Андижондаги “заправка”га ўт кетди
3-саҳифа
−
05 Сентябрь 8988 2 дақиқа
Бугун, 5 сентябрь куни Андижон вилоятининг Андижон туманида жойлашган ёқилғи қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, туманда жойлашган автомобилларга суюлтирилган ва сиқилган газ тўлдириш шохобчаси ҳудудида тахминан 5 тоннали ёқилғи сақлаш сиғимига эга MAN русумли ёқилғи ташувчи автомобиль цистернасидан пропан суюлтирилган газни тўкиш вақтида технологик жараён бузилган ва оқибатда ёнғин келиб чиққан. Ҳодиса ҳақида соат 12:05 да ФВБга хабар тушган.
Хабарга асосан, ёнғин-қутқарув бўлинмалари ҳодиса жойига 12:13 да етиб бориб, ёнғин соат 12:26 да ўраб олинган ҳамда 13:03 да бартараф этилган.
Билдирилишича, ҳодиса оқибатида тан-жароҳати олганлар тўғрисида маълумот тушмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида жойлашган газ қуйиш шохобчасида портлаш юз берганди. Қолаверса, Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги “заправка”да ҳам ёнғин чиққанди. Ёнғин оқибатида KIA Bongo, Damas ва Gentra русумли автомобиллар зарарланган.
Июль ойида эса Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани “Олтин дала” МФЙда жойлашган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлган ва бунинг оқибатида 4 киши вафот этганди. Ушбу ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига 100 млн сўмдан компенсация тўлаб берилди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 205- (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 259- (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Айнан шу маҳалладаги яна бир “заправка”да август ойи бошида портлаш бўлди. 8 август куни Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида жойлашган автомобилларга мобил ёқилғи қуйиш шохобчасида катта ёнғин содир бўлди.
Live
Барчаси