Армияга борган йигит 1 ҳафта ўтиб вафот этди
Олам
−
05 Октябрь 61252 2 дақиқа
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги чегара хизмати бўлинмасида бир ҳафта олдин армияга чақирилган аскар тўсатдан вафот этди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Унинг оиласи ўлим ҳақида бугун, 5 октябрь куни эрталаб хабар топган. Оиласига кўра, Нурасил Ануар 2025 йил 27 сентябрда муддатли ҳарбий хизматга чақирилиб, “Қорасой” чегара бўлинмасида хизмат қилаётган эди. У бир ҳафта ўтиб оламдан ўтди.
“Уни қўйиб юборишни истамадик – юрагимиз ташвишга тўлди. Лекин Нурасил ўз ватанига хизмат қилишни, фуқаролик бурчини адо этишни ғурур билан айтди. Ҳарбий хизматни ўз юрти олдидаги шараф ва масъулият деб биларди”, дейди унинг оиласи.
Ўлимнинг дастлабки сабаби, қариндошларининг сўзларига кўра, менингит, лекин оилада шубҳа бор: бир ҳафта олдин Нурасил бутунлай соғлом эди ва уларга касаллик ҳақида хабар берилмаган.
“Бугун эрталабдан бери жасадни кўра олмаяпмиз. Бизни у ердан бошқа жойга юборишяпти”, деди боланинг холаси журналистга.
Қариндошлар холис ва ҳар томонлама тергов ўтказилиб, барча ҳолатлар аниқланиб, зарур чоралар кўрилишини сўрамоқда.
“Нурасил меҳрибон, самимий, ростгўй, жуда яхши инсон эди. У адолатга ишонар, ҳаётни севарди. Унинг вафоти биз учун ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотиш”, дейди яқинлари.
Бундан олдин Манғистау вилоятида эгизак акаси ортидан ҳарбий хизматга борган Динмуҳаммад исмли ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган эди. Улар дастлаб битта ҳарбий қисмда хизмат қилган, бироқ кейинчалик бири бошқасига ўтказилган. Шу йилнинг 17 сентябрь куни оиласига унинг вафоти ҳақида хабар берилди. Дастлабки маълумотларга кўра, аскар ўз жонига қасд қилган. Бироқ унинг қариндошлари бу ҳолатга ишонмаган.
Кейинроқ Мудофаа вазири ўринбосари Серик Борамбаев 19 ёшли Динмуҳаммаднинг ўлимига изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, ака-ука бир-биридан ажралмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олмаотадаги Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси ўзи хизмат қилаётган ҳарбий қисмдаги бинонинг учинчи қаватидан ўзини пастга ташлаганди.
Live
Барчаси