АҚШ Россияга янги “совға” тайёрлади
Олам
−
29 Май 16420 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Россияга қарши янги “совға” сифатида санкциялар пакетини тайёрлади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу чоралар банк соҳаси ва энергетика секторига нисбатан чекловларни ўз ичига олади. Санкциялар фақат Президент Дональд Трамп тегишли фармойиш берган тақдирда кучга киради.
Нашрнинг манбаси бўлмиш Оқ уй мансабдорларига кўра, Трамп бу санкцияларни Москва билан муносабатларда кескинликни кучайтириши мумкин бўлган қадам сифатида кўриб чиқмоқда. Бу эса ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунга қарамай, АҚШ Президенти Россия билан иқтисодий ҳамкорлик ривожланишига ҳали ҳам умид қилмоқда.
Қолаверса, бир муддат олдин “The Wall Street Journal” ҳам Трампнинг бу ҳафта Россияга қарши санкциялар жорий этиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди. Нашр манбаларига кўра, Трамп Россия Президенти Владимир Путиннинг ҳаракатларидан ва тинчлик музокараларининг суст боришидан норози.
Шу билан бирга, WSJ манбаларининг қайд этишича, Трамп Украинада тинчликка эришиш бўйича музокаралардан чарчаган ва агар сўнгги уринишлар самарасиз бўлса, ундан бутунлай воз кечиш ҳақида ўйламоқда. Журналистларнинг таъкидлашича, агар АҚШ бу саъй-ҳаракатлардан воз кечса, нима бўлади ва Трамп бу ҳолатда Украинага ҳарбий ёрдам беришда давом этадими ёки йўқми, каби саволлар очиқ қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 19 май куни россиялик мавқедоши Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатдан сўнг Россияга қарши янги санкциялар жорий қилмаслигини маълум қилганди. Буни у Украинадаги урушни тугатиш масаласида ҳали олдинга силжиш имконияти мавжудлиги билан изоҳлаган.
Live
Барчаси