“Балиқ қарма” таоми патентланди
Жамият
−
20 Октябрь 5939 2 дақиқа
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудига хос бўлган “Балиқ қарма” миллий таоми географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши “Балиқ қарма” номи ва анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий ҳимоя қилади, сифат стандартларини мустаҳкамлайди ҳамда Қорақалпоғистоннинг ҳудудий гастрономик брендини тарғиб этиш имконини кенгайтиради.
Таом Орол денгизи ва Амударё дельтасига яқин ҳудудларда шаклланган қадимий овқатланиш анъаналари, балиқчиликка таянувчи турмуш тарзи, шунингдек, ўзига хос тайёрлаш усули билан ажралиб туради. “Балиқ қарма” таркибида пиширилган балиқ, шўрва, 1×1–2×2 см ўлчамдаги қуритилган хамир бўлаклари ҳамда сабзавотлар ишлатилади. Шўрванинг юзасидан олинган ёғ майда тўғралган пиёз устига қуйилиб, таомга хос таъм ва ҳидни беради.
Маълумот учун, географик кўрсаткич – бу маҳсулотнинг маълум ҳудудга хослиги ва унинг сифати, машҳурлиги ёки бошқа белгилари ўша ҳудуднинг табиий, инсоний ва тарихий омилларига чамбарчас боғлиқ бўлганини ифодаловчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ғиждувон шашлик”, “Ғузор тандир гўшти”, “Самарқанд нони”, “Хоразм тухумбараги”, “Андижон дўпписи”, “Сўқоқ сомсаси”, “Самарқанд нўхат шўраги”, “Самарқанд қоғози” ҳамда “Зомин қозон патири” географик кўрсаткич сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь