2014 йилги Жаҳон чемпиони фаолиятини якунлади
Спорт
−
20 Сентябрь 2929 2 дақиқа
Германия терма жамоаси сафида 2014 йилги Бразилияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган, 37 ёшли Жером Боатенг профессионал футболчилик фаолиятини якунлади. Ҳимоячи бу ҳақда ижтимоий тармоқда хабар бериб, эсда қоларли лаҳзалар акс этган видеони жойлаштирди.
“Оила. Дўстлар. Мухлислар. Вақт келди”, деб ёзади Боатенг ижтимоий тармоқлардаги хайрлашув постида.
Боатенг 2006 йилдан бери марказий ҳимоячи сифатида профессионал футболда тўп сурди. Фаолиятининг асосий қисмини “Бавария”да ўтказиб, 2011-2021 йилларда 364 та ўйин ўтказди ва 10 та гол урди. Мюнхен клуби билан у тўққиз марта Бундеслига чемпиони бўлди, икки марта Чемпионлар лигасида (2013, 2020) ғалаба қозонди ва жами 25 та соврин қўлга киритди.
Шунингдек, Боатенг “Герта”, “Гамбург”, “Лион”, “Салернитана” ва Австриянинг “ЛАСК” клубларида ҳам тўп сурган. Сўнгги жамоаси “ЛАСК” бўлиб, у билан бир мавсум ўйнаганидан сўнг 2025 йил августида клубдан кетган эди.
Германия терма жамоаси сафида Боатенг 76 та ўйин ўтказган. 2014 йилги Бразилияда ўтказилган жаҳон чемпионатида терма жамоаси билан мундиал ғолиби бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилги жаҳон чемпионати ғолиби Самюэль Умтити ҳам яқинда футболчилик фаолиятини якунлаганини эълон қилган эди.
Live
Барчаси