Россиядан қочинг ёхуд Путиннинг Ўзбекистон устида буюк режалари бор – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Россияда ўзбекистонлик мигрант ОМОНнинг қийноқлари оқибатида жон берди. Президент Путиннинг қароргоҳига Украина дронлари билан ҳужум уюуштирилгани иддао қилинди. Россиянинг Ўзбекистон билан боғлиқ буюк режалари борлиги очиқ айтилди. Нью-Йорк мэри Қуръон билан қасамёд қилиб, вазифасига киришди, Ўзбекистонда эса “Ўзгидроэнерго” компанияси раислигини собиқ раиснинг ўғли эгаллади. Эски ва янги йилнинг бирлашган ҳафтасида содир бўлган энг муҳим воқеалар тафсилоти Ҳафта воқеаларининг навбатдаги сонида. Камералар қаршисида Қамариддин Шайхов ва биз бошладик. 

Россияда тожикистонлик мигрант оиланинг 10 яшар боласи Қобилжон Алиев ўзи ўқийдиган мактабнинг 9-синфида таҳсил оладиган 15 яшар ўқувчининг миллатчилик руҳида содир этган қоттилиги қурбони бўлгани ҳақида кўп ва хўп гапирдик. Аслида мусибат бизнинг бошимизга аллақачон тушиб бўлган экан, фақат ҳеч ким миқ этмабди, исини чиқармабди. 

Қобилжонга нисбатан қотиллик 2025 йилнинг 16 декабрь куни содир этилган бўлса, ўша йилнинг 12 декабрь куни Россиянинг Хабаровск шаҳрида ўзбекистонлик мигрант, ўзимизнинг самарқандлик меҳнат муҳожири Россия кучишлатар тузилмалари – Махсус мақсадли мобил блок, яъни ОМОН томонидан амалга оширилган қийноқ оқибатида жон берди. Фақат бу ҳақидаги хабарлар воқеа содир бўлганидан 20 кун ўтиб, 2 январь куни оммавий ахборот воситаларига сиздирилди. 

Маълумотларга кўра, ҳодиса 12 декабрь куни Хабаровск шаҳрида содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда махсус кучлар ходимлари кафелардан бирига бостириб кириб, у ерда бўлган ўзбекистонлик фуқароларга нисбатан куч ишлатган. Оқибатда икки нафар фуқаро оғир тан жароҳатлари олиб, кома ҳолатига тушган, улардан бири бир неча кун ўтиб вафот этган. Иккинчи жабрланувчи ҳақидаги маълумотлар эса расман тасдиқланмаган.

Вафот этган фуқаро Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Жумавой қишлоғида туғилгани билдирилмоқда. Ҳозирча марҳумнинг жасади Ўзбекистонга олиб келинмаган. Лекин, 20 кундан бери қаерда сақланаётгани, нима учун ҳамон Россияда қолаётгани, унга нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган ё тайинланмагани, агар тайинланган бўлса, натижалари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Ҳатто, ҳуқуқ-тартибот органлари ўлим ҳолати бўйича иш қўзғатган ё қўзғатмагани ҳам номаълум. Бир одам ишлаш учун совуқ рус ўлкасига бориб, ўлиб кетяпти, лекин ҳамма жим. 

Ташқи ишлар вазирлиги эса токи ўзбекистонликнинг вафоти билан боғлиқ хабарлар оммавий ахборот воситаларида тарқалмагунча, яъни 20 кун давомида мум тишлаб ўтирди. Миграция агентлигини-ку айтмай қўя-қолайлик, доимгидек чуқур сукутда, ҳатто, хабарлар тарқалгандан кейин ҳам бу бўйича бирор изоҳ бермади, бош ирғаб ҳам қўймади. 

Вазирлик эса Бош консулхона марҳумнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб, зарур консуллик ва амалий ёрдам кўрсатаётганини айтиб чиқди. Жасадни Ватанга қайтариш бўйича тегишли ишлар олиб борилаётгани айтилди. 

“Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан Хабаровск ўлкаси Прокуратураси, Тергов бошқармаси ҳамда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Хабаровск ўлкасидаги ваколатхонасига ноталар юборилиб, ҳолатни ҳар томонлама холисона ва қонуний тартибда ўрганиш сўралди. 

Айни пайтда фуқаронинг вафот этиш сабаблари бўйича расман тасдиқланган маълумот мавжуд эмас. Тегишли идоралардан аниқ маълумотлар келиб тушиши билан жамоатчиликка қўшимча ахборот берилади”, дейилади Аҳрор Бурхоновнинг баёнотида. 

Аҳрор Бурҳоновга кўра, ижтимоий тармоқларда тилга олинган иккинчи фуқаро ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмаган. У Ўзбекистон дипломатлари хориждаги ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни устувор вазифа деб билишини қайд этган. 

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 2025 йил октябрь ойида берган маълумотларига ишонилса, 1,3 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик Россияда меҳнат мигранти мақомини олган. Бироқ норасмий маълумотларда Ўзбекистоннинг рўзғор дардида хорижга чиқиб кетган фуқаролари 3 миллиондан ортиқлиги, Россияда эса 2 миллиондан кўп ўзбекистонлик ишлаётгани айтилади. Ташқи ишлар вазирлигининг 2025 июнь ойида берган маълумотида эса Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони 1 миллиондан камроқ. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров эса Россияда ўзбекистонликнинг ўлдирилиши бўйича муносабат билдириб, ўзбекистонликларни Россия Федерацияни тарк этишга чақирди. 

“Ишонинг, вазият ой сайин фақат ёмонлашади. Рус махсус хизматлари Марказий Осиёликларни Россияда кутилаётган нотинчликларнинг фаол иштирокчиси сифатида тахмин қилмоқда, шу сабабли улардан келадиган фойдадан аллақачон кечиб бўлинган. Ақлингизни ишлатинг, Россиядан тезроқ кетинг! Ҳеч қандай даромад ота-оналар ва фарзандларингизнинг кўз ёшига арзимайди!” дейди Алишер Қодиров. 

Шу ўринда савол туғилади. Гап инсон ҳаёти, бир эмас, минглаб одамлар тақдири ҳақида бормоқда. Биргина ўлим вазиятнинг асл юзини ифода эта олмаслиги мумкин, аммо кўп нарса ҳақида ишора бера олади. Шундай вазиятда Ўзбекистондан Россияга Ташқи ишлар вазирлиги даражасида эмас, балки консулхона даражасида нота юборилиши қанчалик тўғри? Тожикистон Қобилжоннинг ўлими ортидан Ташқи ишлар вазирлиги даражасида нота юборди. Россиянинг Душанбедаги элчиси вазирликка чақирилди. Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцевга қўнғироқ қилиб, қотилликни жиддий текширишни талаб қилди. Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу Тожикистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Юсуф Раҳмон билан боғланиб, текширувни назоратга олганини билдирди. Охирида ғамгусор қарашлар, ух тортишлар ва битта таъзия билан қутулинган бўлса-да, нималардир қилинди ҳисоб. Қани Ўзбекистонда бу жасорат? Нега лоақал Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси ТИВга чақирилмаяпти. У кишим байрамни нишонлаш, табрик йўллаш ва Россиянинг Ўзбекистон билан боғлиқ улкан режалари ҳақида мужда бериш билан банд. Бу масалага бироздан кейин тўхталамиз. 

Россия Украина ҳудудларига қуролли босқинни бошлаганининг тўртинчи йили тўлишига икки ой қолганда ва шу кунларда Украинага тинчлик кафолати масаласи муҳокамада бўлиб турган бир пайтда Федерация Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 29 декабрь куни Украина Қуролли кучлари 91 та дрон билан Президент Владимир Путиннинг Новгород вилоятидаги давлат резиденциясига ҳужум қилишгани ҳақида бонг урди. Аммо, на қурбон бор, на из, на исбот... Орадан бир ҳафта ўтди ҳамки, Россия махсус хизматлари ҳам, бу ҳақда хабар берган Лавровнинг ўзи ҳам ҳужумга оид фактларни эълон қилгани йўқ. 

Лавровнинг айтишича, ушбу ҳужумни инобатга олган ҳолда Россиянинг тинчлик музокараларидаги позицияси қайта кўриб чиқилади, бироқ Москва АҚШ билан музокаралар жараёнидан чиқиш ниятида эмас.

Воқеа тафсилотларининг қизиқ томони шундаки, ҳужум вақтида Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШнинг Флорида штатида жойлашган Мар-а-Лаго қароргоҳида мавқедоши Дональд Трамп билан Тинчлик музокараларини муҳокама қилаётганди. 

Музокаралар тугагач, ҳужумдан “хабар топган” Владимир Зеленский Лавровнинг баёнотини ёлғон деб атаб, буни Россиянинг Киевдаги ҳукумат кварталига зарба бериш режалари билан боғлади. Украина Президентининг фикрича, Москва бундай баёнотлар орқали Киев ва Вашингтон ўртасидаги тинчлик музокараларида эришилган илгарилашни издан чиқаришга уринмоқда. У Дональд Трампни Россия таҳдидларига муносиб жавоб беришга чақирди. 

31 декабрь куни АҚШ Марказий разведка бошқармаси вазиятга ойдинлик киритди. Разведка бошқармасига кўра, Украина махсус кучлари Россия Президенти Владимир Путиннинг Новгород вилояти – Валдайдаги қароргоҳига ҳужум қилишга уринмаган. МРБ хулосасига кўра, 29 декабрга ўтар кечаси украин дронлари Путиннинг қароргоҳи жойлашган ҳудуд билан бир минтақадаги ҳарбий объектга зарба беришга уринган, бироқ ушбу объект қароргоҳга яқин жойлашмаган. АҚШ разведкаси Россия ҳаво ҳудудига уюштирилаётган ҳужумларни сунъий йўлдошлар ва радарлар орқали кузатиш имкониятига эга. МРБ директори Жон Рэтклифф разведка хулосаларини АҚШ Президенти Дональд Трампга етказган. Орадан кўп ўтмай, Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида “New York Post” газетасининг таҳлилий мақоласига ҳавола эълон қилди. Унда Украина Путиннинг қароргоҳига зарба бермагани айтилган. 

Россия Президентининг қароргоҳига қилинган ҳужум ҳақидаги даъволарида қатъий турмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги Америка томонга навигацион контроллер тақдим этди ва у Новгород вилоятида Путиннинг қароргоҳига учиб келган Украин дронидан олинганини даъво қилди. Иддаога кўра, Россия махсус хизматлари томонидан ўтказилган шифрни очиш ишлари “баҳс-мунозарасиз ва аниқ” тарзда ҳужумнинг нишони айнан Путиннинг Валдайдаги қароргоҳи бўлганини тасдиқлаган. 

30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. 

Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Россия Президентининг Нижний Новгород вилоятидаги қароргоҳига ҳужум қилишга уринишни қатъий қоралаган. Бундай хатти-ҳаракатлар барқарорлик ва хавфсизликка, шу жумладан узоқ муддатли тинчликка эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларга таҳдид солиши таъкидланган.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Россия раҳбариятининг Ўзбекистон билан боғлиқ улкан режалари бор. Булардан бири – Ўзбекистонда ҳаёт сифатини яхшилаш. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Алексей Ерхов ўзининг Янги йил табригида айтиб ўтди.  

“Президентлар Владимир Владимирович Путин ва Шавкат Миромонович Мирзиёев ўртасидаги ишончли, очиқ ва конструктив мулоқот ютуқлар ва истиқболлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бу Россия-Ўзбекистон муносабатларининг барча соҳалари учун стратегик йўналиш ва юқори суръатни белгилайди”, дейилади табрикда. 

Элчига кўра, 2025 йил Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда бой ва самарали давр бўлган, мамлакатлар стратегик шериклик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлашда сезиларли ютуқларга эришган.

Шунингдек, интенсив делегация алмашинувлари икки томонлама кун тартибини Россия ва Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига қаратилган аниқ мазмун билан тўлдириш имконини берган.

“Бизнинг олдинда улкан режаларимиз бор – ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш, минтақалараро алоқаларни кенгайтириш, иқтисодий ўсиш, технологик ривожланиш учун қўшимча шароитлар яратиш ва ҳаёт сифатини яхшилаш”, дейди дипломат. 

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник ҳам Ўзбекистон халқини Янги йил билан табриклади. Унинг табригидаги Россия элчисиникидан энг катта фарқ, тилаклар ўзбек тилида бўлгани ва элчихонанинг бошқа ходимлари ҳам элчига шерик бўлиб, ўзбек тилида табрик йўллагани. 

Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари тарихда илк бор мисли кўрилмаган даражага чиқди. Куни кеча АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ўзи Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилиб, уни Янги йил билан табриклаганди. Президентлар Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилганди. 2026 йилда Шавкат Мирзиёев Трампнинг таклифига биноан Майамида бўлиб ўтадиган катта йигирматалик давлатлари раҳбарларининг саммитида иштирок этиши кутилмоқда. 

2025 йилнинг биринчи ярмида АҚШдан Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2024 йилга нисбатан 10,3 фоизга ошган. Ўзбекистон АҚШ томонидан жорий этилган янги қатъий виза чекловлари рўйхатига  киритилмаган, бу эса фуқаролар учун кириш имкониятларини сақлаб қолмоқда, аммо бу ўта мураккаб. 

2026 йил 1 январдан Ўзбекистон АҚШ фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим кучга кирди. Бунга жавобан АҚШдан ўзбекистонликлар учун виза муддатини 10 йилгача узайтириш таклиф қилинган. Аммо, ҳозирча қувонарли натижа йўқ. 

Нью-Йоркнинг ўша тилга тушган мэри, 2025 йилда сайловларда ғолиб бўлиб, 1 январдан лавозимига тўлалигича киришган Зоҳран Мамдани Қуръонга қўл қўйган ҳолда қасамёд қилди. 

Энг эътиборли жиҳати, маросим Янги йилнинг дастлабки дақиқаларида 1945 йилда ёпилган Манхеттендаги City Hall метро бекатида бўлиб ўтди. Мамданининг жамоаси бу манзилни бежиз танланмаган, мэр бу орқали оддий ишчи одамларга яқинлигига ишора беришни истаган. 

Нью-Йорк шаҳар мэрлари қонун бўйича бирон бир диний матнга қасамёд қилишлари шарт эмас, аммо илгари аксарияти Муқаддас Китобларни тутганча, қасамёд қилган. Мамдани Қуръон билан қасамёд қилган биринчи Нью-Йорк мэри бўлди. У учта нусхадан фойдаланган: бобосига тегишли Қуръон, ёзувчи Артуро Шомбург тўпламидан Нью-Йорк жамоат кутубхонасига тақдим этилган Қуръон ҳамда бобоси ва бувисига тегишли оилавий мерос Қуръон.

Нью-Йорк шаҳрининг 111-мэри учун сайловлар 2025 йилнинг 4 ноябрь куни бўлиб ўтди. Демократик партия ва Ишчи оилалар партияси томонидан номзод қилиб кўрсатилган Зоҳран Мамдани 50,3% овоз олди. Иккинчи ўринни АҚШ Президенти Дональд Трамп сайловчиларни овоз беришга чақирган ва шаҳарни молиялаштиришни қисқартириш билан таҳдид қилган мустақил номзод Эндрю Куомо эгаллади. Куомо 2011 йилдан 2021 йилгача Нью-Йорк губернатори бўлиб ишлаган, аммо жинсий зўравонлик айбловларидан кейин истеъфога чиққан ва кейин демократлар партиясининг дастлабки сайловларида Мамданига ютқазганди. 

34 ёшли Мамдани сайловчиларга бепул ва тезкор автобуслар жорий этиш, муниципал озиқ-овқат дўконлари тармоғини яратиш, умумий мактабгача таълимни йўлга қўйиш ҳамда ижара ҳақи тартибга солинган квартираларда яшовчи қарийб 2 миллион шаҳар аҳолиси учун ижара тўловларини музлатиб қўйишни ваъда қилган. Мамдани Нью-Йорк тарихида мусулмон бўлган ва келиб чиқиши жанубий осиёлик илк сиёсатчи сифатида мэр лавозимини эгаллади.

Мамлакат Президенти Доналд Трамп Зоҳран Мамданини “коммунистик жинни” ва “вақти келиб юз берадиган фалокат” деб атаганди. Мамданининг ўзи эса шаҳар манфаатлари йўлида Трамп билан ҳамкорлик қилишга уриниши, бироқ ўзини қўрқитишга йўл қўймаслигини билдирган. Кейинроқ Зоҳран Мамдани Оқ уйнинг Овал кабинетида Дональд Трамп билан учрашди. Учрашув давомида Трамп бир неча бор Мамданининг қўлини дўстона ушлаб, уни елкасидан қоқиб турган.

Шуни эслатиш ўринлики, Мамдани сайланибоқ ўзбекистонликларнинг тилига тушган мэр бўлди. У 5 ноябрь куни ғалаба нутқида ўзбек ҳамшираларига миннатдорлик билдирди.

Энди Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берган шахсларга ҳимоя ордери берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил якунида имзолаган “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида айтилган.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан “Рақамли комплаенс” ахборот дастурий комплекси синов режимида ишга туширилади.

Коррупциянинг олдини олиш кластери иштирокчилари ўртасида тезкор маълумот алмашиш, Дастурий комплекснинг “E-Komplaens” модулини ишга тушириш орқали коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш унинг асосий вазифаси саналади. 

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат органлари ва ташкилотлари марказий аппаратининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларига тизим ташкилотларига қонун бузилиши ҳолатларини олдини олиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган кўрсатма ва уларни бартараф этиш юзасидан тақдимномалар киритиш ҳуқуқи берилади.

Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни меҳнат фаолиятида таъқиб, тазйиқ ҳолатларидан ҳимоя қилиш мақсадида, Агентлик томонидан ҳимоя ордерини тақдим этиш амалиёти жорий қилинади.

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшган шахсларни рағбатлантириш мақсадида “Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилади.

2025 йилнинг 17 декабрь куни Баҳодиржон Сиддиқов “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқарув раиси лавозимидан кетиб, унинг ўрнини 2017 йилдан “Ўзбекгидроэнерго” аксиядорлик жамиятини бошқариб келаётган Абдуғани Сангинов эгаллаган эди. 

Хўш, Абдуғани акадан “Ўзбекгидроэнерго”даги бўшаган ўринга ким ўтирди, деб ўйлайсиз? Ислом Абдуғаниевич! Бу исм сизга Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовни эслатаётган бўлса, ажаб эмас. Лекин, гап Каримов ҳақида эмас, Ислом Абдуғаниевич Абдураҳмонов ҳақида бормоқда. 

Гап шундаки, Ислом Абдуғаниевич Абдураҳмонов “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига тайинланди. Тугаётган ҳафтада Ислом Абдураҳмонов акциядорлик жамиятининг собиқ раҳбари Абдуғани Сангиновнинг ўғли экани ҳақидаги маълумотлар ўртага чиқди ва рад этилмади. Бундан кўринадики, от изини той босар деганларидек, Сангиновдан бўшаган ўринга унинг ўғли ўтирган. 

Энг қизиғи, Ислом Абдураҳмонов 2020 йил май ойида фожиа юз верган Сардоба сув омборини қуришда қатнашган компаниялардан бирининг асосий улушдори ҳисобланади. Хусусан, корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, “To’palang HPD Holding”нинг 61,7 фоиз улуш Ислом Абдураҳмоновга тегишли. Ҳатто, “Ўзгидроэнерго” сайтида ҳам Абдураҳмонов 2018 йилдан 2025 йилгача “To’palang HPD Holding”  МЧЖ Бош директори лавозимида ишлагани ёзилган. 


 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Шавкат Мирзиёев Самарқанд Ўзбекистон Дональд Трамп Путин Владимир Зеленский Нью-Йорк Марказий Осиё ОМОН Аҳрор Бурхонов Алексей Ерхов Қобилжон Алиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг