АҚШ суди Сурияни 20 млн доллар жаримага тортди
Олам
−
30 Май 5669 2 дақиқа
АҚШ суди Сурия устидан америкалик саёҳатчи Сэм Гудвин фойдасига 20 млн доллардан ортиқ миқдорда компенсация тўлови тайинлади. Бу ҳақда “Fox News” хабар берди.
Маълум қилинишича, саёҳатчи 2019 йилда Сурия ҳудудида 63 кун давомида ноқонуний равишда ҳибсда сақланган.
АҚШнинг федерал судьяси Коллин Коллар-Котелли томонидан чиқарилган ҳукмга кўра, Сурияга нисбатан 20 млн 201 минг 620 АҚШ доллари миқдорида жарима тайинланган. Шундан тахминан 10 млн доллари компенсацион ва жазоловчи тўловларни ташкил этади. Мазкур маблағлар, эҳтимол, АҚШда мавжуд Давлат терроризм қурбонларига тўловлар жамғармаси орқали қопланган бўлиши мумкин. Ушбу жамғарма санкциялар ва жарималар ҳисобидан молиялаштирилади.
Гудвиннинг бош адвокати “Miller & Chevalier” юридик фирмасининг вакили бу қарорни инсон ҳуқуқларини бузаётган давлатларни жавобгарликка тортиш йўлидаги муҳим қадам деб атаган.
“Сэм Гудвин бошидан кечирган азоблар ўрнини ҳеч нарса босолмайди, аммо бу қарор – жазосизликка қарши курашда муҳим ютуқ”, деган адвокат.
Гудвин – Миссури штатидаги Сент-Луис шаҳридан бўлган собиқ университет хоккейчиси. У 2019 йилда дунё бўйлаб саёҳат қилаётган эди. У Сурия-Ироқ чегарасидаги Қамишли шаҳрида тўхтаган. У ерда курдлар саёҳатчини АҚШ билан назорат ўрнатган деб ўйлаган. Аммо у кейинчалик қуролли шахслар томонидан ҳибсга олиниб, Суриянинг 215-ҳарбий разведка бўлимига олиб кетилган. У ерда 27 кун давомида якка камерада сақланган.
Адвокатларга кўра, Гудвин суриялик ҳарбийлар томонидан қийноққа солинган ва ИШИДга топшириш билан қўрқитилган. Унинг озод қилиниши Ливан генерали Аббос Иброҳимнинг воситачилиги орқали амалга ошган.
”Бу қарор фақат мен учун эмас, инсон ҳуқуқлари поймол этилаётган бошқа жойларда ҳам адолат излаётганлар учун умиддир. Бу жиноятларни содир этаётганларга сигнал бўлсин – жазосизлик абадий эмас”, деган Гудвин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи кенгаши Сурияга нисбатан қўлланилган барча иқтисодий чеклов чораларини (фақат хавфсизлик билан боғлиқ санкциялар бундан мустасно) бекор қилиш тўғрисида юридик ҳужжатларни қабул қилгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси