АҚШда ўзбекистонлик талабани ўлдиришда гумонланган шахс ўлик ҳолда топилди
Олам
−
09:28 7326 1 дақиқа
АҚШнинг Браун университетида содир бўлган отишмада икки киши, жумладан, ўзбекистонлик талаба Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳалок бўлганди. Отишмани содир этишда гумонланган шахс ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда Массачусетс прокурори Лея Фолейга таяниб, “Reuters” хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, Браун университетида содир этилган оммавий отишмада гумон қилинган шахс вафот этган. Ҳозирда у Браун университетидаги ҳужумдан икки кун ўтиб Массачусетс технология институти (MIT) профессори ўлдирилганига ҳам алоқадорлиги эҳтимоли текширилмоқда.
Гумонланувчининг жасади Нью-Хемпшир штатининг Салем шаҳрида, Бостон марказидан тахминан 30 километр шимолда жойлашган омборхонада топилган. Кеча, 18 декабрга ўтар кечаси мазкур ҳудудга Браун университетидаги ҳодиса билан боғлиқ тергов доирасида кўплаб ҳуқуқ-тартибот ходимлари борган.
Аноним қолишни истаган АҚШ Адлия вазирлиги вакилларидан бири гумонланувчи ўз жонига қасд қилганини айтди. Манбалар гумонланувчининг шахси ва нега терговчилар икки жиноят ўзаро боғлиқ бўлиши мумкин деб ҳисоблаётгани ҳақида қўшимча тафсилот бермади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШдаги Америка-Ўзбекистон Ассоциацияси Виржиния штатидан сайланган сенаторлар ва Конгресс аъзоларига қуролли зўравонликка қарши қатъий қонунчилик чораларини кўришга чақириб мактуб юборганди.
Live
Барчаси