Amazon Ўзбекистонда спутник интернетини ишга туширишни режалаштирмоқда
Жамият
−
13 Октябрь 3237 2 дақиқа
АҚШнинг Amazon компанияси Ўзбекистонда Kuiper спутник интернетини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Тошкентда Америка бизнес-миссияси доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг Amazon Kuiper компанияси вакилилар билан бўлиб ўтган музокараларида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Amazon корпорацияси вакиллари билан рақамли инфратузилмани яхшилаш бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилган.

Музокаралар жараёнида томонлар рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва кенг полосали интернет хизматларини яхшилаш бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилган.
Учрашув якунида Рақамли технологиялар вазирлиги ва Amazon Kuiper Commercial Services ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.
Ҳужжат Ўзбекистон ҳудудида телекоммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш ва Kuiper лойиҳасининг спутник тармоғидан фойдаланган ҳолда, юқори тезликдаги интернетга бўлган киришни кенгайтириш бўйича ҳамкорликни назарда тутади.
Маълумот учун, Amazon Kuiper – Amazon'нинг глобал спутник интернет лойиҳасини амалга ошираётган бўлими бўлиб, у паст юқори ер орбиталаридаги спутниклар созвездияси орқали бутун дунё бўйлаб юқори тезликдаги интернет уланишини таъминлашга қаратилган. Қўшимча равишда, уланиш тезлиги 400 Мбит/с гача бўлиши мумкин ва бу суръатни 1 Гбит/с гача ошириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Facebook, Instagram, WhatsApp ва Threads каби иловаларга эгалик қилувчи Meta компаниясининг офиси очилиши мумкинлиги хабар қилинганди.