Австралияда илк бор қуш гриппи аниқланди

Олам

image

Австралия ҳукумати мамлакатда H5N1 қуш гриппи штаммининг биринчи марта аниқланганини тасдиқлади. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Касаллик Ғарбий Австралиянинг узоқ ҳудудида, Cape Le Grand миллий боғи яқинида топилган жигарранг скуа номли кўчиб юрувчи денгиз қушида аниқланган. Қуш Эсперанс шаҳри яқинидаги пляжда топилган бўлиб, у Перт шаҳридан тахминан 700 километр жануби-шарқда жойлашган.

Австралия аввал H5N1 аниқланмаган сўнгги қитъа бўлиб келган эди. Энди бу ҳолат тасдиқланиши билан вирус глобал миқёсда барча қитъаларга тарқалган ҳисобланади. Расмийлар бу штамм қушлар ва паррандалар орасида жуда тез тарқалишини, инсонларда эса касалланиш ҳолатлари кам учрашини таъкидламоқда.

“Биз парранда гриппидан бутунлай холи бўла олмаслигимизни билардик”, дейди Қишлоқ хўжалиги вазири Жули Коллинз.

Шунингдек, Эсперанс ҳудудида яна бир гумон қилинган ҳолат қайд этилган. Ҳолдан тойган ҳолда топилган жанубий петрел қуши ҳам лабораторияда текширилмоқда. Ҳозирча оммавий қушлар ўлими аниқланмаган.

Мутахассислар яқин кунларда вирус бошқа ҳайвон популяцияларига тарқалган-тарқалмаганини аниқлаш учун текширувлар якунланишини билдирган. Расмийлар фавқулодда ҳайвон касалликларига қарши марказий қўмита аллақачон ишга тушганини маълум қилган.

Маълумот учун, H5N1– бу қуш гриппи вирусининг тури бўлиб, асосан паррандалар ва ёввойи қушларда учрайди. У жуда юқумли ва айрим ҳолатларда ўта хавфли ҳисобланади. Одамларга ҳам юқиши мумкин, лекин бу кам учрайди ва кўпинча касал қушлар билан бевосита яқин контакт бўлганда, масалан уларни ушлаш, сўйиш ёки парвариш қилиш жараёнида юз беради. Одамда юқса, одатда юқори иситма, йўтал, томоқ оғриғи, нафас қисиши каби аломатлар пайдо бўлади, оғир ҳолатларда эса ўпка яллиғланишига олиб келиши мумкин. Муҳим жиҳати шундаки, H5N1 одамдан одамга осон тарқалмайди, лекин мутацияга учраса хавфи ошиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япониянинг Aomori префектурасида парранда гриппи авж олгани сабабли 230 минг бош товуқ йўқ қилиниши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Австралия қуш грипп илк бор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг