АҚШ Эрон билан уруш туфайли ўз захираларини тугатди – CNN
Олам
−
22 Апрель 4960 2 дақиқа
Қўшма Штатлар Эрон билан уруш туфайли ўз арсеналларини сезиларли даражада камайтириб юборган. Бу ҳақда экспертлар ва АҚШ Мудофаа вазирлигининг захиралари бўйича ҳисоб-китоблардан хабардор шахсларга таяниб, CNN хабар берди.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, АҚШ ҳарбийлари муҳим ракеталар захирасини жиддий равишда сарфлаб бўлган:
- Precision Strike Missile ракеталари захирасининг камида 45 фоизи;
- Баллистик ракеталарни тутиб олиш учун мўлжалланган THAAD ракеталари арсеналининг камида ярми;
- Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими тутиб олувчи ракеталари захирасининг қарийб 50 фоизи.
Экспертларнинг баҳолашича, бу ҳолат агар яқин бир неча йил ичида янги низо келиб чиқса, қисқа муддатли истиқболда ўқ-дорилар етишмовчилиги хавфини юзага келтиради. Алоҳида таъкидланишича, аввалроқ Пентагон ракеталар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ёрдам берадиган бир қатор шартномаларни имзолаган. Бироқ ишлаб чиқариш қувватлари оширилган тақдирда ҳам, ушбу тизимларни қайта тўлдириш учун етказиб бериш муддати уч йилдан беш йилгача вақтни олади.
“Ўқ-дориларнинг юқори даражада сарфланиши Тинч океанининг ғарбий қисмида ҳимоясизлик ойнасини (заифлик даврини) юзага келтирди”, деб баёнот берган нашрга АҚШ Денгиз пиёдалари корпусининг истеъфодаги полковниги Марк Кансиан.
Шунга қарамай, Пентагоннинг асосий вакили Шон Парнелл нашр мухбирларига ҳарбийлар Президент томонидан танланган вақт ва жойда вазифаларни бажариш учун зарур бўлган барча нарсага эга эканини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш ҳақида буйруқ берганди. Унинг айтишича, Покистон раҳбарияти воситачилик қилиб, АҚШдан Эронга зарбаларни вақтинча тўхтатишни сўраган. Шу сабаб Трамп АҚШ Қуролли кучларига Ҳормуз бўғозидаги блокадани давом эттириш, жанговар тайёргарликни сақлаб туриш ва музокаралар якунига қадар сулҳни узайтиришни буюрган.
Live
Барчаси