Бельгия Тошкентда элчихона очмоқчи
Жамият
−
14 Ноябрь 1833 2 дақиқа
Бельгия қироллиги Тошкент шаҳрида элчихона очишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бугун, 14 ноябрь куни мамлакат Ташқи ишлар вазири Максим Превот маълум қилди.
Унинг билдиришича, Марказий Осиё катта стратегик имкониятларни тақдим этади, хусусан, Транскаспий йўлаги (“янги Ипак йўли”)ни ривожлантириш орқали.
“Бу тез суръатларда кенгайиб бораётган минтақа бўлиб, унда Бельгия ўз мавқеини янада кучлироқ намоён қилиши керак. Шунингдек, бу юқори салоҳиятга эга ҳудуд бўлиб, Хитой, Россия, Покистон, Ҳиндистон, Эрон ва Афғонистон билан чегарадош муҳим геосиёсий маконда жойлашган”, дейди Максим Превот.
Унга кўра, Марказий Осиё келгуси ўн йилликда “катта ривожланиш бўронини бошдан кечирадиган минтақанинг келажагига стратегик сармоя” ҳисобланади. Бир қатор хорижий давлатлар буни аллақачон англаб етган ва бу ерга катта миқдорда инвестиция киритмоқда.
Шу сабабли Бельгия Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида элчихона очишни режалаштирмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси ва Бельгия қироллиги ўртасида дипломатик алоқалар 1992 йил 10 мартда ўрнатилган. Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги биринчи элчихонаси эса 1995 йил июнь ойида очилган. Бунгача Марказий Осиё давлатларидан фақат Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Бельгия элчихонаси мавжуд бўлган. Тошкентда эса фахрий консуллик фаолият юритади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойи охирида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Брюссель шаҳрига расмий ташриф доирасида Лакен саройида мамлакат қироли Филипп билан учрашганди. Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.