АҚШ ҳукуматининг иши яна ортга сурилди
Олам
−
23 Октябрь 2456 2 дақиқа
АҚШ Сенати федерал ҳукуматни қайта молиялаштириш ва “шатдаун”ни (бюджет қабул қилинмагани сабаб ҳукумат ишининг вақтинча тўхташи) тугатиш учун мўлжалланган қонун лойиҳасини 12-бор овозга қўйди, аммо яна қабул қилинмади. Бу ҳақда CBS News хабар берди.
54 сенатор қонунни қўллаб-қувватлаган, 46 нафари эса қарши чиққан. Бироқ ҳужжатнинг тасдиқланиши учун камида 60 та овоз керак эди.
“Шатдаун” октябрь бошидан бери давом этмоқда. Унинг сабаби – республикачилар ва демократлар орасида буджетдаги муҳим харажатлар, жумладан соғлиқни сақлаш тизими харажатлари бўйича келишмовчиликлар мавжудлиги.
Бу “шатдаун” давомийлик бўйича иккинчи ўринда турибди. Биринчи энг узун “шатдаун” 2018 йилнинг охири ва 2019 йилнинг бошида Дональд Трампнинг биринчи президентлик муддатида 35 кун давом этган эди.
АҚШ Молия вазири Скотт Бессантнинг маълум қилишича, ҳукумат ишлари тўхтаб тургани учун мамлакат иқтисодиёти ҳар куни 15 миллиард долларгача зарар кўрмоқда. Бу ишлаб чиқариш ва инвестицияларга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шунингдек, АҚШ Миллий иқтисодий кенгаши директори Кевин Хассеттнинг огоҳлантиришича, агар “шатдаун” узоқ давом этса, давлат хизматчилари орасида оммавий ишдан бўшатишлар бошланиши мумкин.
“Politico” нашрининг ёзишича, бир ойлик “шатдаун” оқибатида 43 минг киши ишсиз қолиши мумкин. Бундан ташқари, 1,9 миллионга яқин федерал хизматчи маош тўланмайдиган таътилга юборилган ёки вақтинчалик маош олмасдан ишлашда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШда ҳукуматнинг молиявий фаолияти тўхташи фонида авиадиспетчерлик хизматида ходимлар етишмаслиги минглаб рейсларнинг кечикиши ва бекор қилинишига сабаб бўлганди.
Live
Барчаси