Автомобилдан чиқинди ташлаганлик учун жарима оширилиши мумкин
Жамият
−
28 Май 3689 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига транспорт воситаларидан чиқинди ташлаганлик учун жазо чораси кучайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 15 май куни қабул қилинган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Ҳозирда амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-1-моддага асосан белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаган жисмоний шахсларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача (375 минг сўмдан 1 миллион 125 минг сўмгача), юридик шахсларга эса БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (1 миллион 125 минг сўмдан 1 миллион 875 минг сўмгача) миқдорда жарима белгиланган.
Янги таклифга кўра, бу кўрсаткичлар БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача оширилиши мумкин, такрорий қоидабузарлик ҳолатида эса БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 миллион 750 минг сўмдан 5 милллион 625 минг сўмгача) миқдорда жарима назарда тутилмоқда.
Тадқиқотларга кўра, шаҳар кўчаларидаги чиқиндиларнинг 53 фоизига яқини ҳайдовчи ва йўловчилар томонидан ташлаб кетилади. Уларнинг асосий қисмини пластик идишлар, овқат қолдиқлари ва сигарет филтрлари ташкил этади.
Ўтган йилги маълумотларга қараганда, пойтахтда 638,8 мингта транспорт воситаси рўйхатда турган бўлса, ҳар куни 150-300 мингта қўшимча автомобиль шаҳарга киради. Агар уларнинг ҳар ўнтасидан бири чиқинди ташласа, бу 15-30 минг дона чиқиндини ташкил этади.
Қонунчиликдаги ушбу ўзгаришлар нафақат экологик муаммони ҳал этиш, балки аҳолини шахсий жавобгарликка ўргатиш ва тартибга чақириш мақсадида амалга оширилади. Ҳозирда бу таклифлар муҳокама босқичида турибди.
Live
Барчаси