Австралиялик машҳур парашютчи машқлар пайтида ҳалок бўлди
Олам
−
12 Май 2150 2 дақиқа
Австралия армиясининг юқори малакали парашютчиси, 50 ёшли Лаклан Мэддл Янги Жанубий Уэльс жанубий соҳилидаги Жервис Бей аэродромида ўтказилган ўқув машқлари вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
Ҳодиса кеча соат 17:40 атрофида бошқа бир десантчи билан ҳавода тўқнашув оқибатида содир бўлган.
Австралия армияси махсус операциялар қўмондони генерал-майор Гарт Гоулднинг айтишича, сержант Мэддл парашют машғулотларига ихтисослашган ўқув дарсларида ёрдам бераётган бўлган.
“Парашютлар муваффақиятли очилганидан сўнг, бизга маълум бўлишича, ҳар икки парашютчи қўниш ҳудудига қараб манёвр қилаётган вақтда ердан бир неча юз фут (тахминан 300 метр) баландликда тўқнашган”, деган Гарт Гоулд.
Австралия Мудофаа Кучлари Парашют мактабининг сержанти бўлган иккинчи парашютчи енгил жароҳатлар билан омон қолган ва сержант Мэддлга биринчи ёрдам кўрсатилган.
“Ҳар икки парашютчи ҳам юқори малакали эди. Улар минглаб сакрашни амалга оширган”, деган генерал-майор Гоулд.
Унинг таъкидлашича, сержант Мэддлнинг ўлими “жуда чуқур қайғу билан қабул қилинган”.
Гоулднинг сўзларига кўра, ҳодиса кам ёруғлик шароитида содир бўлган ва машғулот иштирокчилари тунги кўриш кўзойнакларидан фойдаланган.
Сержант Мэддлнинг ўлими сўнгги йилларда парашют билан боғлиқ иккинчи ўлим ҳолати бўлди. 2024 йилда Жек Фицгиббон Сиднейдаги
Ричмонд базасида парашют билан сакраш пайтида олган жароҳатлари оқибатида вафот этган эди.
Шабнам Раджабова
Live
Барчаси