Adworld'ни реклама қилган икки блогер иши судга юборилди
3-саҳифа
−
22 Август 21136 2 дақиқа
Аввалроқ, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш хизматларини лицензиясиз амалга оширган “Adworld Group” компанияси аниқланганди. Ушбу фирмани реклама қилган блогерлар Отабек Жўраев ҳамда Абдураҳмон Абдураҳмоновга нисбатан баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Билдирилишича, ушбу икки блогер томонидан “Adworld Group” МЧЖ фаолиятига оид хорижга ишга юбориш хизматлари ҳақида реклама-ахборотлари жойлаштирилиб, фуқароларга корхона консалтинг хизматлари эмас, айнан хорижга ишлаш учун юбориш бўйича хизматлар билан шуғулланиб келаётгани реклама қилингани аниқланган.
“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлари уларда Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда тақдим этилиши белгиланган. Бунда, тегишли лицензиясиз хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш тақиқланади.
Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасида ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни реклама қилиш тақиқланган”, дея эслатган Рақобат қўмитаси.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ижтимоий тармоқларда ўз блогларини юритувчи фуқаролар Oтабек Жўраев ва Абдураҳмон Абдураҳмоновга нисбатан қонун бузилиш ҳолати бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, судга юборилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков хусусий университетни реклама қилганди.
Live
Барчаси