АҚШга бўрон ва торнадо ёпирилди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
11 Март 6778 1 дақиқа
АҚШнинг Иллинойс ва Индиана штатларига кучли бўрон ва торнадо ёпирилди. Оқибатда камида икки киши ҳалок бўлди, бир неча киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, табиий офат баъзи ҳудудларда уйларни вайрон қилган. Чикаго жанубидаги фавқулодда ёрдам хизматлари қўнғироқлар кўплигидан ҳаддан ташқари юклама билан ишламоқда. Кеча, 10 март куни содир бўлган бўрон оқибатида 10 га яқин одам жабрланган. Тўфон дарахтларни қулатган ва электр узатиш линияларини узиб юборган. Лейк-Виллиж шаҳрида маҳаллий Family Dollar дўкони ва ёқилғи қуйиш шохобчаси вайрон бўлган.
Миллий метеорология хизмати маълумотига кўра, Ўрта Ғарбнинг баъзи қисмларида кучли торнадолар, вайронкор шамоллар ва йирик дўл кузатилган. Бугун, 11 март куни эрталаб Иллинойс, Индиана, Кентукки ва Огаё штатларининг айрим ҳудудларида торнадо хавфи ҳақида огоҳлантириш амал қилган.
Маҳаллий ҳукумат аҳолидан қўшнилари ва яқинларидан хабар олишни ҳамда сафарлардан тийилишни сўрамоқда.
Маълумот учун, жорий йилнинг 6 март куни Мичиган ва Оклахомада юз берган торнадолар оқибатида олти киши ҳаётдан кўз юмган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Калифорния штатидаги Серра-Невада тоғлари ҳудудида юз берган қор кўчкиси оқибатида 9 нафар чанғичи бедарак йўқолганди.