Афғонистонда интернет бутунлай ўчирилди
Олам
−
30 Сентябрь 9300 1 дақиқа
Кеча, 29 сентябрь кунидан бошлаб Афғонистонда интернет бутунлай ўчирилди. Бу ҳақда халқаро интернет мониторинг хизмати “NetBlocks” хабар берди.
Маълум қилинишича, мамлакатда “Толибон” муваққат ҳукумати “ахлоқни сақлаш” сиёсати доирасида бундай чорани кўрган.
“Афғонистон ҳозир интернетдан тўлиқ узилган ҳолда, чунки “Толибон” ҳукумати ахлоқий нормаларга риоя қилиш чорасини кўрмоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, телефон алоқаси ҳам издан чиққани билдирилган.
ОАВга кўра, бу ҳодиса 2021 йил августидан, яъни “Толибон” ҳокимиятни эгаллаганидан бери биринчи марта юз бермоқда.

Қайд этиш жоиз, сентябрь ойининг ўрталарида “Толибон” “ахлоқни муҳофаза қилиш” баҳонасида Афғонистон шимолида оптик толали интернетни ўчириб қўйган эди. Ҳукумат вакиллари буни “бузуқликнинг олдини олиш” билан изоҳлаган.
Ўшанда фақат Балх вилоятида интернет ўчирилгани айтилган, бироқ ОАВ Афғонистоннинг яна тўртта вилоятида ҳам шу каби ҳолатлар кузатилганини ёзган. “Толибон” эса унга изоҳ бермаган.
Интернет ўчирилиши ортидан кўплаб вилоятлар ва йирик шаҳарлардаги ҳукумат идоралари, уй хўжаликлари ва хусусий корхоналар Wi-Fi’дан маҳрум бўлган. Шунга қарамай, ўша пайтда мобил интернет ишлашда давом этаётгани билдирилганди.
Live
Барчаси