Азалий рақиб билан келишув. Трамп нимани кўзлаяпти?

Таҳлил

image

Дунё иқтисодиётида сезиларли силкиниш бўлиши кутимоқда. Негаки, ҳозирги кунда иқтисодиётда энг кучли бўлган икки давлат – АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар кутилмаганда илиқлаша бошлади. АҚШ раҳбари Дональд Трампнинг Осиё бўйлаб бошланган турнеси давомида Си Цзиньпин маъмурияти билан ўртадаги муаммоларга чек қўйилиши мумкин.

Яқинда эълон қилинган янгиликларга кўра, жорий йилнинг 26 октябрь куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда ўтказилган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциациясининг (ASEAN) 47-саммити музокаралар чоғида АҚШ Молия вазири Скотт Бессент ва Хитой Бош вазири ўринбосари Хе Лифенг икки давлат ўртасидаги савдо келишувининг асосларини белгилаб олди. Ҳар икки томон ҳам учрашувнинг прагматик руҳда ўтганидан мамнунлигини билдирди. Пекин томони музокараларни конструктив, деб баҳолади. Хе Лифенгнинг баёнотига кўра, музокараларда ҳар икки томоннинг муаммоларини бартараф этиш чоралари бўйича асосий консенсусга эришилган. 

“Икки томон ҳам якуний аниқ тафсилотлар бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олдилар”, дейилади Хитой расмийлари берган баёнотда.

Ҳафта охирида Жанубий Кореяда ўтказилиши кутилаётган учрашувларда АҚШ раҳбари Дональд Трамп ва Хитой Коммунистик партияси Бош котиби Си Цзиньпин учрашиб, Американинг бож тарифлари бўйича режалари ва Хитойнинг нодир металлар экспортини чеклаш тўғрисидаги қарорларини кўриб чиқади. Трамп бу борада ҳар икки томон келишувга эришмоқчи эканлигини билдирди.

Ҳозирча Жанубий Кореяда Трамп ва Цзиньпин нималарни муҳокама қилиши тўлиқ эълон қилинмаган. Албатта, бу икки қудратли давлатларнинг муҳокама мавзулари юқоридаги икки муаммо билан чекланиб қолмаслиги аниқ.

Олдинроқ Пекин илғор технологиялар учун зарур бўлган нодир металларни экспорт қилишга қаттиқроқ чекловлар жорий этишга қарор қилганди. Бунга жавобан, Трамп Хитой импортига қўшимча тарифлар жорий этиш билан таҳдид қилди. Мамлакатлар ўртасидаги зиддиятнинг бундай кескин яхшиланиши турли прогнозларга сабаб бўлмоқда.

Хитой билан можаролар

Трамп юритаётган протекционизм сиёсати, асосан, АҚШнинг ички ишлаб чиқаришини ривожлантириш, маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва худди аввалгидек мамлакатни дунёнинг оғир саноат бўйича етакчи давлатлардан бирига айлантириш механизми билан кўрилаётган эди. АҚШ раҳбарининг шу пайтгача олиб боган бундай сиёсати, бошқа давлатлар экспортига турли миқдорда божларни жорий этиши, араб мамлакатлари билан алоқаларни янада яхшилашга уринишлари, Венесуэлага қилаётан босимлари ва ички сиёсатда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлари у нимага интилаётганининг далилидир.

ХХ асрнинг биринчи ўн йиллиги охридан бошлаб Хитой товарлари қисқа муддат ичида жаҳон бозорида АҚШ маҳсулотларига муқобил бўла бошлади. Ден Сяопин яратган бозор иқтиодиёти ва коммунизмни ўзида жамлаган гибрид тизим Хитойни мисли кўрилмган тарзда тез риволанишига олиб келди. Арзон ишчи кучи ва глобал интеграциялар том маънода Хитой иқтисодиёти учун котализатор бўлиб хизмат қилди.  

АҚШнинг ўзида ҳам маҳаллий товарлар ўрнини Хитойнинг арзон, аммо сифати жиҳатидан қолишмайдиган маҳсулотлари эгаллаётган эди. Натижада маҳаллий тадбиркорлар ёки касотга учрар, ёки нархларни сунъий туширишга ҳаракат қилар эди. Бу эса, ўз навбатида, маошларни пасайтириш, иш ўринларини қисқартириш ва товарлар сифатининг тушишига олиб келарди. Бу эса тарихга “Савдо уруши” номи билан кирди.

Барчаси 2018 йилда Трампнинг Хитойга нисбатан юқори бож тарифларини жорий қилишидан бошланган эди. Бунда Вашингтон Хитой субсидиясидан фойдаланаётган компаниялар адолатли рақобат тамойилларини бузаётгани, АҚШ технологияларини рухсатсиз кўчираётгани ҳамда экспорт ва импортдаги нотенгликдан шикоят қилади. Албатта, бунга жавобан, Хитой ҳам АҚШнинг 110 млрд долларлик маҳсулотларига бож эълон қилди. Натижада фонд бозорлари қулайди ва глобал етказиб бериш занжири бузилади.

2020 йилга келиб давлатлар орасида алоқалар қисман яхшиланади. Икки давлат ўртасида “Phaze One”   битими имзоланди ва Хитой АҚШдан 200 миллиард долларлик қўшимча товар сотиб олиш мажбуриятини олади. Аммо Covid-19 пандемияси туфайли шартлар тўла бажарилмай қолиб кетди.

Трамп ўзининг иккинчи президентлик муддати даврида “Американи яна буюк қил” шиори остида яна маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлашни кун тартибига қўйди. Шу сабабли, Хитойга нисбатан 100 фоизлик бож жорий қилиш режалаштирилган эди.  Аммо Куала-Лумпурдаги келишувлар ушбу жараённи “музлатди”.

Бу савдо уруши, ўз навбатида, мафкуравий уруш ҳам эди. Социалистик давлат бўлган Хитой “демократия ёювчиси” сифатида ўз қиёфасини шакллантирган АҚШ билан яқин муносабатда бўлиши қийин эди.  Хитой инсон ҳуқуларининг бузилиши, мамлкатдаги жиддий цензуралар, уйғурлар муаммоси ва ижро этиладиган ўлим жазолари туфайли Ғарбниннг доимий танқидига учраб келади. Бундай кескин бир-биридан фарқланадиган ғоялар асосида ҳокимиятнинг юртилиши икки давлат раҳбарларининг келиша олмаслигига яна бир асосий сабаб десак адашмаган бўламиз.

Мақсад ва натижалар

Трампнинг сиёсатини 180 градусга ўзгартириши ортида қандай мақсадлар ётибди? Наҳот у ўз хатосини тан олмоқда, ёки бу ҳаракатлар ортида аллақандай яширин режалар борми?

Бу борада турли фикрларни илгари суриш мумкин. Сўнги пайтларда Трампга нисбатан мамлакат ичида ҳам кайфият ёмонлашган эди. Шу йилнинг 18 октябрида АҚШнинг турли штатларида 2500дан ортиқ одам Трамп сиёсатига қарши “Америкада қирол йўқ” шиори остида намойишга чиққан эди. Худди шу мазмундаги митинглар июль ойида ҳам бўлганини кўпчилик эсласа керак. Намойишлар, халқнинг норози кайфиятини илғаган ҳукумат Трампнинг сиёсат траекториясини ўзгартиришга кўндирган бўлиш эҳтимоли бор.

Бугунги кунда Хитой электроника қурилмаларининг турли қисмларида ишлатилувчи лантаноидлар гуруҳига мансуб ноёб қазилма бойликларининг таҳминан 70-80 фоизини ишлаб чиқаради ва Американинг катта технологик компаниялари учун ушбу элементлар зарур.

Бундан ташқари,  икки давлат ўртасидаги интеграциянинг ривожланиши ҳар икки томон учун бирдек ижобий тенденцияларга олиб келади.  АҚШ учун Хитой бозори алоҳида аҳамиятга эга бўлганидек, Хитой учун ҳам Америка бозори муҳимдир. Негаки, ҳар иккиси кенг ҳудудга, кўп аҳолига ва юқори харид қобилиятига эга давлатлардир. Геосиёсий манфаатлар юзасидан қўйилган тарифлар бу  интеграциялшувга тўсиқ бўлиб келаётган эди. 

Шу жумладан, АҚШ ва Хитой дунёнинг энг йирик экспортёрлари ҳам ҳисобланади. Келгусидаги савдо шартномасини тузиш халқаро доирада нархларнинг стабиллашувига, долларга бўлган ишончни яна ортишига ва инфляцион босимнинг пасайишига олиб келади. Глобал бозорда нархлар барқарорлашади, валюталар курси мустаҳкамланади бу эса халқаро инвесторларнинг ҳам келгусидаги интеграцияларига бўлган ишончини орттиради.

Шунга қарамай, келгусидаги учрашувга нисбатан қисман пессимистик фикр билдираётганлар ҳам йўқ эмас. Бу борада улар Хитой ҳар қандай келишувга рози бўлиб кетадиган мамлакат эмаслигини рўкач қилмоқда, Трамп эса импульсив ва кўпинча реторикадан ортиғига ўтмайди, шу туфайли, иккиси келгусида Сеулдаги учрашувда муросага келолмайди, деган қарашларни инкор қилиш қийин.

Бунга яна бир далил сифатида Хитойнинг доимий муаммоларидан бири бўлган Тайвань муаммосини келтириш мумкин. Рус нашрларига сиздирилган маълумотларга кўра, АҚШ, Хитой билан савдо муносабатларини яхшилаш учун Тайванга бўлган позициясини ўзгартирмаслиги эълон қилинган. Тайвань – микрочип ишлаб чиқаришда дунёдаги энг етакчи ҳудуд ҳисобланиб, АҚШ доим уни қўллаб келади. Агар бу борада позициялар ўзгармаса, икки давлат ҳеч қандан келишувга эриша олмаслиги мумкин.

Шунингдек, Россия–Украина урушини якунлаш учун Хитойнинг ёрдами Трампга жуда зарур. Айниқса, яқинда бўлган воқеалардан кейин Трамп Путин билан муроса йўлини қайтиб танламаслиги мумкин. Эндиги мақсад – уни дўстларидан айириш бўлиши эҳтимоли катта.

Аслида ҳам Хитойга юқори божларни жорий қилиш, уни сиёсий майдонга сиғдирмаслик АҚШни Евроосиёдаги бошқа қудратли давлат билан яқинлашувига олиб келиши табиий. Кеч бўлса-да Трамп ҳар қандай усул билан бўлса ҳам уни бу ўйинда ўзига оғдириб олмоқчи.

Аммо Хитой маъмурияти ҳам ўз манфаатларига тўғри келадиган “ўйинни” ўйнаши ҳаммага маълум. Демак, катта эҳтимол билан келгусидаги учрашувда АҚШ Си Цзиньпин талабларини қондиришга рози бўлади, ёки бу келишув шунчаки Трамп уюштирган яна бир  муваффақиятсиз саммитлигича қолади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Хитой Жанубий Корея Си Цзиньпин Евроосиё ASEAN Савдо уруши Россия–Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг