“Барселона” президентига нисбатан фирибгарлик бўйича тергов бошланди

Спорт

image

Барселона Апелляция суди “Барселона” клуби президенти Жоан Лапорта, унинг ўринбосари Рафаэль Юсте, иқтисодчи Хавьер Сала-и-Мартин ва “Реус Депортиу” клуби собиқ раҳбари Жоан Оливерга нисбатан 100 минг евролик фирибгарлик иши бўйича тергов бошлашни буюрди. Бу ҳақда “Sport” нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, бир аёл банк маслаҳатчиси орқали айбланувчиларга тегишли компанияларга 120 минг евро сармоя киритган, аммо ваъда қилинган 6 фоизлик даромадни ҳам, тўлиқ капитални ҳам қайтара олмаган. У фақат 20 минг евро олганини билдирган.

Аввалига судья ушбу шикоятни рад этган эди, аммо Апелляция суди рад этиш “шошма-шошарлик билан қабул қилинган”ини таъкидлаб, ишни қайта кўриб чиқишни буюрди. Суд қарорига кўра, таклиф қилинган сармоялар шаффоф бўлмаган, компаниялар ликвидлик муаммосига эга бўлган ва сармоядорнинг ишончи асосан Лапорта ва бошқа раҳбарларнинг обрўсига таянган.

Бу Лапорта номига киритилган илк шикоят эмас. У илгари CSSB LIMITED компанияси билан боғлиқ бир нечта инвестиция можароларида ҳам айбланган. Айрим сармоядорлар йиллик 6-7 фоизлик даромад ваъдаси билан пул бериб, на фойда, на маблағларини қайтариб олганини билдирган.

Янги иш бўйича сармоя “Реус Депортиу” клубини юқори лигага олиб чиқиш ва Хитойда “Ла Масия” модели асосида футбол академиясини қуриш лойиҳаларига йўналтирилган. Айбловларга кўра, бу лойиҳаларда Лапорта, Юсте, Сала-и-Мартин ва Оливернинг ўзи бевосита иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испаниянинг “Барселона” жамоаси собиқ афсонаси Андрес Иньеста Перу прокуратураси томонидан фирибгарлик иши доирасида тергов остига олинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

фирибгарлик тергов “Барселона” Жоан Лапорта

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг