“Мени шу ерда ўлдиринг”. Амалдаги ҳукумат собиқ президент оиласини уйидан ташқарига улоқтирди
Таҳлил
−
18 Сентябрь 8037 8 дақиқа
Собиқ президентнинг оила аъзолари уйидан қувиб чиқарилди. Қирғизистоннинг собиқ раҳбари Алмазбек Атамбоевнинг яқин қариндошлари Атамбоевлар оиласига тегишли бўлган Қўй-Тошдаги уйидан ҳайдаб чиқарилди. Ўзбекистонга ёндош қўшни бўлган Қирғизистонда шу пайтгача анча норозиликлар, зиддиятлар юзага келди. Хусусан, Ўш ҳамда Қўй-Тош воқеалари гапимизнинг исботи. Бугун биз ана шу икки воқеада асосий фигурант сифатида кўрилган Атамбоевнинг оила аъзоларига ҳукумат томонидан қилинаётган ҳаракатлар ҳақида ҳикоя қиламиз.
13 сентябрь куни Атамбоевнинг ўгли Қодир Атамбоев ўзи билан бир қаторда онаси, опаси ҳамда бошқа яқинлари уйидан ташқарига улоқтирилганинини маълум қилди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳам кўп бора ёзмоқда.
Унинг сўзларига кўра, Бишкек туман судининг қарори билан 30 га яқин одам, жумладан, полиция вакиллари саройга келган. Қодирбек расмийларнинг ҳаракатларини ноқонуний деб атади. Унинг оиласи Олий суд ва Конституциявий палатага мурожаат қилишни режалаштирган.
Кичик Атамбоевга кўра, давлат Социал-демократлар партияси қароргоҳи ва Медиа Форумни мусодара қилмоқчи.
“Улар мени, онамни ва оила аъзоларимни Қўй-Тошдаги уйимиздан, аждодларимиз заминидан, барча қариндошларимиз, том маънода 100 метр узоқликда кўмилган ердан ноқонуний равишда чиқариб, бизни бошпанасиз қолдирмоқчи, суд ижрочилари етиб келишди. Бу мутлақо қонунбузарлик. Шунга қарамай, суд ижрочилари юқоридан келган буйруқ билан ўзларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини бошлашмоқда. Мени шу ерда ўлдиринглар. Отамни даволатиш учун чет элга боришимга ҳам рухсат бермайсизлар. Мамлакат ичидаги уйимни олиб қўйяпсизлар”, деб ёзди у ўзининг Facebookʼдаги саҳифасида.
Ушбу воқеаларнинг силсиласи 2019 йилда Қўй-Тошда содир бўлган ҳодисаларга бориб тақалади. Ўшанда Атамбоевнинг мулки муҳрланган эди. Ижро органи собиқ президентнинг уйини давлат балансига олмоқчи бўлди. Садир Жапаров у ерда: “Кексалар учун муассаса очамиз”, деди.
Атамбоевнинг ўғли Қодир Атамбоев оила аъзоларининг ўзларига тегишли бўлган Қўй-Тошдаги уйидан ҳайдаб чиқарилгани сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят хатини йўллади.
Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Бош прокуратурага “ноқонуний кўчириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва уй-жойга ноқонуний кириш” борасида йўлланган ушбу аризасида собиқ президентнинг ўғли уйига бостириб кирганларга нисбатан жиноий иш қўзғатишни сўраган.
Кичик Атамбоевнинг сўзларига кўра, 13 сентябрь куни Қўй-Тошдаги қароргоҳга формадаги одамлар келган, уларнинг сони тахминан 100 киши бўлган. Улар суд қарорини тақдим этмаган.
“Ҳатто кўчириш бўйича суд жараёни ҳам бўлиб ўтмади. Ички ишлар вазирининг ўринбосари воқеа жойида бўлиб, қариндошларимизнинг машинасини кутишимизга, ҳатто уй ҳайвонимизни (мушук) олиб кетишимизга ҳам рухсат бермай, тунда ҳудудни пиёда тарк этишга мажбур қилди. Бизга таҳдид қилишди ва “контейнерда яшаш” каби шаънимизни камситувчи сўзларни айтишди”, дейди у.
Унинг ёзишича, кўчириш пайтида нафақат хавфсизлик кучлари қатнашган, балки Қирғизистон Республикаси Президенти маъмурияти раҳбари Қанибек Тумонбоев ҳам у ерда бўлган. Қароргоҳга кириш учун қўшнисининг панжарасидан ошиб ўтиш керак эди. Собиқ сиёсатчининг ўғлига кўра, Тумонбоев хавфсизлик хизматини бунга жалб қилган.
“Буларнинг барчаси дам олиш куни ва ҳеч қандай ҳужжатсиз, далолатномасиз ва ҳоказоларсиз содир бўлди. Бизнинг нарсаларимиз кўчага ташланди, уй-рўзғор буюмларининг бир қисми синдирилди. Суд ижрочисининг ҳар қандай қарори,ҳаракати ва кўчириш бўйича суд жараёни устидан шикоят қилиш мумкин. Бизни ҳатто бу ҳуқуқдан, судга бериш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилишди”, дея ёзади у.
Қодир Атамбоев баъзилар учун қиймат олтин, пул, самолётлар, қимматбаҳо курткалар ва бошқалар бўлса, Атамбоевлар оиласи учун асосийси халқ билан қолиш эканини айтган.
“Ҳа, бизни уйимиздан ҳайдашмоқда ва ягона уйимиз вайрон бўлмоқда, аммо бу муаммо фақат биздами? Бутун мамлакатда ҳужжатлари бор қонуний уйлар бузилмоқда. Ҳуқуқсизлик ҳукм сураётган бугунги кунда халқ билан бирга бўлиш, уларнинг дардини баҳам кўриш биз учун шарафдир”, дейди у.
У отасининг мулки Акаев даврида ҳам, Бакиев даврида ҳам, Сооранбай Жээнбеков даврида ҳам тортиб олингани ва бу ҳозир ҳам давом этаётганини таъкидлаган. Кичик Атамбоев буни отаси 90 йилларда, Горбачёв ва СССР даврида йирик тадбиркорга айлагани билан изоҳлади.
“У эса кўпчиликка ўхшаб давлат лавозимларида ишламади ва бойиб кетиш учун хазинани ўғирламади, ҳаммамизни ҳалол ва одобли бўлишга ўргатди. У ҳар доим бизга шараф дунёдаги ҳамма нарсадан муҳимроқ эканлигини айтди. Отам бизга яхши таълим, тўғри тарбия берди – бунинг учун отамиздан миннатдормиз. Ҳа, отам менга квартира, машина ёки пул қолдирмади, лекин менинг дадам дунёдаги энг зўр! Бизда бойлик йўқ, лекин мен Атамбаевнинг ўғлиман, кўчада бошимни баланд кўтариб юраман, қирғиз халқи бизга бир оиладек муносабатда. Бу ҳар қандай оддий одам учун асосий нарса”, дейди у.
Атамбоевнинг ўғли агар тақдир унга барча президентларнинг фарзандлари: Айдар Акаев, Максим Бакиев, Рустам Жапаров ёки Таймурас Ташиевнинг роли ва лавозимини танлашни насиб этса ҳам, яна ўзининг вазиятини танлашни афзал билишини айтган..
Атамбоевнинг қизи Алия Шагиева эса оила аъзоларининг уйидан ҳайдаб чиқарилган кунни мағлубият эмас, амалдаги Президент Садир Жапаров, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ва уларнинг жиноий гуруҳларининг шармандалик куни эканини айтган.
“Суднинг тугашини кутмасдан, улар ўзларининг қудратли, қасоскор ва жазосизлигини намойиш этишни хоҳладилар. Улар кўп одамларнинг кўзига тушди. Энди кўпроқ одамлар қонун улар учун ҳеч нарса эмаслигини ва улар фақат жиноят олами тилида гаплашишларини билишади. Аммо улар ҳамма нарсани иложи борича ифлос ва камситувчи тарзда қилишга қилишди, бутун бир қўшин билан огоҳлантирмасдан пайдо бўлишди ва бизни ёмғирда улкан тоғлар орасида нарсаларимиз билан кўчада қолдиришди”, деган у.
Жорий йилнинг июнь ойи бошида Бишкекнинг Биринчи май туман суди 2019 йилда Қўй-Тош қишлоғида содир этилган коррупция ва тартибсизликлар иши бўйича ҳукм чиқарди. Ҳозирда хорижда бўлган Алмазбек Атамбоев сиртдан 11 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Суд собиқ президентни давлат мукофотларидан маҳрум этиш ва мулкини мусодара қилиш бўйича қарор чиқарди. Ҳукм устидан шикоят қилинган, иш ҳозирда Бишкек шаҳар судида кўрилмоқда.
2022 йил май ойида Давлат мулкини бошқариш жамғармаси Атамбоевнинг Қўй-Тошдаги уйи мусодара қилиниб, давлат мулкига ўтказилганини маълум қилди. Жамғарма ходимлари собиқ президент оиласидан уйдан чиқиб кетишни талаб қилган. Шундан сўнг Атамбоевнинг оила аъзолари уй ҳудудида дам олишга муҳтож болалар учун ўқув-соғломлаштириш спорт мажмуаси очмоқчи эканлигини маълум қилди.
Қирғизистонга 2011-2017 йилларда раҳбарлик қилган Атамбоев 2019 йилнинг 8 август куни Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида деярли бир кун давом этган махсус операция давомида қўлга олинган эди. Унга қўйилган барча айбловларни бир неча бор рад этган собиқ давлат раҳбарининг тарафдорлари қаршилик кўрсатган ва махсус бўлинманинг бир зобити операция давомида ҳалок бўлган. Тўқнашув вақтида 100 дан ортиқ одам, жумладан, полициячилар тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Собиқ президент ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан зўравонлик қўллаш, оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотиллик, қотилликка уриниш, шунингдек, гаровга олишни ташкил этиш, Бишкек Иссиқлик электр станциясини реконструкция қилишдаги коррупция, Бишкекдаги “Форум” саноат гуруҳи биноси билан ноқонуний битим тузиш, Қўй-Тош қишлоғи ва Иссиқкўл вилоятидаги ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олиш айбловлари қўйилган.
Собиқ давлат раҳбари 2020 йил ёзида 11 йил-у 2 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Кейинчалик Атамбоевга қўйилган баъзи айбловлар олиб ташланган, 2022 йил июнида эса у 2020 йил октябрь ойида Бишкекда оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб, оқланган эди.
Суд қарори билан 2023 йил 14 февралда 3,5 йил тартибли колонияда ўтирганидан сўнг озодликка чиқди ва республикани тарк этди. Жорий йилнинг 3 июнь куни эса Бишкекнинг Первомай туман суди Қўй-Тош воқеалари бўйича ҳукм чиқарди. Собиқ президент Алмазбек Атамбоев мол-мулки мусодара қилиниб, давлат мукофотларидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилди. Ишдаги бошқа айбланувчиларга ҳам турли муддатлар берилди. Аммо орадан бир қанча вақт ўтиб, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбоевга нисбатан чиқарилган суд қарорига изоҳ берди ва уни афв этишга тайёрлигини айтди.
2023 йилнинг 18 февраль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида мамлакатнинг барча собиқ президентлари билан учрашув ўтказди. Мазкур учрашувда мамлакатнинг биринчи президенти Аскар Акаев, 2010 йилда Бишкекдан қочган президенти Қурманбек Бакиев, 2010 йилдаги муваққат ҳукумат раиси ва қўли қонга ботганликда айбланадиган Роза Отунбоева, 2011-2017 йилларда президент бўлган ва лавозимдан кетгач, қамоққа ташланган Алмазбек Атамбоев ва 2020 йилда ўтказилган парламент сайлови ортидан кўтарилган намойишларда ҳукуматдан ағдарилган собиқ президент Сооранбай Жээнбеков иштирок этган.
Учрашувда мамлакатнинг амалдаги Президенти Жапаров собиқ президентларнинг камчиликларини, хусусан, Акаев даврида Ақси воқеалари, Бакиев даврида апрель воқеалари, муваққат ҳукумат даврида июнь фожиаси, Жээнбеков даврида октябрь воқеалари бўлиб ўтгани, бу воқеаларнинг барчаси Қирғизистон тарихига қора ҳарфлар билан ёзилганини таъкидлаганди.
Жапаров собиқ раҳбарлар “ўз хафагарчиликларини унутиб, бир-бирларини кечира олишди” деб ёзганига қарамай, Алмазбек Атамбоев Facebook’да “йиғилишни индамай тарк этгани” ҳақида ёзган. У ўзидан олдингиларни кўришни кутмаганди. Журналистларнинг тахминича, Атамбоев Курманбек Бакиевни кўриб, йиғилишни тарк этган. Шундан сўнг, собиқ президент даволаниш учун Испанияга кетган эди. Ҳозирда ҳам у Қирғизистондан ташқарида. Ҳали собиқ раҳбар ва унинг оиласи ҳақидаги гапларнинг бори шу. Қолганини биргаликда кузатамиз.
Live
Барчаси