Афғонистондан Термизга снаряд отган шахсга суд ҳукми ўқилди

3-саҳифа

image

2022 йил 5 июль куни Афғонистон ҳудудидан Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрига 5 та снаряд келиб тушган эди. Кейинчалик Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди. Жорий йилнинг 26 июнь куни ушбу ишни амалга оширган Ўзбекистон фуқароси 16 йилга озодликдан маҳрум этилди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.

Ҳукмга кўра, 1978 йилда туғилган О.С. 2013 йилда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги “Жиҳодчилар” экстремистик “жамоати”га қўшилиб, “жиҳод” ва “ҳижрат” мавзуларидаги маърузаларни тинглаб, йиғилишларда муҳокама қилган.   Шундан сўнг, О.С. 2013 йилда Россия Федерациясининг Уфа шаҳрига бориб, ушбу ҳудуддаги қурилиш объектларида ишлаш давомида “Жиҳодчилар" диний экстремистик ташкилотининг “Уфа шаҳри” жамоати масъулларидан бўлган шахс ғоялари таъсирига тушган.

У 2013 йил дастлаб Озарбайжон орқали Эронга, кейин эса Эрон орқали 2014 йилда Покистонга ўтган ва у ерда “Туркистон ислом ҳаракати” (ТИҲ) сафида экстремистик фаолиятни давом эттириш ниятида эканини “баят” орқали тасдиқлаган. У Покистоннинг Мирали шаҳрига ўтган ва ўша ерда “Хаббоб” тахаллусини олган ҳолда ТИҲ сафида ҳаракат қилган.

О.С. Покистон ва Афғонистон ҳудудидаги жангарилик лагерларида қурол-яроғ, портловчи моддаларни тайёрлаш ва қўллашни ўрганган. Шунингдек, ТИҲ сафидаги аъзолар билан бирга Афғонистондаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган.

У 2016 йилда ТИҲ гуруҳларга бўлиниб, тарқалиб кетгач, “Ислом давлати Хуросон вилояти” (ИДХВ) жамоасига қўшилган. Бу ерда янги аъзоларни қабул қилиш, моддий таъминотни йўлга қўйиш, медиа марказда тарғибот видеоларини тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланган. Хусусан, “Хуросон овози” каналининг “Жумадан жумагача” дастурида Сапаровнинг овози орқали Ўзбекистон ҳудудида ҳокимиятни ағдариш, конституцияга қарши ҳаракатлар қилиш каби даъватлар тарқатилгани экспертиза билан исботланган.

Шунингдек, О.С. ИДХВ сафида 2016-2024 йиллар давомида Афғонистоннинг Жалолобод, Қундуз, Мозори Шариф ва Қобул провинцияларида ҳукумат қўшинлари ва Америка Қўшма Штатлари бошчилигидаги коалиция кучларига қарши, сўнгра “Толибон” қўшинларига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этиб, турли террорчилик фаолиятларини амалга оширган.

2022 йил июнь ойида у дастлабки терговда шахси аниқланмаган “Х.Осимий”, “Абу Муҳаммад Тожикий”, “Зубайр” ва бошқа гуруҳ аъзолари томонидан Қобул шаҳрида ҳинд-сикхийлар ибодатхонаси, Россия элчихонаси ва шаҳарнинг бир неча марказий кўчаларида қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилган. Оқибатда тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар бўлган.

Бундан ташқари, О.С. дастлабки терговда шахси аниқланмаган қуролли гуруҳ аъзолари “Ториқ” ва “Хафизуллох Нурмуҳаммад ўғли”, бошқа бир гуруҳ шахслар билан биргаликда Тожикистон ва Ўзбекистонга ракета снарядлари отилишида иштирок этган.

Хусусан, 2022 йилнинг 5 июль куни соат 17:00 лар атрофида улар томонидан 107 мм RSZO (ўт очиш реактив тизими) ускунасидан отилган 5 дона 100 мм калибрли қўлбола снарядлари Термиз шаҳридаги вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳовлисида жойлашган стадион ҳамда 4 та хусусий хонадонга келиб тушиб, уйларнинг деворларига зарар етказган.

Шу йилнинг июль ойида қуролли гуруҳ аъзолари Қобул шаҳрида теракт содир этиш мақсадида ҳаракатланган вақтида “Толибон” ҳаракати томонидан қўлга олинганидан сўнг, Сапаров Эрон орқали Покистоннинг Кветта шаҳрига қочиб, у ерда ХТТ сафида фаолият олиб боришни давом эттирган.

2024 йил 20 сентябрь куни тунда Покистон хавфсизлик кучлари томонидан Сапаров ва унинг шериклари яшаш хонадонларида қўлга олинган ва Кветта шаҳар қамоқхонасига жойлаштирилган. Улар жорий йилнинг 24 январига қадар қамоқхонада сақланган. 24 январь куни Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан махсус рейс билан Тошкент шаҳрига олиб келинган.

Жорий йилнинг 26 июнь куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида ушбу иш кўриб чиқилган. О.С. судда қилмишидан пушаймон эканини, ўз ҳаракатларининг оқибатини тўлиқ тушуниб етганини, бундан кейин бу каби жиноятларни содир этмаслигини билдирган. У суддан оилавий шароитини, муқаддам судланмаганини инобатга олиб, нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.

Суд ҳукми билан О.С. Жиноят кодексининг 155-моддаси 3-қисми “б” банди (оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган терроризм), 155-2-моддаси (террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) 1-қисми, 159-моддаси 3-қисми “б” банди (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 161-моддаси (қўпорувчилик), 244-1-моддаси 3-қисми “а, г” бандлари (олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан, оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244-2-моддаси 1-қисмида (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Шу тариқа О.С. га Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Андижон шаҳрида жорий йилнинг май ойида жиҳодчилар диний экстремистик оқимининг яширин жамоати фаолияти аниқланганди. Жамоат етакчиси Андижон шаҳрида яшовчи 1981 йилда туғилган У.А. ўз атрофига 12 нафар шахсларни йиғиб, жамоат ташкил этган ҳолда шаҳардаги турли чойхоналарда тўпланиб, келгусида Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилотига  қўшилишни ният қилган. Шунингдек, улар ўзаро “Байтулмол” кўринишида пул маблағлари йиғиб, ўз тарафдорларига бериб келган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Термиз снаряд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг