Миллионлаб тирик одамлар азият чекяпти – Шоҳруҳ рэпер Тошкентдаги экологик вазият ҳақида
Жамият
−
24 Ноябрь 6764 2 дақиқа
Машҳур рэпер, халқ депутатлари Чилонзор тумани кенгаши аъзоси Шоҳруҳ Шодмонов Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши ва унинг ортидан авж олган муҳокамалар фонида масъул тузилмалар ҳануз фақат ҳисобот ва изоҳлар билан чекланаётганини айтди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзди.
“Юртимизда ҳаво бузилишини очиқча айтайлик: бу “мавсумийлик” ёки “табиий жараёнлар” эмас – бу бефарқлик натижаси”, дейди депутат.
Шоҳруҳ Шодмонов болалар заҳарли ҳаводан нафас олаётгани, одамлар ниқоб ва тозалагичлар билан ўз соғлиғини ҳимоя қилишга уринаётгани, бироқ ҳамманинг ҳам бундай нарсаларни сотиб олишга имкони йўқлигини қайд этган.
“Аҳоли қўлидан келганини қилмоқда, лекин масъул тузилмалар ҳануз фақат ҳисобот ва изоҳлар билан чекланмоқда.
Экология масъулларига қанчалик мураккаб бўлмасин, бу масала тез, қатъий ва кескин тарзда ҳал қилиниши шарт. Сизларнинг сусткашлигингиздан миллионлаб тирик одамлар азият чекяпти”, дейди Шодмонов.
Шунингдек, у шу кунларда экология масъулларига кенгайтирилган ваколатлар ва реал воситалар берилгани, бу улар учун қаҳрамонларга айланиш имконияти эканини таъкидлаган.
“Агар шундан кейин ҳам ҳеч нима қила олмасангсиз, унда билмадим, сизларни нима деб аташни. Шунинг учун, кўп гапирмасдан амалий жасорат кўрсатинг!” дейди Шоҳруҳ Шодмонов.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 19 ноябрь куни қабул қилинган “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистонда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) ташкил этилиши белгиланганди. Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланади.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь