АҚШ ўз фуқароларини Эронни зудлик билан тарк этишга чақирди
Олам
−
22 Апрель 8708 1 дақиқа
АҚШ Давлат департаменти мамлакатда авиақатновлар қисман тикланганига қарамай, америкаликларни Эронни зудлик билан тарк этишга чақирди. Бу ҳақда маҳкама матбуот хизмати хабар берди.
“АҚШ фуқаролари Эронни зудлик билан тарк этишлари, маҳаллий ОАВ янгиликларини кузатиб боришлари ва Эрондан чиқиб кетувчи рейслар ҳақида қўшимча маълумот олиш учун тижорат авиаташувчиларига мурожаат қилишлари лозим”, дейилади АҚШ Давлат департаменти хабарида.
Маҳкаманинг аниқлик киритишича, Эронни нафақат ҳаво йўллари, балки қуруқлик орқали – Озарбайжон, Арманистон, Туркия ёки Туркманистон орқали ҳам тарк этиш мумкин. Шу билан бирга, жорий йилнинг 18 апрель куни Эрон расмийлари ҳаво ҳудуди қисман очилгани ва мамлакат шарқида парвозлар тикланганини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оқ уй раҳбари музокаралар якунлангунга қадар Эрон билан сулҳ муддатини узайтиргани, шунингдек, АҚШ Эрон портлари блокадасини давом эттириши хабар қилинган эди. Кейинчалик Трамп Эронга тинчлик музокараларига қайтиш учун бир неча кун вақт бергани маълум бўлди.