандек, мақтаниб ижтимоий тармоққа жойлаган.
Келажак эгалари дея таърифланувчи ёшларнинг аксарияти мана шундай қилиқлардан завқланиши, қилмишларини фавқулодда зўр нарса деб билиши алоҳида хавотирли масала. Чет элда ўзбек мигрантларига нисбатан қилинаётган ҳурматсизлик, босим, калтаклашлар ҳақида жуда кўпчилик куюниб, асабийлашиб гапираётган бир пайтда ўзимизда ҳам мана шундай ишни пойтахт марказларидан бирида қилинишини изоҳлашга сўз топиш қийин.
Видеода кореялик меҳмон ёлғиз эмаслигини, ўзини видеога олишаётганини билиб, қўли билан юзини тўсишга бир неча мароатаба уринганини кўриш мумкин. Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИБ томонидан майда безорилик бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.
Бу йигит қўлга олингач эса йиғлагудек бўлиб, Ўзбекистон ва Корея фуқароларидан кечирим сўради. Узр билан иш битмаслиги аниқ. Ахир ўйлаб кўринг. Корея фуқаролари ватанига Ўзбекистон ҳақида қандай хулоса билан кетади? Улар яна келадими? Тошкентга саёҳат қилмоқчи бўлган танишларига бу ердаги хавфсизлик, одамлар муносабати ҳақида нималар деркин?
Шусиз ҳам Кореяда ўзбекистонликлар билан боғлиқ вазият унча яхши эмас. Ҳатто, виза берилиши тўхтатилиши мумкинлиги ҳақида Ўзбекистоннинг Кореядаги элчиси айтганди. Алишер Абдусаломов 17 январь куни тадбиркорларнинг ҳукумат аъзолари ва элчилар билан учрашувида бу мавзуда сўз очди.
“Борган ишчиларимизнинг юборилган жойдан бошқа ерга нолегал бўлиб ўтиб кетиш ҳолатлари жуда ҳам кўп. Ҳозирги ҳолатда 9 фоиз фуқароларимиз нолегал. Агар бу 10 фоизга чиқса, Корея Адлия вазирлиги томонидан виза бериш умуман тўхтатилади. Муаммо миграция билан бирга, таълим соҳасига ҳам тегишли. Тил курслари ёки университетларга бораётган ёшларимиз ишлаш учун ўқишидан кетяпти ва нолегал статусга чиқиб қоляпти. Бу нарса Ўзбекистоннинг имиджига таъсир қилади”, дейди Алишер Абдусаломов.
Ўзбекистоннинг имиджи ҳақида гап кетганида Туркия билан боғлиқ икки хил, бир-биридан умуман фарқ қиладиган вазиятларга ҳам тўхталамиз. Бири жуда ижобий, ҳатто турклар томонидан олқишланган биродарлик рамзи бўлса, иккинчиси дилни хира қилувчи жиноят.
Дастлаб ижобийси ва расмийсидан бошлаймиз. 29 январь Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга расмий ташриф билан Туркияга борди. “Эсенбоға” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонларни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва рафиқаси кутиб олди.
Икки давлат раҳбарлари 2023 йилда кучли зилзиладан жиддий талофат кўрган Ҳатай вилоятида Ўзбекистон томонидан барпо этилган “Ўзбекистон” турар- жой мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этди.
24 та кўп қаватли уйдан иборат барча зарур инфратузилмага эга бу замонавий тураржой мажмуасида 300 дан зиёд тўлиқ жиҳозланган хонадон бор. Туркия Президенти ушбу мажмуа нафақат жабрланган оилалар учун янги уй, балки ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги абадий дўстликнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади.
Қолаверса, Ўзбекистон ушбу фожиали даврнинг дастлабки кунлариданоқ Туркияга ҳар томонлама ёрдам кўрсатагани, қисқа фурсатда 100 нафар ўзбекистонлик қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими фалокат содир бўлган ҳудудга етиб боргани алоҳида эсланди. Маълумот ўрнида, ўзбекистонликлар қидирув-қутқарув ишлари натижасида 18 кишининг ҳаётини сақлаб қолган, 200 нафарга яқин жабрланганлар вайроналар остидан чиқарилган. Дала шифохонаси 4 минг нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатган.
Яна бир бунёдкорлик ишини ҳам икки мамлакат етакчиси биргаликда бошлаб берди. Бу Истанбулнинг Бакиркўй туманида қурилиши старт олган ўзбек мактаби. Эътиборли жиҳати бу билим даргоҳи Ўзбекистоннинг хориждаги биринчи мактаби бўлади.
Ҳафта таҳлилида Туркия ва Ўзбекистон билан боғлиқ саҳифани мана шундай яхши нуқтада жон деб тугатардик. Бироқ, жуда кўпчиликни ларзага келтирган қотиллик ҳам шу 7 кунликда муҳокамаларга сабаб бўлди.
Дурдона Ҳакимованинг дахшатли ўлими ҳақидаги хабардан ҳайратга тушганлар орасида сиз ҳам бўлсангиз керак. Бироқ журналистик нуқатаи назардан воқеани қисман эслатишимиз керак. Жорий йил 24 январь куни Истанбулнинг Шишли тумани Дуатепе маҳалласидаги чиқинди идишидан боши ва оёқлари узилган жасад топилди. Уни чиқинди йиғиш ҳамда қоғоз териш билан шуғулланувчи маҳаллий фуқаро кўриб қолган ва полицияга хабар берган.
Жамоат хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан ўтказилган текширувлар натижасида бармоқ изи орқали аёлнинг шахси аниқланиб, у Ўзбекистон фуқароси 37 ёшли Дурдона Ҳакимова экани маълум бўлган.
Бўзкурт кўчасидаги ахлатхоналардан биридаги кузатув камералари текширилганда, гумонланувчилар жасадни чамадон ичида олиб келиб ташлагани акс этган видеоёзув топилган. Ҳа, улар катта шаҳар ичида худди кинолардагидек чамадон ичида мурдани олиб юрган. Узиб олинган бош ва оёқларни эса бошқа чиқиндихонага ташлашган.
Видеотасвирлардан олинган маълумот орқали Истанбул полицияси гумонланувчиларни ўша куннинг ўзидаёқ қўлга олди. Улар Истанбул аэропортида Грузияга қочмоқчи бўлган пайтда ушланди. Қотилликни марҳума билан яқин муносабатда бўлган Ўзбекистон фуқароси, қурилиш ишчиси содир этган. Унга яна бир ўзбекистонлик ёрдам берган. Ҳа ўзимизникилар!
“Дурдона Ҳакимова билан воқеа куни танишганмиз, орамизда муносабат бошланган. Жанжаллашиб қолдик ва мен уни пичоқ билан ўлдирдим. Кейин дўстим билан бирга жасадни бўлакларга ажратдик. Жасад қисмларини алоҳида пакетлаб, чамадон ичига жойладик. Сўнг тижорат таксиси билан Шишли туманига келдик ва жасад ҳамда унинг қисмларини турли ахлат контейнерларига ташлаб юбордик”, дейди айбланувчи.
Ўзбекистонлик муҳожир аёлнинг ваҳшийларча ўлдирилиши ортидан Туркия кўчаларида аёллар норозилик намойишига чиқди.
“Кеча Истанбулнинг қоқ маркази – Шишлида аёл дўстимизнинг жонсиз танаси чиқинди контейнеридан топилди. Унинг танаси бўлакларга бўлинган эди.
Дурдонанинг ўлимига ҳокимият масъул. Агар аёлларнинг, ҳатто Истанбул марказида ҳам яшаш ҳуқуқи тортиб олинаётган бўлса, бу шу ҳокимиятнинг натижасидир. Жиноятчи кўрсатмасида Дурдона билан воқеа содир бўлган кун танишгани, муносабатлари бўлганини, жанжаллашиб қолиб, кейин ўлдирганини айтмоқда. Буни айтиш қанчалик осон, шундай эмасми? Аммо бир аёл ўлдирилди. Бу кўрсатма бошидан охиригача жазони енгиллаштиришга қаратилган. Дурдона муҳожир эди. Балки ишлаш учун келгандир, орзулари бор эди, янги ҳаёт қурмоқчи эди. Бу орзулар унинг қўлидан тортиб олинди. 2025 йилда 294 аёл ўлдирилди. Уларнинг барчаси бугун орамизда бўлиши мумкин эди”, дея маҳаллий аёллар акция давомида баёнот берган.
30 январда Марҳума Дурдона Ҳакимованинг жасади ва унинг икки нафар фарзанди Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси кўмагида мамлакатга қайтарилди. Маълум қилинишича, марҳума ва фарзандларининг Ўзбекистонга қайтиши билан боғлиқ харажатлари Бош консулхона ҳамда Миграция агентлиги ҳисобидан қоплаб берилган.
Аёлларга нисбатан зўравонлик ҳар қачон ва ҳар қайси манзилда муҳим мавзу бўлган. Якунланаётган ҳафтада ҳам 2 нафар нозик ҳилқат вакиллари шантажга учрагани хабар қилинди. Иккаласи ҳам яланғоч расмлари тарқатиб юборилиши билан қўрқитилган.
Биринчи ҳолатни “қизиқ” деб таърифлаш ғалати кўриниши мумкинку, лекин жиноят тафсилоти ростдан ажойиб. Бухорода бир аёл Telegram’да эркак киши номидан сохта профиль очиб, ўзининг дугонаси билан ёзишиб юриб, гўё ошиқ ролини ўйнаган. Улар ўртасидаги диалоглар шу даражага етганки, фирибгар аёлнинг интим суратларини қўлга киритган ва уларни тарқатмаслик учун 6 минг АҚШ доллари талаб қилган. Ғаройиб-а? Ушбу ҳолат ортидан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан махсус тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир жараёнида гумонланувчи талаб қилган пулдан 2 миллион сўм у сўраган пластик картага ўтказиб берилган. Айнан шу вақтда аёл ашёвий далиллар билан воқеа жойида қўлга олинган.
Иккинчи холат эса Сирдарё вилоятида содир бўлди. Унда йигит 19 ёшли қизнинг яланғоч расмларини тарқатмаслик учун 48 млн сўм сўради. Иштаҳани карнайлигини кўряпсизми? Бу шантажчи талаб қилган пулни энг олий касб дея таърифланувчи ўқитувчилар ишлаб топиши учун ўртача ҳисоблаганда, 1 йил керак бўлади. 1 йил!
Мавзуга қайтамиз. Янгиер шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида Сирдарё вилояти Ховос туманида яшовчи 1998 йилда туғилган фуқаро, 2006 йилда Наманган вилояти Норин туманида туғилган фуқарога тегишли шахсий суратларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбориш билан таҳдид қилган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчи талаб қилинган 48 млн сўм пулдан 10 млн сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Ҳар икки ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов жараёнлари кетмоқда.
“Булар ҳам яланғоч расмингни таша деса, юбораверадими?” деган фикрни изоҳ бўлимига ёзганлар жуда кўп. Умуман бу ҳафтада аёллар билан боғлиқ жиддий муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолатлар бир нечта бўлди. Улардан бири – Андижондаги мактабда ўқитувчи аёл ўз эри томонидан пичоқлаб ўлдирилгани.
Воқеа 27 январь куни соат 15:30 ларда Асака туманидаги мактаб биносида содир бўлган. Қотил эр ва марҳума бир мактабда ишлашган. Оилавий келишмовчиликлар сабаб келиб чиққан жанжал 34 ёшли аёлнинг ўлими билан тугаган. Турмуш ўртоғининг танасига тиққан пичоқни эркак уйга қайтгач ўзига ҳам урган, бир неча маротаба. Уни кўриб қолган акаси эркакни шифохонага олиб борган ва кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Мазкур ҳолат юзасидан эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳа, “Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл” қўшиғини деярли ҳамма ёддан биладиган жамиятимизда шундай ишлар содир бўляпти.
Водийда эркак ўз турмуш ўртоғининг ҳаётига нуқта қўйганидан 2 кун ўтиб, Бухорода профилактика инспектори ўзини дарёга ташлаб, жонига қасд қилган аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди. 29 январь куни соат 16:30 ларда Вобкент тумани ИИБ профилактика инспектори ўзини дарёга отган аёлни кўриб қолган. Тезкорлик билан уни қутқаришга киришган ходим аёлни қирғоққа олиб чиққан ва зудлик билан тез тиббий ёрдам ходимларини чақириган. Маълумот ўрнида ўша куни Бухорода ҳаво ҳарорати -2 даражада бўлган. Кейинчалик аниқланишича, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган аёл Ғиждувон туманидан бўлиб, тўрт нафар фарзанднинг онаси бўлган.
Ходимнинг бу қаҳрамонлиги алоҳида эътироф этилди. Фавқулодда вазиятда кўрсатган жасорати, қатъияти ва касбига садоқати учун капитан Амрилло Расулов муддатидан олдин майор махсус унвони билан тақдирланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов хабар берди.
Бир фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолгани учун Бухородаги ходим халқ томонидан ҳам олқишланди. Бироқ, Тошкентдаги ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари фаолияти кескин танқид қилинди, президент томонидан.
27 январь куни Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри республикага намуна бўлиши керак бўлган пайтда, масъуллар ҳануз эскича ишлаш услубидан воз кеча олмаётганини қоралади.
Президент пойтахтда профилактика ишлари суст ташкил этилгани, профилактика инспекторлари ўз вазифаларидан чалғитилиб, бошқа ишларга жалб этилаётгани сабабли маҳаллаларда уларни топиб бўлмаётганини қайд этди. Айрим маҳаллаларда давлат раҳбари топшириғи билан ўтказилган текширувларда инспекторларнинг иш жойида йўқлиги аниқланган.
Шунингдек, Президент наркожиноятчиликка қарши курашда орган ходимларида қатъият етишмаётганини, улар охиригача боришга ҳаракат қилмаётганини танқид қилиб, Тошкентда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар сони 4 мингдан ошганини билдирди.
Наркожиноятларлар ҳам, уларни содир қилаётган жиноятчилар ҳам 2 баробарга ошгани ДХХ раиси баҳодир Қурбонов томонидан очиқланган эди. Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги раиси ўринбосари Шавкат Қаюмов ҳам наркожиноятлар Коронавирус даврида оммалашганини айтди.
“Масала шундаки, COVID-19 даврида наркожиноятлар кескин жадаллашди. Статистикага қарасангиз ҳам, синтетик наркотик воситалар айнан 2020 йилдан кейин долзарб муаммога айлана бошлаганини кўрасиз. Эндиликда чегаралардан наркотик моддаларнинг ўзи эмас, балки уларнинг формулалари олиб кирилмоқда”, дейди Шавкат Қаюмов.
500 сўмлик тиббий ниқобларни 50 минг сўмгача кўтарилишига сабаб бўлган, ҳаммани ваҳимага солган, одамларни бир-биридан 2 метргача масофа сақлашга мажбур қилган, кўплаб инсонларнинг вафотига сабаб бўлган COVID-19 нинг зиёнларини яхши эслаймиз. Мана энди унинг яна бир катта зарари ҳақида ҳам биламиз. Яна у каби тарқалиши тезлашаётган, ўлимга олиб келувчи, давоси ҳали топилмагани айтилаётган Nipah вируси сабаб Ўзбекистонга қўшни бўлган икки давлат назорати кучайтирилди.
Қирғизистон 28 январдан бошлаб Ҳиндистондан Nipah вирусига мойил бўлган ҳайвонлар ҳамда ҳайвон маҳсулотларини олиб киришни вақтинча тақиқлади. Мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, мутасаддилар Nipah вирусини ўта хавфли юқумли касаллик сифатида баҳоламоқда. У асосан, ҳайвонлар орқали инсонларга юқиши мумкинлиги, оғир клиник асоратлар келтириб чиқариш эҳтимоли юқорилиги билан изоҳланади. Шу сабабли, эҳтимолий тарқалишнинг олдини олиш учун импортга қўйилган вақтинчалик чеклов чоралари жорий этилмоқда.
Айни пайтда қўшни Қозоғистонда ҳам эпидемиологик ҳолат билан боғлиқ равишда барча чегара ўтиш пунктларида карантин ҳамда санитария назорати кучайтирилган. Қолаверса, Индонезия, Вьетнам, Таиланд ва Малайзия ҳам мамлакатга киришда текширувларга жиддий аҳамият бермоқда.
Бизда эса ушбу вирус билан боғлиқ вазиятга берилган баҳони эски фильмдаги жумла билан изоҳлаш мумкин: Боғдодда ҳаммаёқ тинч!
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков мазкур вирус билан боғлиқ ҳолат ҳақида маълумот берганида, Ўзбекистонда Nipah вируси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор ва хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқлиги, чунки унинг Ўзбекистон ҳудудида тарқалиш эҳтимоли жуда пастлигини айтган эди. Шу билан бирга, “Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу вирус дунёда ҳам кенг кўламли эпидемия ёки пандемия келтириб чиқариш эҳтимоли йўқлигини таъкидламоқда”, дея қўшимча қилганди.
Нурмат Отабеков коронавирус пандемияси пайтида жуда кўпчиликка танилган вирус билан боғлиқ хабарларни етказиш орқали. Ўша пайтда ҳам “хавотирга ўрин йўқ”, деган гапларни ундан кўп эшитганмиз. Ҳатто, коронавирус билан хасталанган биринчи бемор расман аниқланишидан бир кун олдин ҳам шу мазмундаги гаплар янграган эди. Ваҳимага сабаб бўлмоқчи эмасмиз. Бироқ, эҳтиёткорлик зиён қилмайди.
Шусиз ҳам яна бир касаллик бизда кенг тарқалаётгани айтилмоқда. ЖССТ Ўзбекистонни қизамиқдан холи мамлакатлар рўйхатидан чиқарди. Бунга эса мамлакатда бир неча йил ичида касалланиш ҳолатларининг кўпайгани сабаб бўлган. Худди шундай қарор яна беш давлат – Озарбайжон, Австрия, Буюк Британия, Испания ва Арманистонга нисбатан ҳам қабул қилинган. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Мутахассислар касалликнинг кескин кўпайишига асосий сабаб сифатида оммавий эмлашдаги бўшлиқларни кўрсатмоқда. Шу туфайли, айниқса вояга етмаганлар орасида иммунитет пасаймоқда. Қизамиқдан холи мамлакатлар рўйхатидан чиқарилган давлатларда энг кўп касалланиш ҳолатлари 10 ёшгача бўлган болалар орасида қайд этилаётгани таъкидланади.
ЖССТ касалланиш ҳолатларининг аксарияти эмланмаганлар ҳиссасига тўғри келаётганини инобатга олиб, қизамиққа қарши эмлашнинг икки дозаси билан қамровни аҳолининг камида 95 фоизи даражасида таъминлашни қатъий тавсия этмоқда. Эндиликда Ўзбекистон қизамиқдан холи мамлакатлар рўйхатига қайтиши учун уч йил давомида вируснинг айланиши бутунлай йўқлигини таъминлаши ва эпидемиологик назоратни сезиларли даражада кучайтириши лозим.
Шу сабаб сизга ҳам оилавий полклиникадан қўнғироқ қилиб, “эмлашга фарзандингизни олиб келинг” дейилса, турли баҳоналарга чалғимасдан албатта боринг.
Ҳафта давомида Тошкентнинг ҳавоси ифлослиги бўйича яна дунё рейтингини титратгани ҳақида хабар эълон қилинди. Лекин бу “ҳафта таҳлили” учун жуда бир катта янгиликмас. Чунки, бундай маълумотлар тез-тез чиқишини одатийдек қабул қилишни бошладик, ҳатто. Бу ҳолатни яхшилаш учун “экология, экология” деб ҳамма гапирётган пайтда шу тизим ходими дарахт кесишга руҳсат бериш учун пора олди. Нақд 3 минг АҚШ доллари.
Маълум бўлишича, Тошкент вилоятининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг туманлардан биридаги бўлими бошлиғи 1990 йилда туғилган фуқаро томонидан ўзи истиқомат қилувчи уйнинг кўча қисмида қурилиш ишларини амалга ошириш мақсадида кўп йиллик дарахтларни кесиб ташлаши учун рухсат бериш эвазига 3 минг АҚШ долларини пора тариқасида олаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Айни пайтда, ходимга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Масъулларнинг ўзи пул эвазига ҳар нарсага рози бўаётган пайтда бошқалардан нима кутиш мумкин? Бу ҳолат айрим фуқаролар учун ҳам экологиядан кўра уйини таъмир қилиш муҳимроқлигини кўрсатади. Табиат кушандаларига нисбатан чоралар кучайтрилиши ҳам уларни тўхтата олмаётгани ачинарли. Демак, нимани эксак шуни ўриб юраверамиз!
Дарахт қотилларидан ҳақиқий “киллер” мавзусига ўтамиз. Самарқанд вилоятида ёлланма қотиллик жиноятини содир этишнинг олди олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Олинган тезкор маълумотларга кўра, 2002 йилда туғилган шахс Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро низо сабабли уни ўлдиришни мақсад қилиб, ёлланма қотил излаётгани аниқланган.
Шундан сўнг тезкор тадбир ўтказишга киришилиб, шартли ёлланма қотил тадбирга жалб этилган. 2002 йилда туғилган ушбу шахс шартли ёлланма қотилга ўзи билан келишмовчилиги бўлган шахсни ўлдиришни буюриб, унинг эвазига 2200 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини беришни ваъда қилган.
Жорий йилнинг 27 январь куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида 24 ёшли шахс ёлланма қотилдан гримланган мурда фотосуратини қабул қилиб олгач, 2 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
У билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида қўлга олинган ушбу шахс ўзи ишлаб келаётган масъулияти чекланган жамиятнинг 1996 йилда туғилган раҳбари, Тошкент шаҳрида яшовчи қариндоши билан олдиндан мавжуд бўлган низолар ҳамда катта миқдордаги қарзи сабабли қотил ёллашга буйруқ берганини айтиб берган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят оламидан узоқлашмаймиз. Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида “Тайсон” қўлга олинди. Йўқ-йўқ, бу сиз ўйлаган инсон эмас. Шунчаки, машҳур боксчининг исмини ўзига лақаб қилиб олган шахс бошчилигида кўча безорилиги ва таҳдидлар билан шуғулланиб келган жиноий тўда фош қилинди. Бу ҳақда Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Шароф Рашидов тумани Олмачи маҳалласида яшовчи 1986 йилда туғилган “Тайсон” лақабли шахс, 1990 ва 1988 йилларда туғилган маҳалладошлари билан бир гуруҳда бўлиб, доимий равишда фуқароларга нисбатан турли кўринишдаги зўравонлик ҳаракатларини содир этиб келган. Улар фуқароларни ўлдириб кетиш билан қўрқитиб, жамиятда қўрқув ва беқарорлик муҳитини юзага келтирган.
Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида мазкур гуруҳ аъзолари жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, маҳалла ҳудудидаги озиқ-овқат дўкони олдида фуқароларнинг тинчлигини бузганлиги аниқланган. 1993 йилда туғилган маҳалладошига нисбатан зўравонлик қилиб, унинг бош қисмига синган шиша бўлаги билан урилган. Жанжални тўхтатмоқчи бўлган бошқа фуқароларга ҳам ҳеч бир сабабсиз жароҳатлар етказиб, уларга қаршилик кўрсатишган.
Оқибатда жабрланувчи бош мия чайқалиши, ўнг пешона суяги синиши, бурун соҳасининг лат ейиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Мазкур ҳолат юзасидан, Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми "г" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Нурзодбек Воҳидов
Live
Барчаси