100 дан ортиқ қозоғистонлик Эрондан эвакуация қилинди
Олам
−
18 Июнь 2045 2 дақиқа
Яқин Шарқдаги кескинлашиб бораётган вазият фонида Қозоғистон ҳукумати ўз фуқароларини Эрон ҳудудидан зудлик билан эвакуация қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.
Вазирликнинг маълум қилишича, юзага келган таҳликали вазиятга тезкор муносабат билдирилиб, мамлакатнинг тегишли давлат органлари ва хориждаги дипломатик ваколатхоналари ўртасидаги мувофиқлаштирилган ҳаракатлар эвазига 109 нафар Қозоғистон фуқаросининг хавфсиз эвакуацияси таъминланган.
Уларнинг 89 нафари Туркманистон орқали, 20 нафари эса Озарбайжон орқали Эронни тарк этган. Эвакуация вақтида барча фуқароларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган ва ватанига қайтиши учун зарур шароитлар яратилган.
“Қозоғистон ТИВ Эрон, Туркманистон ва Озарбайжон ҳукуматларига кўрсатган ёрдами ва конструктив ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдиради. Улар қозоғистонликларнинг бутун маршрут бўйлаб хавфсиз ва ўз вақтида кўчирилишида муҳим роль ўйнади”, дейилади расмий баёнотда.
Вазирлик маълумотига кўра, эвакуация жараёнида Қозоғистон дипломатлари 24 соатлик иш режимида маҳаллий ҳукуматлар билан ҳаракатларни мувофиқлаштирган, логистика масалаларини ҳал қилган ва ватандошларига жойларда зарур ёрдам кўрсатган.
Шунингдек, қисқа вақт ичида 200 дан ортиқ шахсий мурожаат кўриб чиқилиб, Эрон ҳудудидаги Қозоғистон фуқаролари билан узлуксиз алоқада бўлинган, уларнинг олдиндан келишилган транзит йўналишлари бўйлаб ҳаракатланиши таъминланган.
ТИВ қайд этишича, эвакуация ишлари давом этмоқда. Ҳозирда Исроилдан ҳам Қозоғистон фуқароларини эвакуация қилиш устида иш олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов 16 июнь ҳолатига кўра, 30 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Эрон ҳудудидан Туркманистон ва Озарбайжон орқали муваффақиятли эвакуация қилинганини билдирган эди.
Кейинроқ эса Ўзбекистон ва яна 16 давлатдан бўлган 600 нафар фуқаро Эрон ҳудудидан Озарбайжон орқали олиб чиқилгани хабар қилинди. Хусусан, МДҲ давлатларидан Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари эвакуация қилинган.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь