“Башакшеҳир”да рақобат жуда шиддатли – Шомуродов

Спорт

image

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов нима учун Истанбул жамоасини танлагани, клубдаги ва терма жамоадаги муҳит ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда Шомуродов “Anadolu”га берган интервьюсида айтиб ўтди.  

“Биринчи даврада бироз қийналдик. Яхши формада эмас эдик ва мавсум бошида ўзимиз хоҳлаган натижаларга эриша олмадик. Аммо вазиятни тўғрилаш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилдик. Еврокубоклар учун курашишда давом этамиз, бизда ҳали имконият бор. “Башакшеҳир” билан асосий мақсадимиз ҳам Европа мусобақаларида иштирок этиш, бунинг учун бор кучимиз билан ишлаяпмиз. Ишонаман, иккинчи даврада жуда яхши бошлаймиз ва мақсадларимизга эришамиз”, дейди Шомуродов.


Шунингдек, Элдор Шомуродов 2025 йил сентябрида жамоа бошқарувига келган Нури Шаҳин ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдириб, у билан жамоа сезиларли даражада яхшилангани ва мураббий ҳар бир ўйинчининг ҳис-туйғуларини жуда яхши тушунишини айтиб ўтди.

“Мен кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш учун “Башакшеҳир”ни танладим. Мураббийлар штаби иш услуби ва ўйин услуби мени ҳайратда қолдирди. Ҳозир эътиборим фақат клубга қаратилган. Лигадаги бошқа жамоаларни кўриб чиқмаганман. Ҳозирда жамоа ва Истанбулга кўникиб қолдим. Ишонаманки, қаттиқ меҳнат қилсак, Худо бизни мукофотлайди”, дейди Шомуродов.

Шомуродов жамоада Нуно Да Коста, Дэви Зельке ва Бертуғ Йилдирим каби маҳоратли ҳужумчилар борлигини ва клубдаги рақобат жуда кучли эканини таъкидлади.

“Башакшеҳир”да рақобат жуда шиддатли, шунинг учун баъзан турли позицияларда ўйнашимга тўғри келади. “Тўққизлик” позициясида тўп суриш ёқимли,  агар “ўнлик” да ҳам жамоага ҳисса қўша олсам, мен бунга тайёрман”, дейди у.

Бундан ташқари, Шомуродов Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида тўхталиб ўтар экан, тарихда илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олгани ҳақида фикр билдирди:

“Биз тарихда биринчи марта Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритдик. Бундан ҳамма жуда хурсанд. Ҳозирда тайёргарлик қизғин давом этмоқда. Энг муҳими – мусобақада муносиб иштирок этиш. Гуруҳдан чиқиш учун имконият ҳар доим бор. Биз гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтиб, юқори натижа қайд этишга интиламиз”, дейди футболчи.

Ўзининг энг унутилмас ўйини сифатида Шомуродов Бирлашган Араб Амирликларига қарши ўйинни эслади:

“Бу ўйин менга Жаҳон чемпионатида иштирок этиш имконини берган ўйин эди. Учрашувдан кейин бутун фаолиятим кўз ўнгимдан ўтган эди.”

Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори клубдаги шериги Аббосбек Файзуллаев ҳақида ҳам фикр билдирди:

“Файзуллаев Ўзбекистоннинг ёш истеъдодларидан бири. У дастлаб жамоага мослашишда бироз қийналди, лекин ҳозир ҳаммаси яхши ва Аббосбек дадил ўйнамоқда. Агар Файзуллаев ҳозирги формасини сақлаб қолса, мавсумнинг иккинчи ярмида ажойиб ўйин кўрсатиши мумкин”,  дейди Элдор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Элдор Шомуродов FIFA расмий сайтига интервью бериб, олдинда турган Жаҳон чемпионатидаги иштироки ва саралашдаги муваффақияти бутун Марказий Осиё учун улкан фахр эканлигини айтиб ўтган эди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Элдор Шомуродов Аббосбек Файзуллаев Нури Шаҳин “Истанбул Башакшеҳир”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг