Афғонистонда интернет қайта тикланди
Олам
−
02 Октябрь 3190 2 дақиқа
Кеча, 1 октябрь кунидан бошлаб Афғонистонда интернет алоқаси қайта тикланди. Бу ҳақда “Tolo News” хабар берди.
Мамлакат аҳолиси деярли 48 соат давомида ташқи дунёдан узилиб қолган эди. Узилиш кўплаб соҳалар фаолиятига таъсир кўрсатди.
Халқаро интернет-мониторинг хизмати “NetBlocks” маълумотига кўра, интернет қисман қайта ёқилган. “Tolo News” хабарига кўра, телекоммуникация ва интернет хизматлари икки кунлик танаффусдан кейин тикланган. BBC эса ҳукуматга яқин манбага таяниб, интернет махсус тарзда “Толибон” Бош вазирининг буйруғи билан қайта ёқилганини ёзди.
Афғонлар интернет қайтгани муносабати билан кўчаларга чиқиб нишонлади. 48 соатлик узилиш вақтида корхоналар ва авиация қатнови издан чиқди, фавқулодда хизматларга мурожаат қилиш қийинлашди. Қобул маркази анча сокинлашди, банклар ёпилди, савдо марказлари деярли бўш қолди. Валюта бозорида халқаро пул ўтказмалари тўхтади, бу эса чет элда ишлаётган оила аъзолари юборадиган муҳим маблағларнинг келмаслигига сабаб бўлди. Туристик агентликлар ҳам ёпилди ёки фақат қисман ишлади, мамлакатга ва ундан ташқарига рейслар бекор қилинди.
БМТ баёнотида айтилишича, интернетнинг узилиши туфайли Афғонистон ташқи дунёдан амалда тўлиқ ажралиб қолган.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатда интернет 29 сентябрь куни ўчириб қўйилганди. “Толибон” муваққат ҳукумати “ахлоқни сақлаш” сиёсати доирасида бундай чорани кўрган.
Live
Барчаси