Австралия “Толибон” етакчиларига санкция жорий қилди

Олам

image

Австралия ҳукумати “Толибон”нинг юқори мартабали расмийларига нисбатан санкциялар жорий қилди ва уларга мамлакатга киришни тақиқлади. Бу ҳақда SBS News хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Австралия уч нафар “Толибон” вазири ва Афғонистон олий суд раисига чеклов қўйган. Шундан бошлаб австралияликлар улар билан боғлиқ бўлган қурол ёки шунга ўхшаш хизматларни кўрсатиши, шунингдек, уларнинг активлари ва маблағларидан фойдаланиши ёки улар билан молиявий битимлар қилиши тақиқланади.

Ташқи ишлар вазири Пенни Вонг “Толибон”нинг афғон халқига, айниқса аёллар ва қизларга нисбатан зулмини, шунингдек, Афғонистонда қонун устуворлиги ва яхши бошқарувни издан чиқарувчи ҳаракатларини танқид қилган.

“Толибон” афғон халқининг, айниқса аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва фаровонлигига беписандлигини кўрсатишда давом этмоқда. Австралия ҳукумати Афғонистондаги вазиятнинг ёмонлашаётганидан чуқур хавотирда. Биз “Толибон” зулми остида қийналаётганлар, шунингдек, Австралиядаги афғон жамоаси биланмиз”, деган вазир. 

Австралия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг “Толибон” бўйича режими доирасида аллақачон 140 нафар шахс ва ташкилотга санкция қўллаган.

Халқаро жиноий суд ҳам “Толибон” олий суд раиси Абдул Ҳаким Ҳаққонийга нисбатан қизлар, аёллар ва гуруҳнинг гендер сиёсатига мос келмайдиган бошқа одамларни таъқиб қилгани учун “инсониятга қарши жиноятлар” бўйича ҳибсга олиш ордери чиқарган.

Human Rights Watch маълумотига кўра, 2021 йилда Қобул “Толибон” қўлига ўтганидан бери ҳаракат аёллар ва қизлар ҳуқуқларига қарши ҳужумларини янада кучайтирган. 

Австралия 2021 йилдан бери Афғонистонга 260 миллион доллардан ортиқ гуманитар ёрдам кўрсатган, яна 50 миллион доллар ажратилган.

Уч нафар “Толибон” расмийига санкция қўллаш учун ҳукумат махсус янги механизм яратган ва улар ушбу чоралар бўйича биринчи бўлиб рўйхатга киритилган. 

Австралия ҳукумати шунга ўхшаш санкцияларни бошқа бир қатор давлатларга, жумладан Эрон, Россия ва Шимолий Кореяга ҳам қўлламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги ёрдам миссияси аёлларга нисбатан зўравонлик сўнгги икки йил ичида 40 фоизга ошгани, 14,2 миллион аёл гуманитар ёрдамга муҳтожлиги ҳақида хабар берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

санкция Австралия Толибон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг